Жаҳон | 08:20 / 29.10.2018
80272
2 дақиқада ўқилади

Жакартадан парвоз қилган Boeing 737 йўловчи самолёти ҳалокатга учради

Фото: EPA/BAGUS INDAHONO

Lion Air авиакомпаниясининг Boeing 737 йўловчи самолёти Жакарта аэропортидан парвоз қилгач ҳалокатга учради. Бу ҳақда Reuters Индонезия қутқарув хизматларига асосан хабар бермоқда.

Самолёт парвозга чиққанидан кейин тахминан ўн дақиқа ўтиб радарлардан йўқолиб қолган, деб хабар қиляпти Straits Times газетаси.

Нашр маълумотларига кўра, Жакартадан Индонезиянинг Банка оролидаги Панкалпинанг шаҳрига JT-610 рейсини амалга ошираётган Boeing 737 самолёти маҳаллий вақт билан соат 6:20да (Тошкент вақти билан 4:20) парвоз қилган ва соат 6:33да йўқолган.

Flightradar самолётлар парвозларини кузатиш билан шуғулланувчи ресурс маълумотларига кўра, лайнер Ява оролининг ғарбий қирғоғи яқинида денгизга қулаган.

Индонезияда ҳалокатга учраган самолёт бортида 188 киши бўлган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар «Боинг» бўлаклари ва йўловчилар буюмларини денгиздан чиқариб олишни бошлашган.

Қайд этилишича, кемалар ва вертолёт самолёт парчаларини Ява ороли қирғоғига жуда яқин ерда аниқлашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид