Спорт | 01:36 / 30.10.2018
35661
3 дақиқада ўқилади

«Реал» Лопетегини истеъфога чиқарди

Фото: AP

«Реал» жамоа бош мураббийи Хулен Лопетеги билан шартномани бекор қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти маълум қилди. 

Директорлар кенгашининг бу қарорга келишига жамоанинг сўнгги вақтлардаги қониқарсиз натижалари сабаб бўлган. Бугунгача «Кастилья» шуғуллантирган Сантьяго Солари асосий жамоада бош мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Аргентиналик мутахассис 30 октябрдан ўз вазифасига киришади. 

«Реал» 28 октябрь куни Ла Лига доирасида «Барселона»га қарши ўйнаб, 5:1 ҳисобида мағлубиятга учради.

 Хулен Лопетеги клуб президенти Флорентино Перес даврида энг кам муддат ишлаган иккинчи мураббий бўлди. Бунга қадар 2004 йилда жамоага устозлик қилган Хосе Антонио Камачо тайинловдан 117 кун ўтиб ўз хоҳиши билан лавозимидан озод этилганди.

Эслатиб ўтамиз, Хулен Лопетеги шу йилнинг 12 июнида «Реал» билан 3 йиллик шартномага имзо чеккан эди. У бу вақтда Испания терма жамоасини бошқариб турган, аммо клуб билан битим имзолангани маълум бўлгач, лавозимидан озод этилганди.

Лопетеги «қироллик клуби» устози сифатида илк ўйинини УЕФА Суперкубогида «Атлетико»га қарши ўтказган ва қўшимча бўлимларда ўтказиб юборилган голлар сабаб 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўтган вақт давомида испаниялик мутахассис клубни 14 ўйинда майдонга бошлаб чиқиб, 6 тадан ғалаба ва мағлубият, 2 та дуранг натижа қайд этди.

Ла Лиганинг 10-туридан сўнг «Реал» етакчи «Барса»дан 7 очкога ортда қолган ҳолда 9-ўринда бормоқда.

Эндиликда «Реал»ни Сантьяго Солари вақтинчалик бош мураббий сифатида бошқариб туради. Аммо у, федерал тартибга мувофиқ, ушбу мақомда узоғи билан 15 кун муддат фаолият юритиши мумкин. Матбуотда «қаймоқранглилар» раҳбарияти италиялик мураббий Антонио Конте билан тезкор келишувга эришишнинг имконини топа олмагани, тайинлов келаси ҳафтага қолдирилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, «қироллик клуби» эртага Испания кубоги доирасида «Мелила» жамоасига қарши баҳсда майдонга тушади. Шундан сўнг жамоа 3 ноябрда (шанба) «Вальядолид»ни қабул қилса, 7 ноябрь куни ЕЧЛ доирасида Плзеннинг «Виктория» клуби меҳмони бўлади.

Мавзуга оид