Ўзбекистон | 10:29 / 31.10.2018
11464
5 дақиқада ўқилади

Пахта етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида президентнинг “2019-2023 йиллар даврида пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаш Республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланиши мумкин.

Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

томчилатиб суғориш тизимлари ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш;

пахта хом ашёсини етиштириш учун томчилатиб суғориш тизимлари ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга талаб қилинадиган полиэтилен грануласи миқдорини аниқлаш, белгиланган тартибда квота ажратишни ва имтиёзли нархларда тўғридан тўғри шартномалар асосида беришни ташкил қилиш ҳамда ажратилган полиэтилен грануласидан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг ўрнатиш;

томчилатиб суғоришда ишлатиладиган импорт ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турига зарур техник талаблар белгилашни ташкиллаштириш;

пахта хом ашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича ишларини жойларда мақсадли ўрганиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриш.

Белгилаб қўйилишича, 2019-2023 йиллар даврида пахта хомашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимлари:

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерлари ҳамда бошқа пахта хомашёсини етиштирувчи ташкилотлар томонидан уларга пахта етиштириш учун берилган майдонларда;

фермер хўжаликлари томонидан уларга ижарага берилган ер майдонларида босқичма-босқич жорий қилинади.

Пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш ва уларининг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёлари ҳамда махсус техника, машина ва механизмлар харид қилишнинг молиялаштириш манбаи қилиб қуйидагилар белгиланади:

халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит ва грантлари;
тижорат банклари кредитлари;
давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар;
кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хомашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ўз маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан биргаликда 2019-2023 йилларда пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш технологияларини босқичма-босқич жорий этишда талаб этиладиган маблағларни халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит ва грант маблағларини жалб этиш юзасидан тегишли чоралар кўради.

Белгиланишича, 2019-2023 йиллар даврида:

тижорат банклари томонидан кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ажратилган тижорат банклари кредитларининг фоизларини қоплаш учун давлат томонидан белгиланган тартибда субсидиялар ажратилади;

кредит маблағларини ажратишда суғурта компанияларининг кредитнинг қайтмаслик хатарининг суғурталанганлиги тўғрисидаги полиси, кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган томчилатиб суғориш тизимлари қийматининг 80 фоизи ва бошқа мол-мулклар гаров предмети бўлиб ҳисобланади;

замонавий томчилатиб суғориш технологияси, уларнинг технологик асбоб-ускуналари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, махсус техника ва механизмлар ҳамда зарур хом ашё материаллари (фақат томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган қисми учун) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) тўлиқ озод қилинади;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида томчилатиб суғориш тизимлари бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2019-2023 йиллар давомида барча (қўшимча қиймат солиғидан ташқари) солиқлардан озод қилинади;

ушбу солиқлардан озод бўлган маблағлар корхонанинг моддий техник базасини яхшилашга йўналтирилиши алоҳида назоратга олинади;

замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилишга сарфланган маблағларнинг кластерлар ва бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотларга 25 фоиз қисми, фермер хўжаликларига 50 фоиз қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия тариқасида қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид