Ўзбекистон | 13:38 / 01.11.2018
6682
2 дақиқада ўқилади

2017-2018 йилларда асосий истеъмол товарлари ўртача нархлари қанчалик ўзгарди?

Фото: Flickr

Давлат рақобат қўмитаси республика ички бозорларида асосий истеъмол товарлари ўртача нархларининг 2017-2018 йиллардаги ўзгариши тўғрисида солиштирма маълумотни тақдим этди.

Маълумотга кўра, турғун савдо шохобчаларида шу йилнинг 30 октябрь ҳолатига қолипли нон (500-600 гр) нархи 1060 сўмни ташкил этган. 2017 йилнинг октябрида худди шундай нон нархи 650 сўмга тенг бўлган.

Хориждан келтирилган олий навли уннинг бир килограмми ўтган йил октябрида 3435 сўм бўлса, ўтган ойда 3325 сўмни ташкил этган. Арзонлашиш тенденцияси 1-навли импорт ун мисолида ҳам кузатилган – 2017 йил октябрда бундай уннинг бир килограмми 2925 сўм, шу йил октябрда эса 2825 сўмга тенг бўлган. Аксинча, 1-навли маҳаллий ун нархи қимматлашган – бир килограмми 1750 сўм (2017 йил октябрда 1050 сўм).

Хориждан келтириладиган ўсимлик ёғи (2017 йилда бир литри 10680 сўм, шу йил октябрда 10430 сўм), шакар (5250 сўмдан 4860 сўмга) ҳам арзонлашган.

Маълумотда келтирилишича, истеъмол бозорларида ўтган ойда бир дона тухум нархи 590 сўм бўлган (2017 йил октябрда 500 сўм). 

Гуруч эса ўтган йилнинг октябрига нисбатан роппа-роса икки бараварга қимматлашиб, бир килограмми 7250 сўмни ташкил қилган.

Мол ва қўй гўштлари 2017 йил октябрда мос равишда бир килограмми 28900 ва 29600 сўмга тенг бўлган, ўтган ойда эса 36700 ва 37250 сўмни ташкил этган.

Товуқ гўшти эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан арзонлашган – бир килограмми 16430 сўм (2017 йил октябрда 18750 сўм).

Картошка (3000 сўм), пиёз (1875 сўм) арзонлашган бўлса - мос равишда 2380 сўм ва 1015 сўм, сабзи 1600 сўмдан 2065 сўмга, помидор 1580 сўмдан 4450 сўмга қимматлашган.

Мавзуга оид