Чемпион ҳикоялари. Пеле лақабининг келиб чиқиши, Гарринчанинг «қовуни» ва бошқалар ҳақида
Футбол қироли Пеле 23 октябрь куни 78 ёшини қарши олди. Қўйида сиз ThePlayersTribune лойиҳаси ижодкорлари ёрдамида тайёрланган мактубни ҳавола қиламиз. Бу хатда бугунги Пеле ўзининг беш ёшли пайтига, Бауру шаҳарчасидаги Эдсон исмли болакайга хитоб қилади.
Қадрли, Эдсон. Ёки Дико... Оилангдагилар сени шундай деб чақиришни яхши кўришади. Мени яхшилаб эшит.
Сизлар Трес Корасойнсдан кўчиб кетаётганларингда, ойингнинг эски пайпоқларини ҳам ўзинг билан олишни унутма. Сен ҳали ёшсан, ҳали бешга ҳам кирганинг йўқ, балки тушунмайсан, аммо буни унутма. Агар эсингдан чиқса, балки бутун ҳаётинг бошқача бўлиб кетиши мумкин.
Сизлар Бауру деб номланган жудаям кичкина шаҳарга кўчиб келасизлар. Бунинг сабаби, отанг – футболчи, у «Бауру Атлетико» клубида ўйнаши керак. У ерда жуда кичик уйларинг бўлади. Шу даражада кичикки, аканг билан бир кароватда ётишларингга тўғри келади. Бу жуда ноқулай, лекин бошқа тарафдан, бундай нарсалар у билан жуда яқин бўлишларингга ҳам сабаб бўлади.
Ҳовлида майса йўқ. Фақат тупроқ ва лой. Бу сенинг илк футбол майдонинг бўлади. Кейин бошқачаларини ҳам кўрасан, катта майдонларда ўйнайсан, бу ҳақида кейинроқ айтиб бераман. Ҳозирча бори шу, ўртоқларинг билан бамбук шохларини кесиб, дарвоза ясайсизлар. Тўп сотиб олиш учун пулларинг йўқ. Боя пайпоқ ҳақида шунинг учун айтгандим. Пайпоқ ичига эски газеталарни тўлдириб, тўп ясаш мумкин.
Тўғри, бундай тўплар у қадар юмалоқ бўлмайди. Аммо чидаса бўлади. Сизлар эрта-ю кеч майдонда тўп тепасизлар ва ҳамма сизларни The Shoeless Ones деб атайди. Менимча, ҳозир бу хатни ўқишдан тўхтаб, бориб ойингдан кечирим сўра. Чунки ҳали жуда кўп марта унинг пайпоқларини ишлатишингга тўғри келади.
Эҳ, ойи... У жуда ажойиб аёл. Буни сенга ёзаётганимда у 99 ёшга кирди, лекин ҳозир ҳам ундан қўрқаман. Олдига бориб бирор мавзуда гап очсам, «бу ер менинг уйим ва менинг айтганим бўлади» дейди нуқул. У доим оилада хўжайин бўлган. Отанг асосан футбол жамоаси билан сафарларда бўлади. Сизлар учун қайғурадиган, озгина пулни сен, аканг ва синглингнинг еб ичиши, кийиниши ва китоблари учун етказишга уринадиган асосан ойинг бўлади. У сизларга жуда кўп муҳим нарсаларни ўргатади.
Масалан, манго воқеаси. Қўшнингникида манго дарахти бор. Бир куни уйга манго кўтариб келасан. Ойинг сендан сўрайди: «Дико, бу мангони қаердан олдинг?».
- Буни мен йўлнинг нариги тарафидаги Донна Марияларникидан олдим.
- Лекин сен ундан рухсат сўрадингми?
- Ҳа, албатта, албатта.
- Яхши, Дико, кетдик, Донна Мариядан сўраб келамиз.
Ҳа, уни алдаб бўлмайди. Кейинроқ бу воқеани эслаб, уялиб қоласан. Бу жуда катта дарс бўлади – гап бу ерда мангода эмас, Эдсон. Бу ерда муҳими бошқаларни ҳурмат қилиш.
Энди отанг ҳақида гаплашамиз. У сенинг кўчада футбол ўйнашингни томоша қилиб ўтиради. Сен баъзида бир, икки, ҳатто тўртталаб гол урасан, аммо ҳеч қачон унинг кўнгли тўлмайди. Доимо сенинг ўйинингдан бирор камчилик топиб, қаерда қандай ҳаракат қилишинг кераклигини айтаверади. Кўпинча унинг танбеҳларини тушунмай тураверасан.
«Йўқ, унақа демоқчи эмасман, сен фақат гол уришни эмас, бошқа ҳаракатларни ҳам ўрганишинг керак». Бу ўша пайтда айтилган гап, лекин эсингдан чиқмайди. Чунки орадан йиллар ўтиб, «Сантос» билан чемпион бўлган пайтларингда ҳам отанг яна шу фикрларни айтиб тураверади. У доимо ўйинингдан камчилик топа оладиган ягона инсон.
- Сен мана бу ерда нотўғри томонга югурдинг, нимага?
- Дада, лекин биз 4:1 ҳисобида ютдик-ку?
- Сен янада яхшироқ ўйнашинг мумкин эди, шунга ҳаракат қилишинг керак.
Ҳар доим шу аҳвол. У бир ўйинда бешта гол урган. Бразилияда рекорд ҳисобланади. Сен эса...
Бир куни 1000-голингни урасан. Пенальтидан бўлса ҳам, ахир юбилей гол, ўз жамоанг мухлисларидан тортиб, бутун дунё сени кузатмоқда, бу голни уришингни истамоқда. Ҳақиқий байрам. Голни урасан, ҳамма хурсанд, сенга соврин беришади, ҳамма ерда расмларинг тарқаб кетади, тарих китобларига кирасан. Айни шу паллада эса, отанг қулоғингга шивирлайди: «Мен бир ўйинда бешта гол урганман, сен эса йўқ!»
Кулиб юборасан, лекин у доим сенга мотивация топиб бера оладиган, шу даражага етишингга сабабчи бўлган инсон, шундай эмасми? Сен доимо уни дунёдаги энг зўр футболчи деб ҳисоблайсан ва доим у каби ўйнашга ҳаракат қиласан. Сен отангнинг ўша натижасини қайтара олмайсан, лекин шунчалик кўп гол урасанки, Пеле номини бутун дунё эшитади.
Пеле? Ким у Пеле? Ахир сенинг исминг Эдсон, америкалик машҳур ихтирочи Томас Эдисон шарафига ота-онанг сенга шу исмни қўйишган. Сен ўз исминг билан фахрланасан, биламан: Эдсон Арантес ду Насименту. Аммо...
«Атлетико Бауру»да бир дарвозабон бор, исми Биле. Бир куни мактабда ўртоқларинг билан гаплашиб туриб, «Пеленинг сейвини кўрдингларми?» деб юборасан. «Унинг исми Пеле эмас, Биле» – деб кулишади ўртоқларинг.
Шу-шу улар сенинг жиғингга тегаверишади, «Пеле» деб чақиришади. Бу ҳазиллар сенга шунчалик ёқмайдики, бир куни ҳатто катта уруш бўлиб кетади. Мактабда сени икки кунга ҳайдаб юборишади. Бу ҳақида ойинг эшитса борми.. Эҳ, бечора бола...
Шу кундан эътиборан, бутун мактабга сен Пеле номи билан танилиб кетасан. Аммо ҳеч қачон Эдсон исмли болакайни унутма! Ўша болани доим қалбингда ва ақлингда сақла, тушундингми?
13 ёшда жиддий равишда футбол билан шуғуллана бошлайсан. Отангнинг жамоаси бўлмиш «Бауру»нинг ёшлар таркибида ўйнайсан, сен учун янги давр бошланади. Айнан шу ерда дастлабки пулларингни ҳам топасан. Катта футболчиларнинг оёқ кийимларини тозалаб, улардан бир икки танга ишлайсан. Катта пуллар эмас, лекин йиғиб, энди ниҳоят ҳақиқий тўп сотиб олиш мумкин.
Кейин эса, Валдемар Де Брито билан танишасан. У сен учун жуда муҳим инсон, чунки айнан у туфайли сен «Сантос» билан боғланасан.
«Пеле, сен жуда яхши футболчи бўлиб етишишинг мумкин. Аммо ҳеч қачон сен ўзингни энг зўр деб ўйламагин. Ҳеч қачон ўзингни Худо деб билмагин. Қўлингга катта пуллар келганида, келажак учун сақлаб қўйгин, дарров сигарет ёки кофе сотиб олишни хаёлингга келтирма. Доим ўша Баурудаги болакай бўлиб қолишинг керак».
Бу гапларни унутма.
«Сантос» яхшироқ. Сен бу ерда йигирма йилга яқин тўп сурасан. Сенга дунёнинг жуда кўп машҳур клубларидан таклифлар тушади, «Милан», «Реал» каби жамоалар сени ўз сафида кўришга ошиқади. Аммо сен рози бўлма. Қайтараман, ҳеч қаерга кетма. Ахир бу ер қалбингга яқин, сен «Сантос»даги дўстларинг билан нафақат Бразилия ва Жанубий Америкада, балки бутун дунёда энг кучли жамоага айланасиз. 1962 йилда Қитъалараро кубокни қўлга киритасиз, бир неча бор Бразилия чемпиони бўласиз. Дунё бўйлаб саёҳат қилиб, ўртоқлик ўйинларида майдонга тушасизлар. Ҳатто бир марта сенинг ўйинингни томоша қилиш учун Конгода урушни тўхтатиб туришади.
Бундан ташқари, терма жамоа ҳам бор. Сен 17 ёшингдаёқ Бразилия сафида Швецияга, жаҳон чемпионатига ташриф буюрасизлар. Ҳа, айтганча, яна бир воқеани гапириб берай.
Ўша пайтларда батареяга ишлайдиган радиолар эндигина чиққан, ҳали бунақаси Бразилияда йўқ. Швеция магазинларидан бирида ўшанақа радио сенга ёқиб қолади. Радиодан қандайдир швед бошловчисининг овози янграётганди.
- Пеле, буни нимасини эшитяпсан? – деб ҳайрон бўлади Гарринча.
- Ажойиб нарса экан! Мен буни сотиб олмоқчиман.
- Йўқ, йўқ, нима қиласан? Ахир нима деяётганини тушуниб бўлмаяпти-ку?
Эҳ, у билмайдики, радиони Бразилияга олиб борсак, ўз мамлакатимиздаги тўлқинлар ушланади ва у ерда португал тилида гапиришади. Гарринча буни билганида, устидан шунақа куласанки...
Қайғули томони шундаки, сен худди ҳамма сенинг мамлакатинг ҳақида билади деб ўйлайсан, аммо ундай эмас. Бу сени хафа қилади. Ҳеч ким Бразилия қаердалигини билмайди, «Бу қаер, Аргентинада жойлашганми?». Сен кулиб қўясан, аммо ичингда хомуш тортасан – наҳотки одамлар менинг уйим, менинг ватаним ҳақида ҳеч нарса билмаса?
Аммо хавотирланма! 1958 йилни Жаҳон кубоги финалидан кейин ҳамма билиб олади.
Чунки сизлар у ерда чемпион бўласизлар. Бу рост. Бу сенинг уч чемпионлигингдан биринчиси бўлади. Ўйин тугагач, сен ўзингни ерга ташлаб, ётиб оласан. Бу лаҳзаларни сўзлар билан тасвирлаб бера олмайман. Жамоадошларинг сени турғазишганда, йиғлаётган бўласан. Эдсон, сен кейин ҳам кўп йиғлайсан, умуман жуда ҳиссиётли одамсан, сал нарсага йиғи келаверади.
Жаҳон кубоги – фақат сен учун эмас, бутун мамлакатинг учун орзу. 1970 йилда ҳам йиғлайсан, энди бу сафар сен учун сўнгги жаҳон чемпионати якунланаётган бўлади. Бу кўз ёшлар сал фарқлироқ. Буниси қийинроқ. Тангридан бу сен учун сўнгги имконият эканлигини, бу ерда ғалаба қозонишга мадад беришини сўраб ёлворгин.
Футболни тарк этганингда, эслаганда сени энтиктирадиган жуда кўп воқеаларни бошдан кечирган бўласан. Масалан, гол уриб, одамлар орасига югурганингда, бахтдан маст бўлган ёки қувонч кўз ёшлари оқаётган хурсанд чеҳраларни кўриш... Бу онлар сенинг одамлар учун нақадар аҳамиятли эканингни исботлайди гўё.
Яна бир воқеа борки, ҳеч қачон эсингдан чиқмаса керак. 1968 йилда Колумбиядаги ўйинда бўлган воқеа. Ўйин пайтида жамоадошинг Коутиньо ва колумбиялик футболчи тортишиб кетади. Кўпчилик қатори сен ҳам вазиятга аралашиб, уларни ажратиб қўйишга ҳаракат қиласан. Аммо ҳаммаси тинчигач, қарасанг, ҳакам сенга қизил карточка кўрсатиб турибди.
Сен ёмон иш қилмаганингни ҳар қанча тушунтирсанг ҳам, ҳакам ишонмайди, чунки Коутиньо ҳам сенга ўхшаб кетади. Ҳакам жанжални сен бошлагансан, деб ўйлаётганди. Сен жаҳл билан майдонни тарк этасан, ечиниш хонасига кириб, бутсаларингни ечаётганингда ташқаридан ғалати овозлар кела бошлайди. Бир пайт мураббий орқангдан шошилганча югуриб келади.
- Пеле, қайт, майдонга қайтишинг керак!
- Нима? Мен қайтолмайман, ахир қизил карточкам борку?
- Йўқ, тушунмаяпсан. Оёғингга кий, мухлисларни тинчитиб бўлмаяпти, улар сени қайтаришларини талаб қилишяпти.
Бунақаси бўлмаган. Мухлислар сенинг чиқиб кетганингни кўриб, ҳакамнинг хатосидан норози бўлишган ва сени қайтаришларини сўраб туриб олишган. Хато қилган ҳакамни эса, бошқасига алмаштиришибди. Томошабинлар, аслида рақиб жамоанинг мухлислари бўлса-да, бунга рози бўлишмаган, улар сенинг ўйнашингни кўргани йиғилишганди.
Сен майдонга қайтганингда, бутун стадион олқишлай бошлайди. Кўряпсанми, бу сенинг одамлар учун жуда муҳим эканингни кўрсатади.
Худо сенга ажойиб тақдир инъом этди. Сен ундан миннатдор бўлишинг керак. Ва албатта, Ундан яна бир нарсани доим сўра, дуо қил. Ҳар куни.
Биласанми, бразилияликлар жуда ажойиб одамлар. Бизда ажойиб овқатлар, мусиқа, маданият бор. Аммо муаммолар ҳам кўп. Жиноятчилик ва камбағаллик ҳали ҳам кўп. Орадан шунча йил ўтиб, мана, Эдсон, мен сенга буларни ёзаётган пайтимда ҳам кўп нарса ўзгармаган.
Сен Худодан Бразилия яхшироқ бўлишини сўрагин. Ҳозир ҳам Бразилияда оёқяланг тўп тепиб юрган болакайлар бор. Ҳозир ҳам пулига тўп сотиб ололмай, пайпоқлардан тўп ясаб юрганлар бор, Ҳозир ҳам у ерда манго ўғирлаб юришибди. Бу жуда қайғули... Футбол уларнинг ҳаммасига сенга берган нарсаларни бера олмайди.
Энг бахтли онинг қайси айтайми? Туғилган пайтинг... Чунки сен ажойиб оилада дунёга келдинг, улар сенга яхши муносабатда бўлишди, ўқитишди. Шунинг учун ҳам, ҳозиргача қайси мамлакатга борсанг, эшиклар очиқ. Инсонлар сенга жуда катта муҳаббат билан ёндашишди, сен ҳам уларга жавоб бериш учун қўлингдан келганини қилишинг лозим.
Доим ўша бразилиялик болакай бўлиб қол. Эдсон бўлиб қол. Уч сўзни ёдингдан чиқарма: ҳалоллик, сабр ва ҳурмат.
Эдсон Арантес до Насименто/ThePlayersTrubune
Мавзуга оид
01:43 / 30.12.2022
«Алвидо, Қирол». Пеле мероси ҳақида
00:36 / 30.12.2022
Пеле вафот этди
13:24 / 28.12.2022
«Футбол қироли саратон билан курашда тобора таслим бўлмоқда». Пеленинг аҳволи оғирлашди, Бразилияда тайёргарлик бошланган
09:33 / 04.12.2022