Журналист Давлатназар Рўзметовнинг ҳибсга олиниши ва суд қилиниши тафсилотлари маълум бўлди
29 октябрь куни «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари, журналист Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани Маъмурий ишлар бўйича суд қарорига кўра 7 суткага қамалди.
25 октябрь куни Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани ҳокимлигида ўтказилган кечки йиғилишда қатнашган. Шундан сўнг, тунда у Хива туманидаги наркология диспансерига олиб кетилган ва эрталаб қўйиб юборилган. 29 октябрь куни эса хизмат вазифасини ўтаётган пайтда, Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ушланган. Бу воқеани «Журналист Давлатназар Рўзметов нега қамоққа олинди?», деган мақоламизда ёритган эдик.
Биз Қўшкўпир тумани ҳокимлигидаги йиғилишда бевосита қатнашган «Нуроний» хайрия жамғармаси раҳбари Султонназир Ўрозметов билан суҳбатлашдик. У қуйидагиларни маълум қилди.
«25 октябрь куни Хоразм вилояти ҳокимининг видеоселектори бўлди. Мен ҳам қатнашдим. У тугагач, Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов кичик мажлис қилди. Унда пахта теримида фаол иштирок этганларга ёғ тарқатиш масаласи кўрилди. Шу пайт залнинг орқа томонидан кимдир «Бу очиқ мажлисми ёки ёпиқми? Мен «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосариман. Агар очиқ бўлса иштирок этаман», деган овоз келди. Бу гапни бир неча марта, бақириб, тўхтамасдан такрорлади. Шунда мен ҳайрон қолиб, орқага ўгирилиб қарадим ва Давлатназар Рўзметов эканини кўрдим. Ҳоким «Очиқ мажлис», деганидан сўнг, у жойига ўтирди. Шундан сўнг, йиғилиш қисқа вақт давом этди ва унинг охирига қадар ҳеч қандай жанжал ёки ёқалашув бўлмади.
Мажлисдан сўнг, Давлатназар олдимга келди ва биз бироз суҳбатлашдик. Шунда унинг сўзлари бежо эканини сездим, балки ширакайф бўлганлигидандир, билмадим. Хуллас, унинг ҳолатидан ҳайрон бўлдим. Кейин милиция формасини кийган икки ходим келиб, «Юринг, сизга гапимиз бор», деб Давлатназарни олиб кетишди, бор гап шу», - деди Ўрозметов.
Давлатназар Рўзметовнинг ҳибсга олиниш тафсилотларини аниқлаш мақсадида, «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири Эрпўлат Бахт билан суҳбатлашдик.
«29 октябрь куни тушдан кейин Давлатназар Рўзметов билан телефонда суҳбатлашдим. У менга: «Урганч шаҳридаги халқаро математика олимпиадасидаман. Менга милиция ходимларидан тинмасдан қўнғироқлар бўляпти, қамаб қўйишса керак деб хавотир оляпман, нима қилай?», - деди. Шундан сўнг, гапи узилиб қолди ва бирдан ғала-ғовур бошланиб кетди. Алоқа узилмагани ва телефонни ўчирмагани боис, у ердагиларнинг гап-сўзларини эшитиб турдим. Давлатназар милиция ходимлари билан тортишиб турганини билдим. Шундан сўнг, алоқа узилди.
2 соатлардан кейин қўнғироқ қилсам, ўзи жавоб берди. «Мени маъмурий судга олиб келишди, суд қилишмоқчи, қамаб қўйишмоқчи, ёрдам берарсиз», деди. Шундан кейин алоқа батамом узилди. Ярим тунгача унга қўнғироқ қилдим, охири бир одам жавоб берди. «Мен Болтабой Матқурбановман, Давлатназар 7 суткага қамалди, судда ўзим қатнашдим», деб айтди», - деди Эрпўлат Бахт.
Давлатназар Рўзметов устидан ўтказилган Қўшкўпир тумани маъмурий судида қатнашган, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси мухбири Болтабой Матқурбанов бизга қуйидагиларни маълум қилди.
«Давлатназар Рўзметов билан яқиндан танишмиз, касбимиз доирасида кўп ҳамкорлик қилганмиз. 29 октябрь куни менга қўнғироқ қилиб, «Мени суд қилишмоқчи, Қўшкўпир тумани маъмурий судига келинг, илтимос», деб айтди. Зудлик билан суд биносига келдим ва суд мажлисида қатнашдим. Унда 3 нафар гувоҳ кўрсатма берди. Улар мажлис залида бўлган воқеани айтиб беришди. Улар шу ҳокимиятда ишлайдиган ходимлар экан. Суд тез тамом бўлди. Давлатназар 183-модда бўйича айбдор деб топилди ва 7 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Шундан сўнг, Давлатназарнинг қўлига кишан солиб, олиб кетишди», - деди Матқурбанов.
Эслатиб ўтамиз, Давлатназар Рўзметов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Бу модда майда безорликни, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликни кўзда тутади. 183-моддага асосан жавобгар шахслар энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
13:30 / 01.11.2024