Ўзбекистон | 20:40 / 02.11.2018
40847
4 дақиқада ўқилади

Ис гази ё овқатдан заҳарланиш. Мутасаддилар муаммога бефарқми?

Тошкентда бир оиланинг тўрт фарзанди заҳарланишдан вафот этди. Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси яшовчи оиланинг фарзандлари, дастлаб, таомдан заҳарлангани айтилди. Бу воқеа 31 октябрь куни юз бериб, шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев илгари сурилган фаразни инкор этувчи экспертиза хулосасини маълум қилди.

Унга кўра, 2018 йил 31 октябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро А.Акбаров хонадонида рўй берган фожиали ҳолатга таом эмас, балки ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган. Акбаров кечки соатда уйга қайтган ва турмуш ўртоғининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида шифокорларга мурожаат этишмаган. Уйнинг бошқа қаватида ухлаётган, 22 ёшли тўнғич қиз, 2001, 2003 йилларда туғилган қизлар ва оиланинг кенжаси 2012 йилда туғилган ўғил эса беҳуш ҳолда ётганини кўрган ва тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Kun.uz»га хабар қилишича, айни пайтда ис газидан болаларнинг онаси ҳам енгил даражада ўткир заҳарланган. Унга айни пайтда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, шифокорларнинг айтишича, унинг аҳволи қониқарли. Маълумотларга қараганда, хонадон эгалари Дилхуш кўчасида янги қурилган 3 қаватли бинога яқинда кўчиб ўтишганди. Уй ертўлада ўрнатилган, табиий газда ишлайдиган иситиш қозони орқали иситилади.

Шундан сўнг, шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Мазкур комиссияга Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қилади. Мос равишда вилоят ва туманларда ҳам намунавий кўринишда комиссиялар тузилади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар тез-тез учраб турибди. Дастлаб 18 октябрда Янгийўлда 2 киши, сўнг 28 октябрда Риштонда 2 киши айнан ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этишган. Жорий йилнинг 9 ярим ойи давомида Самарқанд вилоятида 12 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, Тошкент вилоятида 6 нафар фуқаро газдан нотўғри фойдаланиш натижасида юзага келган бахтсиз ҳодисалардан вафот этган. Жумладан, 2018 йилнинг 9 ойи давомида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларга кўра, газ ва ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнашлар 28 маротаба, маиший газ балонлари носозлиги сабаб 11 маротаба ис гази содир бўлиши натижасида 30 киши заҳарланган.

Аммо, овқатдан заҳарланиш ҳолат ҳам йил давомида кўп марта кузатилди.

Бир неча кун аввал 17 киши Самарқандда ҳот-догдан, Қаршидаги тўйхонада эса 23 киши турли озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишган. Бундан ташқари, Андижон, Навоий, Бухоро вилоятларида ҳам оммавий заҳарланиш ҳолатлари кузатилган. Ўтган йили Тошкент шаҳрида бир оиланинг уч фарзанди кабобдан заҳарланиш оқибатида вафот этганди. Чустда одамларнинг овқатдан оммавий заҳарланиши ҳақидаги тарқалган хабар Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази томонидан инкор этилди.

Ачинарлиси, сўнгги вақтда фуқароларнинг озиқ-овқатдан ва ис газидан заҳарланиши каби кўнгилсиз воқеалар тўғрисидаги хабарлар ОАВда тез-тез такрорланиб турган бўлса-да, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишга етарлича аҳамият қаратилмаяпти. «Ўзтрансгаз» томонидан 9 ой давомида 3540 та ўқув ва 396 та назорат машқи ўтказилган. Газдан фойдаланиш талабларига жавоб бермайдиган 713 та объект фаолияти вақтинчалик, 188 та объект фаолияти эса бутунлай тўхтатилган. Аммо, амалий ишлар шу соҳада юз бераётган кўнгилсизликлар сонини камайтиришда сезиларли таъсир кўрсатмаяпти. Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари бўйича асосли таҳлил тақдим этолмаяпти, ҳудудларда эса қонунбузарлик ҳолатларини ўрганиш сустлашган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид