Жамият | 19:56 / 02.11.2018
65649
5 дақиқада ўқилади

Орамизда шундай инсонлар ҳам бор...

Сурхондарёда аҳолига ижтимоий таъминот ўз вақтида кўрсатилмоқдами?

Сўнгги вақтларда кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган ёки туғма ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан эътибор сезиларли даражада ортиб бормоқда. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бундай инсонларга максимал даражада ҳар томонлама ёрдам бериш зарур. Ижтимоий таъминот масаласи ҳаракатлар стратегиясига киритилгани сўзимизнинг яққол мисоли бўлади. Мазкур сиёсат жойларда амалга оширилишида ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғинининг ўрни жуда муҳим. Бироқ бу сиёсат маҳаллий ҳудудларда тўлиқ амалга оширилмоқдами? Ёрдамга муҳтож инсонларга вақтида улар томонидан кўмаклар бериб келинмоқдами?

Яқинда «KUN.UZ» таҳририятига Сурхондарё вилояти Узун туманидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида тумандаги «Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Йўлдошев Назарали аканинг хонадонига бордик.

Youtube'да кўриш

Facebook'да кўриш

Хонадон вакиллари жуда ночор аҳволда кун кечиради. Ҳовлида икки хонали уй бор. Уч ака-ука оиласи билан тор ва таъмирталаб уйда яшайди. Ундан ташқари хонадонда иккита ногиронлиги бўлган одам бор. Назарали аканинг турмуш ўртоғи оилавий шароитини ва бўлиб ўтган воқеаларни тўлиқ тушунтириб берди.

«Бир неча бор керакли жойларга мурожаат қилдик. Туман ҳокимлигига ҳам. Ҳар сафар ходимлар келади-да расмга тушириб, ёрдам берамиз деб ваъда бериб кетади. Шу билан йўқ. Умид бериб куттиришдан нима наф? Топган даромадимиз харажатлардан ортмайди. Нафақаларимиз ҳам рўзғорга кетмоқда. Қиш яқин, ҳаво совийди. Уйни ҳам таъмирлатишимиз  керак. Нолимаймиз, 10 қоп цемент бериб кетишди. Лекин бошқа материалларга пулимиз бўлмаганидан кейин таъмирни бошлай олмаяпмиз.

Яқинда ҳам давлат томонидан моддий ёрдам берилади ва кам таъминланган оилаларга сигир тарқатилади деб рўйхат тузишди. Рўйхатда биз ҳам бор эдик. Бироқ ҳали ҳам сигир берилмади. Кейин мурожаат қилдик. Ўрнига пишириш печи бериб кетишди. Сигир берилмас эмиш. Унда нега рўйхат тузишди? Биз тушунмадик.

Кўпчилик яшаётганимиз сабабли ер берилади дейилди. Аммо ердан ҳам дарак йўқ. Ҳокимнинг қарорини кўрмадик ҳали», - деди Назарали аканинг турмуш ўртоғи.

Шундан сўнг, Узун туман ҳокимиятига изоҳ олиш учун бордик. Ҳокимликда ижтимоий масалалар билан шуғулланувчи мутахассис - Бахтиёр Нарзиқуловга учрашдик. Мурожаатчи яшайдиган М.Ф.Й раиси келиши билан биргаликда тушунтириш беришини айтди. «Баҳористон» М.Ф.Й раиси Собир Ражабов келиб бўлган воқеаларга ўз фикрларини билдириб ўтди.

Унинг айтишича, ер масаласи бўйича фуқаро билан жойига бориб ўлчаш ишлари амалга оширилган. Ҳоким қарори чиқиш арафасида. Сигир масаласида рўйхат шаклланган. Маҳалла раиси рўйхатда Назарали Йўлдошев ҳам борлигини тасдиқлади. Агар ажратилса, оилага ҳам берилишини таъкидлади. Пишириқлар пишириш печи давлат томонидан совға сифатида берилганини тушунтирди. Уйнинг таъмири масаласида эса ҳисоб палатасидан яқинда ходимлар келганда ҳам режага киритилганини билдирди ва яна фуқарога 500 кг цемент ҳам ёрдам тариқасида берилганини қўшимча қилиб ўтди.

Маълумот учун, 2013 йил 15 февралда «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» Вазирлар Маҳкамасининг 44-сонли қарори тасдиқланганди. Қарорга кўра, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби ўрнатилган. Бундан ташқари, айнан шу соҳага оид бир нечта қарор ва фармонлар ҳам қабул қилинган.

Ўзбекистонда инсон манфаати барчасидан устун экани тинмай таъкидланмоқда. Лекин булар қоғозларда қолиб кетмаслиги керак. Ҳаммаси бирин-кетин ҳаётга татбиқ қилинмоғи лозим. Ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам жуда кўпчилик кузатиб турибди. Аввало ўз келажагимиз, қолаверса халқаро майдондаги имиж учун ҳам инсон манфаатларини барчасидан устун қўйишимиз зарур.

Узун туман ҳокимиятидан эса фуқаро номига ер бўйича қарорни чиқариб беришларини кутиб қоламиз. Шу билан бирга, ижтимоий таъминот масаласида ҳам барча саъй-ҳаракатлар чин юракдан амалга оширилишини, уч оила яшайдиган хонадонни таъмирлашга моддий ёрдам беришларини ҳам сўраймиз. Шунчаки, уларнинг ўрнига ўзимизни қўйиб дард-у ташвишларини ҳис қилсак, албатта чин кўнгилдан ёрдам бериш ҳисси пайдо бўлади. Ахир президентимиз таъкидлаганидек, «Халқ биздан рози бўлса, яратган ҳам рози бўлади». Давлат сиёсатини ўз вақтида ва виждонан амалга оширайлик.

Зафарбек Солижонов Kun.uz махсус мухбири
Фазлиддин Абдуқодиров оператор

Мавзуга оид