Вазирлар Маҳкамасининг қарори монополияни қўллаб-қувватлайдими?
Шу йилнинг 22 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг 850-сон қарори қабул қилинди. Унда хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорларга айрим тадбиркорлик фаолиятлари билан шуғулланишга рухсат берилмайдиган бўлди. Мисол учун, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва бошқа шу каби маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчилар, пластик ва алюмин профиллардан эшик-ромлар ясовчилар, транспорт воситаларини ювиш хизматини кўрсатувчилар эндиликда юридик шахс ташкил этиши талаб этилади.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур қарордан сўнг, аҳолининг турли қатламлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчилар орасида турли фикрлар, қарашлар юзага кела бошлади. Ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари ҳукуматнинг бу қарорини Ўзбекистонда монополияни қўллаб-қувватлаш борасидаги қадам сифатида баҳолашди.
Хўш, аслида ҳам шундайми, Миллий қонунчилигимизда бу борадаги ишлар қандай кўринишда эди?
Амалдаги қонунчиликка асосан хусусий тадбиркорлар чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги жами 81 та фаолият билан юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланишлари, бу жараёнда бир нафардан уч нафаргача ходимни ёллаб ишлатишлари мумкин эди. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор:
- чакана савдо фаолияти билан шуғулланганда бир нафар;
- маиший хизмат кўрсатиш фаолиятилари билан шуғулланганда уч нафаргача;
- фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланганда икки нафаргача ходимни ёллаб ишлатишига рухсат этилган.
Мазкур қарор қабул қилинишидан аввал, ҳукумат ишчи гуруҳи олиб борган ўрганишлар натижалари аслида бу борадаги ҳақиқий ҳолат айрим фаолият турлари бўйича бошқача вазият эканини кўрсатган. Бу ҳақда Молия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Равшан Насимов сўз юритди.
- биринчидан, хусусий тадбиркорлар қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари ҳажмининг катталиги ва вазнининг оғирлиги сабабли ушбу маҳсулотларни транспорт воситаларига юклаш, ташиш, тушириш, қадоқлаш, қўриқлаш ва сотишни рухсат этилган бир нафар ёлланма ишчи билан бажара олмаётганликлари сабабли қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ходимларни ёллаб норасмий ишлатишга мажбур бўлмоқда.
- иккинчидан, алюмин (пластик) профиллардан эшик, дераза ва бошқа буюмларни тайёрлашда йирик ускуналардан фойдаланилмоқда ҳамда саноат усулида амалга оширилмоқда. Хом-ашё материаллари ва тайёр маҳсулотларни ортиш, ташиш, тушириш ва ўрнатиш учун кўп ишчи кучи талаб этилиши сабабли ходимларни норасмий ёллаб ишлатишга тўғри келмоқда.
Бу каби ҳолатлар автомобилларни ювиш фаолияти бўйича ҳам кузатилмоқда. Автомашинаси бор фуқаро ҳафтасига камида бир марта автомобилларни ювиш шохобчасига бориб, унинг хизматидан фойдаланади. Сир эмаски, у ерда асосан вилоятлардан келган ўзбекистонликлар ишлайди ва аксарияти норасман фаолият юритади. Натижада, норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмаяпти. Уларнинг меҳнат стажлари юритилмаяпти ҳамда келгусида асосланган пенсия тўлови кафолатланмасдан қолишига сабаб бўлмоқда.
Даставвал меҳнат муҳофазаси борасида Ўзбекистонда қандай меъёрлар, талаблар мавжудлигига эътибор қаратсак. Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига биноан юк ортиш ва тушириш ишлари оғир ва хавфли ишлар тоифасига киритилган бўлиб, иш жараёнида бир ходимнинг доимий кўтарадиган юк оғирлиги 15 кг.дан ва иш сменаси давомида жами кўтарадиган юк оғирлиги 870 кг.дан ортиқ бўлмаслиги лозим. Шу ўринда савол туғилади: цемент савдоси билан шуғулланувчиларнинг ишчилари 10-15 тонна 50 кг.лик цемент қопни 3 киши бирга туширадими? Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ким кафолатлайди? Юк тушириш оқибатида ишчилардан бирига кор-ҳол бўлса, унга ким масъул бўлади? Соғлиғини тиклашда ким ёрдам беради?
Бундан кўриниб турибдики, цемент (1 қопи 50 кг), шифер ва ёғоч маҳсулотлари сотишда (1 нафар ишчи билан) мазкур нормаларга амал қилиб бўлмаслиги кундек равшан. “Юқоридаги сабабларга кўра, хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларини қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи юзага келди”, - дея изоҳ берилди Молия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда.
Қарордаги шу каби 17та фаолият турларига тегишли ўзгартиришлар киритилди ва 2та фаолият тури фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди. Бу эса юридик шахс мақомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар учун қулайликлар яратиш билан бирга ходимларнинг меҳнат муҳофазаси таъминланиб, белгиланган тартибда бандлик даражасининг ошишига хизмат қилади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон фармони билан тасдиқланган солиқ концепциясига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ ва тўловлар бўйича бир қатор енгилликлар жорий этилмоқда. Хусусан, иш ҳақи фондидан
- суғурта бадали тўлови (8 фоиз) бекор қилинди;
- ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоиздан (кичик корхоналар учун 15 фоиз) 12 фоизга туширилди;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкада 12 фоиз қилиб белгиланди (ҳозирда бу рақам 22,5 фоиз, 16,5 фоиз, 7,5 фоиз, 0 фоиз).
- давлат мақсадли жамғармаларига товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизлик ажратма бекор қилиниши белгиланди.
Яширин иқтисодиёт таркибидаги якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўз ишларига ва қонунчилик талаблари ижросига виждонан ёндашган ҳолда қонунчиликдаги енгилликлардан фойдаланишади. Шу билан ватан равнақига ҳисса қўшишлари баробарида ўзлари ҳам фаолиятларидан фойда олишади.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz журналисти
Мавзуга оид
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
11:49 / 20.11.2024
Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифалар белгиланди
15:25 / 19.11.2024
Ўзбекистон ҳукумати парламент олдидаги ваколатларини топширди
21:36 / 24.10.2024