Жамият | 12:00 / 07.11.2018
33171
7 дақиқада ўқилади

Андижонда пуллар ажратилган, лекин айримлар уни мақсадсиз ишлатган — Марказий банк ва вилоят прокуратураси изоҳи

Жорий йилнинг 30 октябрь куни KUN.UZ сайтида «Нега Андижонда Президент қарори ижро этилмаяпти?» сарлавҳали мақола эълон қилинган ва унда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777-сон қарори ижроси доирасида Андижон вилоятида амалга оширилган ишлар танқид остига олинган эди.

Мазкур ҳолатга нисбатан Андижон вилоят прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан изоҳлар билдирилди.

Қуйида мазкур изоҳлар тақдим этилади.

Андижон вилоят прокуратурасининг тушунтириши

Президентнинг ПҚ-3777-сонли қарори асосида Андижон вилоятига жами 231 млрд. сўмлик ресурс маблағи ажратилиши назарда тутилган.

Шундан, 176,5 млрд. сўмлик кредит маблағи «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури бўйича вилоятдаги 14та тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга 147,3 млрд. сўм, юридик шахсларга 29,2 млрд. сўм кредит маблағи ажратилган.

Кредит ҳар бир фуқарога ЭКИҲ 150 бараваригача миқдорида (27,6 млн. сўмгача), 7 фоизлик устама тўлаш шарти билан таъминотсиз, 3 йил муддатгача берилиши назарда тутилган.

Тарқатилган 176,5 млрд. сўм маблағнинг қорамол йўналиши учун 32 млрд. сўм, паррандачиликка 3,3 млрд. сўм, қўйчиликка 39,2 млрд. сўм, эчкичилик учун 55 млн. сўм, асаларичиликка 4,0 млрд. сўм, балиқчиликка 3 млрд. сўм, иссиқхонага 16,6 млрд. сўм, қуёнчиликка 1,8 млрд.сўм, боғдорчиликка 644 млн. сўм, ишлаб чиқаришга 27,9 млрд.сўм, тикувчилик учун 30,7 млрд.сўм, хизмат кўрсатишга 10,7 млрд. сўм, ҳунармандчиликка 6,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.

Ишчи гуруҳ томонидан кредитларнинг мақсадли сарфланиши жойига чиқилган ҳолда ўрганилганда, 1871 нафар фуқаро 34,8 млрд. сўмлик кредит маблағини мақсадсиз сарфлангани аниқланган.

Хусусан, мақсадсиз сарфланган маблағларнинг 14,9 млрд. сўми чорвачилик йўналиши, 6,2 млрд. сўми хизмат кўрсатиш, 5,4 млрд. сўми иссиқхона, 4,5 млрд. сўми ишлаб чиқариш, 1,4 млрд. сўми асаларичилик ва 2,7 млрд. сўми паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Йирик таъминотчиларга тушган кредитларнинг 80  млрд. сўмлик қисми ўрганилганда, 30 млрд. сўмдан ошиғи таъминотчиларнинг ҳисоб рақами орқали пластик карталарга, 10 млрд. сўми нақдлаштиришга, 1,9 млрд. сўми молиявий ёрдамга йўналтирилган.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи томонидан мақсадсиз ишлатилиши оқибатида ўзлаштирилган 2,2 млрд. сўмлик кредитлар банк муассасасига қайтарилган, таъминотчилар томонидан етказиб берилмаган 28,1 млрд. сўмлик мол-мулклар етказиб берилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган.

Шу билан бирга, банкдан ажратилган кредитлар мақсадсиз сарфлангани ҳолати бўйича 3та, кредит чиқариб бериш учун пул талаб қилганлик ҳолати бўйича 1та жиноят иши Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан қўзғатилган.

Мақолада тилга олинган ва олдиндан тўловсиз сотилган чорва моллари учун 28 млрд. сўм ажратилиши ҳақида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоят бўйича 28 млрд. сўмлик қорамол ва қўйлар 97та таъминотчидан олдиндан тўловсиз 1532та шартнома асосида фуқароларга етказилган.

Шундан, 15,3 млрд. сўмлик 1491 бош қорамол 713 нафар фуқарога, 12,9 млрд. сўмлик 10375 бош қўй 819 нафар фуқарога берилган.

Таҳлил давомида, 97та таъминотчининг 55таси ҳокимият томонидан тавсия этилмаган ва чорвачилик билан шуғулланмаган таъминотчилар бўлиб, улар томонидан 312та шартнома асосида 4,9 млрд. сўмлик қорамол ва қўй етказиб берилган.

Мазкур шартномалар танлов асосида ўрганиб чиқилганда, уларнинг айримлари белгиланган тартибда тузилмасдан, шартнома учун муҳим аҳамият касб этувчи маълумотлар киритилмагани аниқланган.

Қайта ўрганиш натижаси юзасидан

97та таъминотчидан олдиндан тўловсиз берилган 28 млрд. сўмлик чорва моллари жойига чиқиб ўрганилганда, 6,6 млрд. сўмлик чорва (3,6 млрд. сўмлик 261 бош қорамол ва 3,0 млрд. сўмлик 2507 бош қўй) фуқароларнинг хонадонида мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шундан:

  • 811,6 млн. сўмлик чорва моллари (209,9 млн. сўмлик 20 бош қора мол ва 601,7 млн. сўмлик 497 бош қўй) сотиб ёки сўйиб юборилгани;
  • 2,2 млрд. сўмлик чорва моллари (1,1 млрд. сўмлик 103 бош қорамол ва 1,1 млрд. сўмлик 919 бош қўй) боқиш учун яйловларга юборилгани;
  • 194,7 млн. сўмлик (132,7 млн. сўмлик 11  бош қорамол ва 62,0 млн. сўмлик  53 бош қўй) касалланиб нобуд бўлгани;
  • 1,3 млрд. сўмлик чорва моллари (750,0 млн. сўмлик 60 бош қорамол ва 528,2 млн. сўмлик 433 бош қўй) таъминотчи корхоналар томонидан қайтариб олингани;
  • 1,6 млрд. сўмлик (928,0 млн. сўмлик 67 бош қорамол ва 713,2 млн. сўмлик 605 бош қўй) таъминотчи корхоналар томонидан етказиб берилмагани аниқланган.   

Ўрганиш натижасида, олдиндан тўловсиз берилган 28,0 млрд. сўмлик чорва молларининг 21,4 млрд. сўмини тўлаб бериш мумкинлиги ва 6,6 млрд. сўмни таъминотчилар билан биргаликда қайта ўрганилгандан кейин хулосага келиниши мақсадга мувофиқлиги ҳақида тўхтамга келинган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки изоҳи

Президентининг ПҚ–3777-сонли қарорига мувофиқ Андижон вилоятида 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб бугунги кунга қадар 10.355та оила ва тадбиркорлик субъектларига 212,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Қайд этиш лозимки, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш, имтиёзли кредит ажратилган лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши ҳамда келгусида ушбу лойиҳаларнинг самарали ишлашини мониторинг қилиш вазифаси мазкур қарор билан ташкил этилган вилоят ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар ва туманлар ҳудудий ишчи гуруҳлари зиммасига юклатилган.

Ажратилган кредитларнинг мақсадлилиги ва самарадорлиги жойида ўрганилганда кредитларни мақсадсиз ишлатиб юборилганлик, айрим таъминотчилар томонидан аҳолига маҳсулотни етказиб бермаслик, ҳақиқатда ҳисобида маҳсулоти бўлмаса-да кредит маблағларини ҳисобрақамига тушириб, турли йўллар билан нақдлаштириб бериш каби ҳолатлар аниқланган.

Худди шундай, мақолада қайд этилган фуқаро М.Мадиярова билан қўй етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган «Раҳим Ривож Агро» МЧЖ 2018 йилнинг 23 май куни Булоқбоши туман ҳокимлигида янги рўйхатдан ўтиб, дастлабки ўрганишлар жараёнида балансда умуман қорамол ва қўйлар бўлмаса-да, бир неча фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитлар ушбу МЧЖнинг ҳисобрақамига ўтказилиб, ундан пластик картага кўчирилгани ва нақдлаштирилгани каби шубҳали операциялар аниқланган.

Андижон вилоятида аниқланган юқоридаги каби салбий ҳолатлар Бош прокуратура қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўрганилмоқда.

Мақолада қайд этилган, фуқаро Мавлуда Мадиярова кредит маблағи ҳисобига 11та қўй сотиб олиш учун таъминотчи «Раҳим Ривож Агро» МЧЖ билан икки томонлама шартнома имзолагани, ҳужжатларни банкка топширгани, унинг хонадонига 2018 йил 1 ноябрь куни борилганда ҳақиқатда 11та қўй мавжудлиги аниқланган.

Бош прокуратура қошидаги Департамент томонидан «Раҳим Ривож Агро» фаолиятини ўрганиш ишлари якунига етказилгандан сўнг, фуқаро М.Мадияровага белгиланган тартибда имтиёзли кредит ажратилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид