Дорихона: кимёвий хуружга дош бера оламизми?
Ҳаётимизни дорихонасиз тасаввур қилолмай қолдик. Кўпчилигимиз сал деганда шу маконга югуриб борамиз. Югуришдан бир лаҳза тўхтаб, инсоният тарихи давомида — минглаб йиллар мобайнида одам организми охирги 50-60 йилдагидек кимёвий ҳужумга учрамаганини англашга вақтимиз йўқ...
__________________________________
Дорихона (аптека, юнонча ἀποθήκη — омбор сўзидан) — дори воситаларини тайёрлаш, қадоқлаш, таҳлил этиш ва сотиш билан шуғулланувчи махсус, соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилот. Мазкур ташкилотнинг фаолияти таърифида «аҳолига фармацевтик ёрдам бериш», деб кўрсатилади. Ёрдам эса «самарали, хавфсиз ва иқтисодий томондан ўзини оқлайдиган даволаш курсини аниқлаш учун шифокорнинг беморга берадиган маслаҳати»ни кўзда тутар экан.
Хўш, бизнинг дорихона томон юришларимиз нақадар «самарали, хавфсиз ва иқтисодий томондан ўзини оқлайдиган» бўляпти? Танамиз ичига кўп миқдорда ҳамда ўйламай жўнатаётганимиз дорилар пировардида унга — танамизга фойда беряптими ёки ҳамма фойда-зарарларни жамлаганда зарар ҳиссаси кўпроқ бўляптими? Мавзу шу ҳақда.
Айтганча, мазкур мақола дори ичмай қўйишга чақириқ эмас, асло, балки «аптека» деган макон билан шу кунда ўрнатган муносабатимизни жамият ўлароқ қайтадан бир тафтиш қилиб, мазкур «дўстлик»ни бироз тартибга солиб олишга чақириқ.
Антибиотиклар
Бир неча ўн йил аввал битта антибиотик ёрдамида танадаги инфекция батамом йўқ қилинар эди. Ҳозирда эса шифокорлар кучли инфекцияларга қарши бир антибиотикни, у таъсир қилмаса иккинчисини, у ҳам таъсир қилмаса учинчисини — кучлироғини қўллаётганларининг гувоҳи бўляпмиз. Нега?
Британиялик олим Александр Флемингнинг 1929 йилдаги кашфиёти — яшил моғордан олинган пенициллиннинг микробларни ўлдира олиш қобилияти «антибиотик» деб номланган антимикроб препаратлар катта гуруҳи яратилишига асос бўлди.
Эндиликда бу — касаллик уйғотувчи бактериялардан бизни ҳимояловчи дориларсиз ҳаётимизни тасаввур этолмаймиз. Ўз вақтида ўлат, сил, зотилжам (пневмония), йирингли ангина каби эпидемияларга барҳам берилишига, операция, жароҳатланиш, куйиб қолиш ҳолатларида қонга зарар ўтиб кетиб қолишидан ҳимоялашга омил бўлиб турган нарса шу — антибиотиклар.
Бу дориларни яратиб инсоният касалликларга қарши кучли восита топди, аммо вақт ўтгани сайин мазкур восита кучсиз, бактериялар эса тобора кучайиб бораётганини сезди. Аниқ бўлдики, бактериялар ҳам ўзини биздан ҳимоя қилар экан: уларга қарши қўйган моддаларимиз билан «танишишар», ўз шаклларини ўзгартиришар, таъсирдан қочиш усулларини топишар ва алал-оқибат препаратларимизга чидамли бўлиб олишар экан. Ярим аср аввал яратилган ва ўз вақтида бактерияларга қарши самарали бўлган антибиотиклар ҳозирда таъсир кучига эга эмас.
Сабаб эса — антибактериал воситадан кўр-кўрона, палапартиш фойдаланиш.
Кўплаб ривожланган мамлакат тиббиётчилари антибиотикларга нисбатан ўз қарашларини ўзгартиришга мажбур бўлишяпти. Антибиотиклар фақат фавқулодда ҳолатлардагина қўлланилиши кераклиги, акс ҳолда уларни қабул қилиш бактерияларни «эмлаш» — бактерия организмини ташқи таъсирларга чидамли қилиш эканлигини таъкидлашяпти.
Инсоният охирги ярим асрда антибиотикларни «кўп ва хўб» — тартибсиз истеъмол қилиши оқибатида бактерияларнинг таъсирга чидамлилиги (резистентлиги) муттасил ортиб борди ва энди уларга қарши курашиш қийин бўлиб қолди. Камига ўта чидамлилик — ҳеч бир антибиотик енга олмайдиган бактериялар пайдо бўлиши ҳақида гапириляпти.
АҚШ соғлиқни муҳофаза қилиш қўмитаси мамлакатда амалга оширган текширишлар натижасида superbugs (америкаликлар бу ном билан барча кучли бактерияларни аташади) деярли ҳамма жойда — мактаб ошхоналарида, ишхоналарда, ётоқхоналарда ва айниқса... тиббий муассасаларда топилди. Улардан ҳимояланиш воситаси эса — одам организми иммунитети ва эҳтиёт чоралари эканлиги таъкидланди.
Бактерияларнинг ўта тез мослашиши (кучайиши) қайд этилган. Маълумки, биринчи чидамли стафилококк антибиотиклар ишлатила бошлашгандан уч йил ўтиб аниқланган. Ва бундай мослашувчанликни енгиб ўтадиган препаратлар пайдо бўлишига умид йўқ эканлиги тан олинмоқда.
Одатий манзара — шамоллаган киши дорихонага югуради ва сотувчидан «яхшироқ» антибиотик сўрайди, сотиб олиб уйига бориб «даволанади».
«Антибактериал препаратларнинг 90 фоизигача миқдори респиратор (шамоллаш) касалликларга қарши одамлар томонидан истеъмол қилинмоқда. Ҳолбуки, шамоллаш бу вирусли касаллик бўлиб, охирги тадқиқотлар антибиотикларнинг вирусларга таъсири гўё С витаминининг таъсири каби эканлигини аниқлади» — дейди «Клиник кимётерапевтлар ва микробиологлар Альянси» минтақалараро жамоат ташкилоти президенти Сергей Яковлев. Яъни шамоллашга курашиш учун антибиотиклар истеъмол қилиш аксар ҳолатларда фойдасиздир!
Антибиотикларни суиистеъмол қилиш нафақат беморлар томонидан, балки шифокорлар томонидан ҳам содир этилаётгани сир эмас. Кўпинча бу ҳолат микробиологик диагностиканинг йўқлиги сабабидан бўлади. Лўнда қилиб айтганда, шифокор маълум бактерия штаммига маълум антибиотик таъсир этишини аниқлай олмайди ва ҳар эҳтимолга қарши кучлироқ антибиотикни тайинлайди.
Ҳеч бир ривожланган мамлакатда антибиотиклар рецептсиз сотилмайди!
Маълум антибиотикни тайинлаш учун шифокор кўплаб факторларни ҳисобга олади. Юқори малакали мутахассис ҳам доим тўғри терапияни белгилай олмаслиги мумкин. Ўз билганича антибиотиклар билан даволаниш эса самара бермаслиги шундан ҳам аён, бунинг устига аллергияга олиб бориши эҳтимоли юқори.
Мутахассислар тан олишяпти — антибиотикларни қўллаш устидан қаттиқ назорат ўрнатилмаса, уларни истеъмол қилишда палапартишликка барҳам берилмаса ҳозирда таъсир кучига эга бўлиб турган, қийин вазиятларда асқотиб турган антибиотиклар синфи батамом йўқотилади ва инсоният антибиотиклар мавжуд бўлмаган даврга яна қайтади.
«Химия»
Инсонга ўз танасини тушуниш, уни «эшитиш», ҳис қилишни ўргатиш ўрнига кимёвий воситаларни истеъмол қилиб қўйиб «тинчгина юриш»ни ўргатиш замонавий тиббиёт олган йўналишдир. Бу тиббиётни тўлиқ қоралашга чақириқ эмас, балки мавжуд воқелигимизни объектив англашга чақириқдир. Аксар бизни, танамизни қийнаётган дардлар аслида ўз танамизни тушунмаганимиз оқибатидир. Бизга эса бу дардларнинг давоси сифатида тушунишни эмас, балки кимёвий воситалар таклиф этиладиган даврда яшаяпмиз. Шифокор қабулига кирган бемор беморлигининг асл сабаблари ҳақида маълумот олмайди, балки унинг қўлига дорилар рўйхати тутилади. У танаси ҳақида ошган билими билан эмас, мазкур рўйхат билан шифохонани тарк этади ва уйига ичиши лозим бўлган кимёвий воситалар билан қайтади. Беморлигининг сабаби нотўғри ҳаёт тарзи эканлиги, уни — ҳаёт тарзини ўзгартириши кераклиги ҳақида унга қатъий тарзда ҳеч ким гапирмайди.
Фармацевтика
Замонавий фармацевтиканинг баъзи хусусиятлари:
- касалликларнинг сабаблари билан эмас, балки тананинг касалликка нисбатан реакцияси билан курашувчи воситаларни ишлаб чиқиш (иситма билан кўр-кўрона курашиш — мисол);
- дориларнинг таркибини ишлаб чиқишда кимёвий воситаларга кўпроқ суяниш;
- дориларни ишлаб чиқишда узоқ муддатли самара (бемор касалликдан тўлиқ фориғ бўлиши) кўзланмаслиги, балки одамни тез фурсатда оёққа турғазиб қўйишни мақсад қилиш;
- дори ишлаб-чиқариш мега-индустрияга айлангани.
Аксар дорилар узоқ муддат синалмасдан сотувга чиқади. Таркиби кўпинча нотабиий бўлгани боис чуқур текширилиши лозим бўлган препаратлар маркетинг тақозоси ила юзаки синовдан ўтади, кейин йиллар давомида одамларда «синалади».
Катта индустрияга айлангани боис фармацевтик ташкилотларнинг фаолияти йўналишини текшириш, стратегиясида яширинган ҳийлаларни ошкор қилиш мушкул бўлиб келяпти. Йўналиш ва мақсад одамларни даволашга қаратилганми ёки асосий истак пул ишлашми — оммага қоронғи.
Ривожланмаган давлатлар — асосий бозор
Ривожланган давлатларда омма кимёвий воситалардан имкон қадар воз кечиш кераклигини, табиий воситаларни кўпроқ қўллаш кераклигини тушуниб етяпти.
Иқтибос: «Америка шифокорлари аввалгидан кўра кўпроқ табиий воситаларни таклиф қилишяпти — масалан, чуқур жароҳат ва кесилиш ҳолатларида асалли пластирларни. Бу пластирларнинг антибактериал таъсири кучига қараб 25 хили бор. Одам организмини антибиотикларга ўргатиб қўймаслик учун барча чоралар кўриляпти, чунки антибиотиклар энг оғир — фавқулодда ҳолатларда одамга жуда асқотади» («Аргументы и факты», 2017 й.)
Бунинг тескариси — ривожланмаган давлатлар. Бундай давлатларда дориларни палапартиш истеъмол қилиш, ривожланган давлатларда қаттиқ чекловлар билан сотиладиган дори воситаларининг бемалол сотилиши, мавжуд соғлиқни сақлаш тизими эскириб қолган тамойиллар билан юритилиши ва соғлом турмуш маданиятининг пастлиги натижасида мазкур давлатлар яхшигина «дори бозори»дир. Хусусан, турфа номлар билан чиқарилувчи, аслида таркиби айнан бўлган антибиотикларни сотиш учун қулай бозордир.
Хулоса ўрнида
Соғлик неъматига нисбатан муносабатимизни шакллантирмоғимиз, унинг нималигини ҳис этмоғимиз, англамоғимиз, қай устунларда собит эканлигини, унинг хизматида иммунитет деган тирик, таркибида миллиардлаб «аскарлари» бўлган тизим турганини ва бу тизимни асрамоқ кераклигини тушунмоғимиз лозим. Аптека томон юраётганимизда мазкур ҳақиқатларни ёд этмоғимиз зарур.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
23:18 / 05.10.2024
Дунёда ёшлар ўртасида саратонга чалиниш ҳолатлари ортаётгани айтилди
07:08 / 30.08.2024
Юзлаб дорихоналарда дорилар нархи асоссиз ошириб сотилгани аниқланди
19:12 / 04.07.2024
Рецептсиз бериладиган дорилар ва тиббий буюмлар учун нарх чеклови олиб ташланади
09:54 / 06.06.2024