Жаҳон | 01:22 / 07.11.2018
9252
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ўз сунъий йўлдошларини Американинг Falcon 9 ракетасида учирмоқчи

Фото: Total.kz

Қозоғистоннинг иккита илмий технологик сунъий йўлдоши ноябрь ойи охирларида Falcon 9 ракетаси билан коинотга учирилади. Қозоғистон мудофаа ва аэрокосмик саноати вазирлиги вакили Асет Нуркеновнинг сўзларига кўра, бу ташувчи ракетада учириш арзонроққа тушар экан. Бу ҳақда Total.kz ёзмоқда.

Қозоғистоннинг KazsaySat ва KazistiSat илмий технологик сунъий йўлдошлари 20 ноябрь куни соат 00:01 да Американинг Space X компаниясининг Falcon 9 ракеталари билан бирга учирилади.

Ракетанинг учирилиши Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий базасида амалга оширилади. Нуркеновнинг айтишича, келгусида бундай космик аппаратлар Бойқўнғир космодромидан ҳам учирилишига эришилиши мумкин.

“Бундай конфигурациядаги космик аппаратлар ўзимизнинг Бойқўнғирдан учириладиган “Союз”, “Протон” ташувчи ракеталари билан ҳам коинотга олиб чиқилиши мумкин”, — деган у. Бу сафар америкаликларнинг ташувчи ракетаси танланганини у “Falcon 9 да учириш арзонроққа тушмоқда”, деб тушунтирди

Нуркенов ракета учирилиши қанчага тушишини “тижорий сир” деб ошкор этмади. “Биз бу маълумотларни Америка томонининг илтимосига кўра ошкор эта олмаймиз”, — деган вазирлик матбуот котиби.

Қозоғистон ўзининг илк телекоммуникацион сунъий йўлдошини Бойқўнғир космодромидан 2006 йилнинг июнида учирган. Ўшанда сунъий йўлдош Россиянинг “Протон-К” ташувчи ракетаси билан орбитага олиб чиқилган. Кейинчалик, қозоқлар “Протон”дан ташқари ўз космик аппаратларини Россия-Украина ҳамкорлигидаги “Днепр” ва Европанинг енгил классдаги “Vega” ташувчи ракеталари билан қуёш-синхрон орбитасига учирган.

Falcon 9 — Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан тайёрланган оғир классдаги икки поғонали кўп марта фойдаланиладиган ташувчи ракетаси ҳисобланади. Ракета керосин ва суюқ кислородли икки поғонадан иборат. Биринчи поғонанинг интилиш кучини тўққизта двигатель таъминлаб беради.

Мавзуга оид