Жаҳон | 20:25 / 09.11.2018
28816
2 дақиқада ўқилади

MH17 ҳалокати қурбонларининг қариндошлари Трампдан Путинни «тавба қилишга» кўндиришга чақиришди

Фото: РИА Новости

Малайзиянинг Боинг самолёти ҳалокати қурбонларининг оилаларини бирлаштирувчи ишчи гуруҳ АҚШ президенти Дональд Трампга мактуб билан мурожаат қилди.

Мурожаатда Трампдан Владимир Путинни Донбасс осмонида йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши ҳақида батафсил маълумотларни эълон қилишга кўндириш сўралган ҳамда «тавба қилишнинг кечи йўқлиги» таъкидланган. 

Трампга йўлланган мактубда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари Москванинг позициясини «воқеа тўғрисидаги ҳақиқатни яширишга уриниш» деб баҳолашган ҳамда бу ҳолатни Ар-Риёднинг журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида ўзини тутиши билан қиёслашган.

«Сиз яқинда жаноб Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини "тарихдаги энг ёмон ҳақиқат яшириш" деб атадингиз. Барча фактларни билмаслигимизни тан олган ҳолда айтамизки, сиз ҳаққа ўхшайсиз. Ва биз МН17 бортидаги 298 кишининг ўлдирилишини ҳам Қошиқчи ўлдирилиши билан бир тоифада туради дея оламиз», дейилади мактубда.

Тўрт йилдан буён олиб борилаётган терговнинг расмий хулосасига кўра, 2014 йил июлда Донбасс осмонида МН17 самолётини уриб туширган БУК мажмуаси ракетаси Россияда ишлаб чиқарилган. Россия расмийлари фожиага алоқадорлигини рад этиб келмоқда ва Боинг украин ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини билдирмоқда.  

 

Мавзуга оид