Ҳикматулло Тўраев дзюдо бўйича Тошкент Гран-Присида олтин медалга сазовор бўлди
Бугун, 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Гран-При турнири доирасида эркаклар ўртасида 73 кг, 81 кг, аёллар ўртасида эса 63 кг ва 70 кг вазн тоифаларида баҳслар ўтказилди.
73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳикматулло Тўраев турнир давомида Руминия, Швеция, Франция, БАА вакилларини мағлубиятга учратди ва финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда у германиялик Игор Вандткега қарши татамига чиқди ва қийин кечган жангда ғалаба қозона олди. Шу тариқа, Ҳикматулло ушбу Гран-Прида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига дастлабки олтин медални қўшиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, кеча мусобақада 60 кг вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев (кумуш), 66 кг вазнли спортчилар ўртасидаги баҳсларда эса Сардор Нуриллаев (кумуш) ва Шаҳрам Аҳадов (бронза) совриндорлар қаторидан ўрин олгандилар.