Ўзбекистон | 12:00 / 11.11.2018
26760
3 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити ўтказилади

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

6 декабрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) саммити, МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ва катта эҳтимол билан Евроосиё иқтисоди иттифоқи (ЕОИИ/ЕврАзЭС) ташкилоти саммит очилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга асосланган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар берган.

«КХШТ саммити, катта эҳтимол билан ЕОИИ саммити ҳам, шунингдек, МДҲ раҳбарларининг норасмий учрашуви», – деган Песков журналистларнинг 6 декабрь куни Санкт-Петербургда қандай тадбирлар ўтказилиши ҳақидаги саволига жавобан.

Бундан аввалроқ Россия Ўзбекистонга КХШТ парламент ассамблеясида кузатувчи мақомини таклиф этгани маълум қилинганди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига 1992 йил 15 майда Тошкентда асос солинган. Ўшанда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. 1993 йил 9 сентябрда Грузия, 24 сентябрда Озарбойжон ва 31 декабрда Белоруссия  шартномани имзолаган.

Шартнома 1994 йил 20 апрелдан кучга кирган. Шартнома 5 йилга мўлжалланган бўлиб, узайтирилиши кўзда тутилганди. 1999 йил 2 апрелда Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон президентлари шартномани яна беш йил муддатга узайтириш тўғрисидаги протоколни имзолади, аммо Озарбойжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришни истамади ва ташкилотдан чиқиб кетди.

2006 йил 16 августда Ўзбекистон КХШТ таркибига қайтадан кирди. 2012 йил 28 июнда эса Тошкент КХШТга аъзолигини тўхтатиб туришини билдирди.

КХШТнинг мақсади шартномага аъзо давлатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи сиёсий тажовузлардан ҳамда йирик миқёсдаги табиий офатлардан биргаликда армия ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар ёрдамида ҳимоя қилиш ҳисобланади.  КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий иттифоқ сифатида жанговар операцияларда ҳеч қачон иштирок этмаган.

КХШТ позицияларини кучайтириш учун Марказий Осиё минтақасида тезкор ҳаракатланувчи коллектив кучлар ислоҳоти ўтказилмоқда. Бу кучлар ўнта батальондан иборат: учта батальон Россияга, иккитаси Қозоғистонга тегишли, қолган давлатлар биттадан батальонга эга. Коллектив кучлар шахсий таркибининг сони 4 минг кишига яқин бўлиб, унинг 10та самолёт ва 14та вертолёти Россиянинг Қирғизистондаги авиабазасида жойлаштирилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид