Спорт | 08:26 / 12.11.2018
5186
2 дақиқада ўқилади

Формула-1: Ҳэмилтоннинг навбатдаги ғалабаси ва пойгачилар ўртасида чиққан можаро 

Фото: Getty Images

“Формула-1” автопойгасининг Бразилия Гран-присида аввалги босқичда ўзига чемпионликни таъминлаб қўйган “Mercedes” жамоаси пойгачиси Льюис Ҳэмилтон навбатдаги марта ғолиб бўлди. У шу ғалабаси эвазига ўз жамоасига қаторасига бешинчи йил конструкторлар кубогини келтирди. 

Маррага иккинчи бўлиб Макс Ферстаппен, учинчи бўлиб Кими Райкконен етиб келди. 

Пойганинг аксарият қисмида етакчилик қилган Ферстаппен давралардан бирида Force India аъзоси Эстебан Окон билан тўқнашиб кетди. Натижада Ферстаппен трассадан чиқиб кетиб, етакчиликни бой берган ва маррага иккинчи бўлиб келган. Голландиялик пойгачи ғалаба учун кураш олиб бораётган бир пайтда ундан бир давра ортда қолаётган Окон ундан ўзиб кетмоқчи бўлиб, ҳужум қилганидан аччиқ билдирган. Радиомулоқот вақтида Ферстаппен Оконни ушбу иши учун  “аҳмоқ” деб атаган.

Окон воқеада айбдор деб топилиб, 10 сониялик жарима билан жазоланган, бироқ бу Ферстаппенга таскин бермаган. У пойгадан кейин французнинг ёнига келиб, унга ўз эътирозларини билдирган ва бир неча бор елкасидан итарган. Голландиялик ушбу қилмиши учун икки кунлик жамоат ишлари билан жазоланган.

Пойганинг сўнгги 21-босқичи Абу-Дабида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид