Жаҳон | 03:06 / 12.11.2018
61785
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароларига Туркиядаги визасиз режим 30 кундан 90 кунгача узайтирилди

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Туркияда бўлишларини тартибга солувчи виза режими ҳақидаги қарор Туркия Республикаси президенти қарорлари расмий онлайн бюллетенида эълон қилинди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан имзоланган 327-сонли қарорга кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролик паспортига эга кишиларнинг Туркия Республикасига саёҳатлари учун ҳар 180 кун ичида 90 кундан ошмаган қайд билан 30 кун бўлган визасиз режим, 90 кунгача узайтирилди.

Туркияда жуда кўп давлатлар учун 90/180 виза режими амал қилади. Бу Туркия Республикаси ҳудудида 180 куннинг 90 кунида визасиз юриш мумкинлигини англатади. Ҳар бир янги ташриф 180 кунлик даврни янгидан бошлаб беради. Даврлар бири-бирига қўшилиши мумкин, бироқ визасиз кунларни ҳисоб-китоб қилиш мажбурий шарт ҳисобланади. Ҳисоблашда мамлакатга кириб келиш ва чиқиб кетиш куни ҳам ҳисобга олинади. Мамлакатга қараб, 90 кунлик визасиз режимнинг барчасини бир мартадаёқ тўлиқ ишлатиш мумкин ёки чиқиб кетиш ва қайтиб кириш билан узайтириш мумкин. Масалан, Ўзбекистон фуқароларига энди 90 кунлик визасиз режим тақдим этилмоқда. Бу дегани Ўзбекистон фуқаролари бир мартанинг ўзида Туркияда 90 кун қолишлари мумкин.

Бу қароргача Ўзбекистонлик фуқаролар фақат дипломатик паспортга эга бўлсагина Туркияда 90 кунгача визасиз қолишлари мумкин эди.

Ўзбекистон фуқароси Туркияда узоқроқ вақт қолиши учун яшаш ҳуқуқини берувчи истиқомат визасини расмийлаштириши керак. Бунда дастлабки ой учун 25 АҚШ доллари, қолган ойлар учун 5 доллардан тўлаб борилади — йилига 80 доллар.

Бунгача Туркияда Марказий Осиё давлатларидан фақат Қирғизистон учун 90 кунлик визасиз режим амал қилиб келаётган эди. Туркманистон учун визасиз режим ҳозирча 30 кунлигича сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид