Жамият | 10:13 / 13.11.2018
3764
1 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар учун йўл белгиларини қулай жойлаштириш таклиф этилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида хорижлик сайёҳлар учун йўл белгиларини қулай тарзда жойлаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Билдирилишича, ҳозирда туризмга катта эътибор қаратилмоқда. Туризм жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ривожланишида катта аҳамият касб этади. Ҳозирда жамоат транспортлари — автобус, метро, маршрутлар ва ҳоказоларда фақат ўзбек тилида (баъзан рус тилида) манзиллар ҳамда йўналишлар келтириб ўтилган. Бу эса чет эллик меҳмонларимизга ноқулайликлар келтириб чиқариши аниқ, дейилади мурожаатда.

“Барча йўналиш ва манзиллар номи аввало давлат тилида, сўнг халқаро тилда (масалан, инглиз тилида) акс эттирилишига эътибор бериш керак. Ҳозирча сайёҳларга қулайлик яратиш орқали улар сонини ошириш мақсадида магистрал йўллар ва тарихий-туристик шаҳарларда бу таклифни амалга ошириши зарур”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Россиядан сайёҳлар оқими 1,3 баробарга ошгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид