Ўзбекистон | 08:44 / 13.11.2018
26410
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўз космик дастурини ишлаб чиққани маълум бўлди

Ўзбекистон ўз космик дастурини ишлаб чиқди ва бу соҳада халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда, дея маълум қилди Ўзбекистоннинг РФдаги элчиси Ботиржон Асадов. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

Фото: Андрей КОПАЛОВ

«Дастур мавжуд. Ҳукумат жуда тизимли ёндашди, халқаро тажрибани ўрганди, ҳар бир нарсани батафсил тасвирлаб берадиган дастур ишлаб чиқди. Энди халқаро ҳамкорликни, шу жумладан, Россия Федерацияси билан кенгайтирмоқдамиз», - деди у душанба куни Новосибирскда журналистларга.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Европа давлатлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, биргаликда илмий-тадқиқот марказларини ривожлантиряпти.

2018 йил апрель ойида «Роскосмос» давлат корпорацияси космик чиқиндини мониторинг қилиш ва ерни масофадан туриб зондлаш соҳасида ҳамкорликни, шунингдек, сунъий йўлдошлар ишлаб чиқишда қўшма лойиҳаларни Ўзбекистонга таклиф этаётгани ҳақида хабар берилганди.

«Биз Майданак обсерваториясида космик чиқиндини кузатиш бўйича ускуналар ўрнатишга жуда қизиқмоқдамиз», - деди корпорациянинг Марказий Осиё бўйича вакили Анатолий Красников Expo-Russia Uzbekistan 2018 саноат кўргазмасида.

Шунингдек, Красников «Роскосмос» Ўзбекистон учун сунъий йўлдошлар яратишда ёрдам кўрсатишга ҳам тайёрлигини таъкидлади. «Биз Ўзбекистоннинг биринчи сунъий йўлдошини учириш масаласини муҳокама қилдик, вариантларимизни таклиф қилдик, умид қиламанки, бу йўналишда олдинга ҳаракатланишда давом этамиз. Ўзбекистонга сунъий йўлдошларни қуриш бўйича жуда кўп таклифларимиз бор. Уларни Ўзбекистон Инновациялар вазирлигига юборганмиз, маҳаллийлаштириш масалаларини муҳокама қилишга тайёрмиз», - деди «Роскосмос» вакили.

Мавзуга оид