Жаҳон | 23:48 / 14.11.2018
66952
25 дақиқада ўқилади

Етмиш йиллик уруш: Исроил-Фаластин урушининг ниҳояси борми?

Фото: Blick

Ҳозирги кунда Фаластин муаммосининг ечими 1948 йилдагига нисбатан бирмунча муаммолидек кўринмоқда. Айнан ўшанда Исроил давлати ташкил топгани эълон қилинган ва Араб-Исроил уруши бошланганди.

Ўтган 70 йил давомида ўн минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган бу низо гоҳ сусайиб, гоҳ авж олади, аммо ҳеч қачон буткул тўхтамайди. Фаластин жангарилари Ғазо секторидан туриб Исроил шаҳарларига ракета зарбалари беради, ЦАХАЛ (Исроил мудофаа армияси) намойишчиларни ўлдиради – буларнинг бари бугунги кунда, расман жанговар ҳаракатлар олиб борилмаётган вақтда бўлиб ўтмоқда. АҚШ, Россия, БМТ ҳар доимгидек бу ҳолатдан ташвиш билдиради, маслаҳатлашувлар ўтказади, аммо Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарога барҳам берилмайди.

Улар нега бир-бирларини бунчалик ёмон кўришади? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди? Нима учун бу икки халқ майдони 25 минг квадрат километр бўлган, қуёш нуридан жизғанак ерни талашиб келмоқда? 

Ери бўлмаган халқ

Қуддус. XX аср бошлари

Фаластиндаги яҳудий подшоҳлиги эрамизнинг I асрида Рим империяси зарбалари остида қулаган: ўшандан буён бу ҳудуднинг хўжайинлари бир неча бор алмашган. Аммо Европа давлатлари бўйлаб тарқалиб кетган яҳудийлар бу ерни қайтишлари зарур бўлган муқаддас ватан деб ҳисоблаб келишган. 

Австро-венгриялик журналист ва яҳудий давлатини ташкил этиш ташаббускори бўлган Теодор Герцлнинг (1860 — 1904) эслашича, «Дрейфус иши» вақтида (сотқинликда ноҳақ айбланган француз армиясининг яҳудий офицери) юзлаб французлар «Яҳудийларга ўлим!» дея ҳайқиришган. Россия ва Шарқий Европада яҳудийларга қарши ҳужумлар бошланган, Германия ва Австрияда антисемит руҳидаги рисолалар битилган. 

Герцль бошқа бундай давом этиши мумкин эмас, яҳудийлар ўз давлатларига эга бўлишлари зарур деган фикрга келади. У 1896 йилда «Яҳудий давлати» номли рисоласини ёзади. Унда Герцль яҳудийларга Фаластинда ўз давлатларига эга бўлишлари учун жаҳон ҳамжамиятини ёрдам беришга чақиради. Бир йилдан сўнг у Жаҳон сионистик ташкилотига асос солади. Сионизм яҳудийларнинг тарихий ватанларига қайтиши ва у ерда ўз давлатини ташкил этиш мафкурасидир.

Аста-секин, лекин собитқадамлик билан яҳудийларнинг Фаластинга кўчишлари ўсиб боради: уларга Европадаги бой яҳудийлар (Ротшильдлар, Монтеофиорлар) ёрдам беради, Фаластиндан ер сотиб олиш учун пул йиғиб беришади.

Совуқ қабул

XIX аср ўрталарида Фаластинда тахминан 400 минг киши истиқомат қилган бўлиб, улардан атиги 6 минг нафари яҳудийлар, қолганлари эса сунний араблар бўлган. Фаластин Усмонийлар империясининг қашшоқ вилояти бўлиб, ерлар асосан йирик араб феодалларига тегишли бўлган ва улар ерларни деҳқон-фаллоҳларга ижарага беришган. Жаҳон сионистик ташкилоти ерларни айнан ўша феодаллардан сотиб олган ва шундан сўнг сотувчи ҳам, олувчи ҳам деҳқонларга шарт қўйган: энди бу ерда яшашга ҳаққингиз йўқ. Бошқача айтганда, келгиндилар фаллоҳларни яшаш жойи ва ишидан маҳрум қилишган.

Низонинг асосий сабаби мана шундай пайдо бўлган: урушлар, зўравонлик ва ҳудудий можаролар – буларнинг барчаси ўша ер олди-сотдисидан бошланган.

Фаластинга кўчиб келган яҳудийлар учун бу кўчиш юзлаб йиллик дарбадарликлардан сўнг ўз ватанларига қайтиш эди.

Асрлар давомида бу ҳудудда яшаб келган араблар учун эса яҳудийларнинг кўчиб келиши шубҳали ҳуқуққа эга бўлган чақирилмаган меҳмонларнинг ҳужуми эди. Улар учун бу гўёки уйингизга нотаниш шахслар келиб қадим замонларда бу ерда уларнинг аждодлари яшагани ва шунинг учун бу уларнинг уйи эканлигини даъво қилишидек гап эди.

Ҳар икки томоннинг даъвоси тушунарли ва бу даъво шу кунгача ўзгармай келмоқда. Исроилликлар учун бу ер муқаддас тупроқ, она ватан. Араблар учун «сионистик таълим» ер танасидаги ўсимта ва араб аҳолисининг ҳуқуқлари поймол қилинадиган апартеид режими.

Англиянинг ваъдалари

Макка шерифи Ҳусайн ибн Али ва Миср олий комиссари Генри МакМагон

Биринчи жаҳон уруши якунида Усмонийлар империяси парчаланиб кетди. Миллатлар лигаси (БМТга ўхшаш бўлган икки жаҳон уруши орасида мавжуд бўлган халқаро ташкилот) Фаластин устидан вақтинчалик назорат Буюк Британияга берилишини маълум қилди: бу мамлакат маъмурияти низоларни ечишга ёрдам беради ва давлатни (ёки икки давлатнинг) мустақилликка эришишга тайёрлайди.

Англияликларнинг сиёсати бутунлай инқирозга учради, бунга эҳтимол уларнинг бошиданоқ қарама-қарши ваъдалар бергани сабаб бўлгандир.

1) Биринчи жаҳон уруши давридаёқ улар Макка шерифи Ҳусайн ибн Алига агарда у Усмонийлар империясига қарши қўзғолон кўтарса ва Антанта урушда ғалаба қозонса, уни Фаластинни ҳам қўшиб барча араб ерларининг қироли этиб тайинлашга ваъда беришганди. (МакМахон — Ҳусайн келишуви). Ҳусайн келишувни бажарди, аммо инглизлар охир-оқибат келишув расмий шартнома мақомига эга бўлмаганини айтиб ваъдаларини бажаришмади.

2) 1917 йилда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Артур Бальфур яҳудийлар жамияти вакили лорд Ротшильдга мактуб йўллади ва уни «зоти олияларининг ҳукумати Фаластинда яҳудий халқининг миллий ўчоғини ташкил этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишига» ишонтирди (Бальфур декларацияси). Бу яҳудийлар давлатини ташкил этишга ёрдам беришни англатарди – аммо инглизлар бу йўлда амалий қадам қўйишга шошишмади.

Бу иккиюзламачилик ғазабга сабаб бўлди ва яҳудийлар ҳам, араблар ҳам инглизлар сиёсатига қарши бош кўтаришди. Бу бир-бирини кўргани кўзи йўқ икки халқни бирлаштирган ягона ҳолат бўлди. 

Британия губернатори яҳудий ва арабларнинг норозиликларидан тоқати тоқ бўлганини шундай ифодалаганди: «Арабларнинг шикоятини икки соат эшитсам яҳудийларнинг синагогига боргим келади, сионистлар тарғиботидан кейин эса исломни қабул қилишга тайёр ҳолга келаман».

Европадаги икки жаҳон уруши орасидаги кескинлик сабабли яҳудийларнинг кўчиши тезлашиб кетди. 1930-йиллар охирларига келиб ишув (Фаластиндаги яҳудийлар жамияти) 400 минг кишига етди, сиёсий партиялар, ноқонуний асосдаги қуролланган ташкилотлар пайдо бўлди. Араблар сони эса бир миллионга яқин бўлиб, уларнинг ҳам ўз ҳарбий гуруҳлари бор эди.

Урушдан кейинги уруш

Фото: Яҳудийларнинг Фаластиндаги ҳарбий бўлинмалари

1939 йилда араб амалдорларининг босими остида қолган инглизлар яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб келишларини қатъиян чеклаб қўйишди. Ҳаттоки Гитлердан қочиб келаётган яҳудийлар  тўла кемалар ҳам ортга – Европага қайтариб юборилди. Бунга жавобан ишув жанговар ташкилотлари инглизларга қарши партизанлик урушларини бошлаб юборишди.

Гитлер устидан ғалаба қозонилганидан сўнг сионистлар Британия маъмуриятига қарши янги куч билан ташланишди: 1946 йилда ЭЦЕЛЬ ташкилоти жангарилари маъмурият қароргоҳи жойлашган «Шоҳ Довуд» меҳмонхонасини портлатиб юборишди – 91 киши ҳалок бўлди. Қатъий босим ўз натижасини берди: 1947 йил февралда инглизлар Фаластин муаммосини ҳал қилишни яқиндагина ташкил топган БМТга топширди.

Икки халқ учун икки давлат

БМТ яҳудийлар ва арабларнинг ягона давлати ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас деган фикрга келди – шу заҳоти қирғинбарот бошланиши мумкин. Ҳудудни иккига: аҳолининг жойлашувига қараб яҳудий (14,1 минг кв.км.) ва араб (11,1 минг кв.км.) давлатларига бўлиш ҳақида қарор қабул қилди. Уч дин шаҳри бўлган Қуддус эса халқаро ҳудуд деб эълон қилинди.

Ишув бу режага рози бўлди, аммо араблар бу ҳақда эшитишни ҳам исташмади. «Фаластиннинг бирор қисми яҳудийларга тегадиган бўлса, бу ер олов ва қон ичида қолади», —деди олий араб қўмитаси вакили. БМТ барибир ўз фикрида қолди: 1947 йил 29 ноябрда Фаластинни бўлиш ҳақидаги резолюция қабул қилинди.

Мустақиллик уруши / Фалокат

1948 йил 14 майда Давид Бен-Гурион томонидан Исроил мустақиллиги эълон қилиниши билан унинг араб қўшнилари Миср, Сурия, Трансиордания, Ливан, Ироқ ва бошқалар Исроилга бостириб киришди. Талаб қатъий эди: Фаластин арабларники бўлиши шарт, яҳудийлар истаган ерларига кетишлари мумкин.

Аммо араб давлатлари ҳеч қандай натижага эриша олмади. 1949 йил июлига келиб Исроил барча ҳужумларни қайтарди ва бостириб кирган қўшинларни яксон қилди. Шу билан бирга, у БМТ режасида ажратилган ерлардан ортиқча яна 1300 квадрат километр ерни босиб олди. Фаластинда араб давлатини ташкил этиш учун ажратилган қолган ҳудудни Миср (Ғазо сектори) ва Иордания (Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Шарқий Қуддус) ўз назоратига олди.

1947-1949 йилги уруш Исроил тарихига мустақиллик уруши номи билан кирди, аммо араблар уни Нақба – Фалокат деб аташди. Айнан мана шу урушдан сўнг Фаластин халқининг фожиаси бошланди.

Уруш бошлангунига қадар араблар яҳудийлар давлати учун мўлжалланган ҳудудни оммавий равишда тарк эта бошлашганди: БМТ ҳисоб-китобига кўра, қочоқларнинг сони 750 минг кишини ташкил этган. Уларнинг бу ерларни тарк этишлари сабаби ҳақида ҳозиргача баҳслашиб келишади. Исроил тарихчилари араблар ўз ихтиёрлари билан кетишганини таъкидлашади, Исроил бош вазири Голда Мейр эса Хайфадаги араблардан шаҳарни тарк этмасликларини ёлвориб сўраганини айтади. Бошқа ёндашувга кўра эса, Исроилдаги қуролли ташкилотлар арабларни сиқиб чиқаришган – уларга нисбатан таҳдид ва зўравонликлар бўлган.

Биринчи муаммо: фаластинлик қочоқлар

БМТ резолюциясига мувофиқ, Исроил араб қочоқларига уйларига қайтишларига рухсат бериши ёки уларга товон тўлаши керак. Исроил бундан бош тортяпти ва келажакда ҳам бунга кўниши амримаҳол. БМТ қоидаларига кўра, Фаластинни 1947-1949 йилларда ҳамда 1967 йилда тарк этган арабларнинг тўғридан-тўғри авлодлари ҳам қочоқлар ҳисобланишади ва мос равишда, уларнинг сони 5 миллионга яқинлашади.

Исроиллик сиёсатчилар учун бунча нуфусдаги арабларни ўз давлатларига киритишни ҳатто хаёлга келтириш ҳам мумкин эмас. Араблар Фаластин ҳудудига эмас, айнан Исроилга қайтиш ҳуқуқларини талаб қилишмоқда. Исроилда ҳозирда 6,5 млн атрофида яҳудий ва 1,5 млн араб истиқомат қилади: демография ҳисобга олинса, арабларнинг кўчиб келиши Исроилни камида ярим араб давлатига айлантириб қўяди. Исроил ўзини яҳудий халқининг миллий ўчоғи деб ҳисоблагани сабабли бунинг имкони йўқ.

Ўз навбатида, фаластинликлар киндик қони тўкилган ватанларига қайтиш ҳуқуқларини талаб қилишмоқда: ўнлаб йиллар мобайнида улар ва уларнинг авлодлари зўравонликларга дуч келишмоқда ва уйларига қайтиш ёки товон тўлови олишга муносиблар. Исроил эса бу амалга ошириш имконсиз иш эканлигини айтиб, на у ва на бу талабни бажармоқда. 

Хатонинг такрорланиши

Икки араб уруши орасида қарийб йигирма йил ўтди. Бу вақт ичида Исроил яҳудийларни қабул қилишда давом этди ва давлатчилигини мустаҳкамлади. Кўплаб араб давлатларида ҳокимият алмашди: Британия ёки Францияга мойил эскилари ўрнига ёш миллатчилар, сўллар ва СССР қўллаб-қувватлаган Миср президенти Жамол Абдул Носир (1918-1970) каби янгилари келди. «Империализм қўрғони бўлган Исроил денгизга чўктирилади», деб ваъда берди Носир.

1967 йилда Миср ва Сурия Исроил билан чегараларига кўпсонли қўшинларини жойлаштирди. Яҳудийлар буни ҳужумга тайёргарлик деб ҳисоблашди ва 5 июнь куни огоҳлантирувчи зарба беришди. Исроил олти кун ичида араб коалициясининг ҳарбий-ҳаво кучларини яксон қилиб ташлади – бу воқеа тарихга Олти кунлик уруш номи билан кирди. 1949 йилдан буён Иорданияга тегишли бўлган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи, Миср назоратида бўлган Ғазо сектори ва Синай яримороли, Суриянинг Голан тепаликлари уруш якунида Исроилга ўтди. Шарқий Қуддус ҳам Исроил назорати остида қолди.

Иккинчи муаммо: Қуддуснинг мақоми

Тарихий жиҳатдан мусулмонлар учун ҳам, яҳудийлар учун ҳам муҳим бўлган Қуддус шаҳри мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги барча музокараларда ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб келмоқда. Исроил 1980 йилда Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилган, БМТ жаҳон ҳамжамиятини бу қарорни ноқонуний деб ҳисоблашга чақириб келади. 2017 йилда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Америка элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди.

Исроил билан низони ҳал қилиш борасидаги музокараларда Фаластин томони «1967 йилгача» бўлган чегараларга қайтишни, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини Фаластин давлати ҳудуди деб тан олишни талаб қилиб келади. Муаммо шундаки, 1967 йилгача Қуддус тўлалигича Исроилга тегишли бўлмаган.

Исроил Қуддуснинг ҳатто ярмини ҳам фаластинликларга беришга хусусан, хавфсизлик нуқтаи назаридан қарши чиқиб келади: Шарқий Қуддусдан халқаро аэропорт жуда яхши нишонга олинади. Фаластин раҳбариятини барқарор деб аташ қийин бўлган шароитда Исроил унга шарқий Қуддусни беришни имконсиз деб ҳисоблайди.

1967 йилги Олти кунлик урушни араблар Нақса — Такрор деб аташади. Бу сафарги мағлубият олдингисидан ҳам аламлироқ бўлди ва юз минглаб фаластинлик араблар уй-жойларини ташлаб қочди. Исроил 800га яқин киши йўқотди, араб давлатлари эса 15 мингга яқин аскаридан айрилди. Шу билан бирга, Исроил ўз ҳудудини урушгача бўлган даврга нисбатан уч бараварга кенгайтириб олди.

Араб-Исроил ва Фаластин-Исроил низоси

Исроил зирҳли машиналари. Синай яримороли. 1967 йил. Фото AP

Фаластин-Исроил низосини Араб-Исроил низоси билан чалкаштирмаслик керак – Олти кунлик урушдан сўнг ва айниқса, араб дунёсини бирлаштириб турган Носирнинг вафотидан сўнг илгари бирдам бўлган антиисроил фронти қатнашчилари (Миср, Иордания, Сурия) борган сари фақат ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қила бошлади.

Улар ўз мақсадларини «араб бирлиги» ва «фаластинлик биродарларни қўллаб-қувватлаш» каби баёнотлар билан ниқоблашмоқда, фаластинликларнинг тақдири эса фақат фаластинликларни ташвишга солмоқда.

Масалан, 1964 йилда Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) тузилганидан сўнг Иордания қироли Ҳусайн (1935-1999) анча ҳушёр тортди: фаластинлик жангари-фидойилар Исроил постларига партизанлик ҳужумларини Иордания ҳудудидан амалга оширишди ва ЦАХАЛ уларга қарши тап тортмасдан жавоб чораларини кўрди.

Узоқ вақт шундай давом этиши мумкин эмасди. 1968 йилда фаластинликларнинг муваффақиятли ҳужумидан сўнг Ҳусайн «Биз ҳаммамиз фидойилармиз!», деб ҳайқирди, аммо икки йилдан сўнг, ФОТ етакчиси Ёсир Арофат иорданияликлардан кўра фаластинликлар кўпроқ бўлган мамлакатни эгаллаб олиш билан таҳдид қилганидан сўнг барча қуролли гуруҳларни Ливанга қувиб юборди. Мазкур жараёнда 3400 фаластинлик ўлдирилди.

Миср президенти Анвар Садат (1918-1981) эса янада кескин сиёсий ишни амалга оширди. 1973 йилда навбатдаги Араб-Исроил урушида мағлубиятга учрагач, Садат Исроил билан тинч музокараларга ўтди.  

1979 йилда АҚШ президенти Жимми Картер воситачилигида сулҳ имзоланди ва дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Садат шу тарзда Исроилни тан олмаслик бўйича араб олами бирлиги тамойилини бузди ва арабларнинг кескин норозиликларини келтириб чиқарди (у 1981 йилда ўлдирилган). 

Нисбатан заиф Иордания араб олами позициясига нисбатан бундай йўл тута олмасди, аммо якунда Исроил билан тинчлик шартномаси имзолади ва анча кеч бўлса-да, 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатди. Ҳозирда Миср ва Иорданияни Исроил билан дўст деб бўлмайди, аммо «совуқ тинчлик» ҳолати учала давлат сиёсатчиларини ҳам қониқтиради. Фаластинликлар билан бирдамлик яхши, лекин шахсий манфаатлар ундан устун туради.

Терактлар, норозиликлар, музокаралар

1972 йилнинг 5 сентябри. Мюнхендаги теракт
Фото The Times of Israel

ФОТ узоқ йиллар давомида ўзини Исроилга қарши курашда ҳар қандай усул: оддий фуқароларни ўлдириш, самолёт олиб қочиш, одамларни гаровга олиш кабиларни қўллайдиган террорчилик ташкилотидек тутди. ФОТнинг энг ёдда қолган теракти 1972 йилги Мюнхен Олимпиадасида яҳудий спортчиларнинг ўлдирилишидир. ФОТнинг Ливандаги машғулот лагерларида Европа ва Япониядан келган террорчилар «малака оширарди». Бундан ташқари, 1970-йилларда Ёсир Арофат ва унинг сафдошлари Ливанни деярли вайрон қилишганди: улар мамлакатнинг жанубий қисмини назорат қилар экан, Исроил, Сурия ва БМТ халқаро кучлари иштирок этишга улгурган узундан-узоқ фуқаролар урушида қатнашишди. Ливан урушида жами 144 минг киши ҳалок бўлди.

Арофатнинг ўзи эса ФОТнинг даҳшатли фаолиятида иштирок этганини рад этиб, бу ишларни қилган жангарилар ташкилотни тарк этишганини билдирди ва ўзини ҳурматга лойиқ сиёсатчидек тутди. У 1988 йилда БМТда чиқиш қилиб, ФОТ бундан буён Исроилни тан олишини маълум қилди ва «терроризмнинг ҳар қандай кўринишини, жумладан давлат терроризмини» қоралади. 

Исроил бу пайтга келиб интифода – Исроил назорати остидаги ҳудудларда яшовчи фаластинликларнинг оммавий равишда бўйсунмаслик акциясидан чарчаганди. Исроил сиёсатидан ва ўз ҳуқуқлари топталишидан норози бўлган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторида яшовчи аҳоли полиция ва ҳарбийларга ҳужум қиларди. Баъзан интифода урушга ҳам ўхшаб кетарди —1987 йилдан 1993 йилгача 100дан ортиқ исроиллик ва 2000дан ортиқ фаластинликлар ҳалок бўлди. 

Исроил бош вазири Ицхак Рабин (1922-1995) Фаластин халқининг бевосита вакили сифатидаги ФОТ билан музокараларсиз Исроилда ҳеч қачон тинчлик ўрнатилмаслигини тушунарди. «Мен Ғазонинг денгизга ғарқ бўлишини истардим, аммо бундай бўлмайди. Шунинг учун ечим топишимиз шарт», деб ҳазиллашганди у шахсий суҳбатлардан бирида.

Муваффақият ва инқирозлар

Ицхак Рабин, Билл Клинтон ва Ёсир Арофат
Фото: Мигдаль

Ицхак Рабин ва Ёсир Арофат АҚШ президенти Клинтон воситачилигида Осло жараёнини бошлашди — Норвегия пойтахтида Фаластин муаммосини ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинган туркум учрашувлар ўтказилди. Натижада 1993-1995 йилларда оралиқ келишувга эришилди. Амалда Фаластин ҳукумати бўлган Фаластин миллий маъмурияти ташкил этилди, Ғазо сектори ва ғарбий соҳилнинг кичик қисми унинг маъмурий назоратига ўтди. Шу билан бирга, Исроил маъмурият чегараларини назорат қилиб турарди, мустақиллик ҳақида ҳозирча ҳеч бир сўз йўқ эди — у навбатдаги музокаралар мавзуси бўлиши лозим эди.

1995 йилда Иордания билан тинчлик имзолаган ва фаластинликлар билан сулҳ тузишга йўл очган  бош вазир Ицхак Рабин «Исроил халқини Осло шартномасидан ҳимоя қилган» Игаль Амир томонидан отиб ўлдирилди.

Учинчи муаммо: ғарбий қирғоқдаги яҳудий масканлари

© AFP 2018 / Hazem Bader

Аксарият ўнг нуқтаи назардаги исроилликлар Игаль Амир сингари Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидан кетишига қарши чиқишади. Гап шундаки, 1967 йилдан кейин Исроил БМТ томонидан араб давлатини ташкил этиш учун ажратилган бу ҳудудга аввалига яккам-дуккам, кейин эса ташкилий тарзда аҳоли масканларини қура бошлади. 

Ҳозирда ғарбий қирғоқда 120та маскан қурилиши маъқулланган бўлиб, ҳаттоки Исроил ҳукумати нуқтаи назаридан қараганда ҳам ноқонуний қурилган яна 100та маскан жойлашган. Фаластинликлар бу масканларни ноқонуний деб ҳисоблашади – уларнинг аҳолиси тез-тез теракт ва ҳужумлар қурбонига айланишади. Аммо диний мутаассиблар бу ерда яшаш орқали муқаддас ерни Исроилга қайтаришни ўзларининг бурчи деб билишади. Қурилиш тобора кенгайиб, фаластинликларни ташвишга солмоқда ва ғарбий қирғоқнинг Фаластинга қайтарилиши эҳтимолини қийинлаштирмоқда – бу масканлар аҳолиси ўз уйларини тарк этишдан бош тортмоқда.

Кемп-Дэвиддаги муваффақиятсиз саммит

Эхуд Барак, Билл Клинтон ва Ёсир Арофат
Фото: Disgustingmen

Рабиннинг ўлимига қарамасдан, ярашув жараёни давом эттирилди. 2000 йилда Арофат ва Исроилнинг янги бош вазири Эхуд Барак Билл Клинтон воситачилигида тўлақонли Фаластин давлати ташкил этилгани ҳақидаги шартномани имзолаши керак бўлган Кемп-Дэвиддаги (АҚШ) саммит бу жараённинг  юқори чўққиси бўлиши лозим эди. Аммо бундай бўлмади. Арофатга Шарқий Қуддус устидан мустақиллик ва барча фаластинликларни уйларига қайтариш таклиф этилмади, бундан ташқари, унинг бўлажак Фаластин давлати ҳудудидан Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш ҳақидаги талаби қабул қилинмади. Натижада шартнома имзоланмади.

Эхуд Барак тинчлик келишуви имзоланмаслигида Ёсир Арофатни айблади. Билл Клинтон ҳам унга қўшилди. Арофат суҳбат пайтида Клинтонни «буюк инсон» деб атаганида,у «Мен буюк инсон эмасман, мен омадсизман ва мени сиз омадсизга айлантирдингиз» деди. Арофат эса ўз навбатида уни «саммит ўтказиш учун саммитга» келишга Барак ва Клинтон мажбурлаганини, аслида дастлабки тайёргарлик томонлар музокараларга тайёр эмасликларини кўрсатганини таъкидлади. Саммитдан кейиноқ беш йил давом этган иккинчи интифода бошланди.

2004 йилда Арофат вафот этди. Клинтон энди АҚШ президенти эмас, Барак эса Исроил бош вазири эмасди. 2000 йилдан сўнг Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш истиқболи тобора узоқлаша бошлади.

Парчаланиш

Фото: GETTY IMAGES

Рабиннинг «Ғазо секторининг денгизга ғарқ бўлиши» ҳақидаги ҳазилини бош вазир Ариэль Шарон енгилроқ кўринишда ҳаётга татбиқ қилишга уринди. 2005 йилда Шарон «бир томонлама ажралиш» режаси доирасида Ғазо секторига ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконини берди: у ердан барча қўшинларни олиб чиқди ва яшаш масканларини буздирди. Якунда Ғазода ҳукумат тепасига ФОТ вакилларини сиқиб чиқарган ХАМАС аъзолари келишди ва Исроилга ракеталар ёғдира бошлашди, Исроил бунга жавобан иқтисодий қамал жорий этди.

Шароннинг бу қадами муваффақиятсиз деб эътироф этилди – эндиликда Ғазо Исроил учун ҳар доимгидан ҳам кучли беқарорлик манбаига айланди: Исроил секторни тозалаш мақсадида уч марта (2008, 2012 ва 2014 йилларда) ҳарбий операция ўтказди. Бунинг устига, икки ҳукуматли тизим пайдо бўлди: Ғазони ХАМАС, ғарбий қирғоқни ФОТ бошқармоқда.

Фаластинликлар орасида муросага рози бўлмайдиган ХАМАС оммалашмоқда, Исроилда эса 2009 йилдан буён ҳукумат тепасида фаластинликларга нисбатан кескин сиёсат олиб бораётган ва аҳоли масканлари қуришни кенгайтираётган Биньямин Нетаньяху турибди.

Исроилни очиқчасига қўллаб-қувватлаётган Дональд Трамп маъмурияти сиёсатидан келиб чиқилса, Нетаньяхуни тўхтатиб қоладиган омил йўқ: Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси унинг тарафида. Бунинг устига, жаҳон ҳамжамиятининг фаластинликлардан бошқа муаммолари ҳам етарли. Кун тартибида ундан-да муҳим ва кескин низолар турибди: Суриядаги уруш, Украина шарқидаги низо, Шимолий Кореянинг ядровий дастури, Эрон... Ҳозирда ҳеч ким Фаластин муаммосини ҳал қилишга киришмаяпти.

Ғазодаги бугунги вазият

Фото: AFP

12 ноябрь куни Исроил самолётлари фаластинликларнинг Ғазодаги юзлаб объектларига ҳужум уюштирди. Ҳарбий тадбирлар 11 ноябрь куни Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 370дан ортиқ ракета йўлланишига жавобан амалга оширилди.

Охирги маълумотларга кўра, низолар оқибатида икки томондан камида 5 киши ҳалок бўлган: Ғазо секторида 4 киши ва Исроилнинг Ашкелон шаҳрида бир киши.

Исроил армиясининг жавоб ҳужуми давомида Ғазо портидаги  ХАМАС разведка ва диверсия мақсадларида фойдаланиб келган бир кема йўқ қилинди. Шунингдек, ушбу ташкилот фаолиятини тарғиб қилиш билан шуғулланувчи Al-Aqsa телеканали биноси вайрон этилди.

Бундан аввалроқ Исроил ХАМАС билан муносабатларда жавоб чораларини кучайтириши ҳақида маълум қилганди. Фаластинликлар ҳам Исроилга қарши «олов ҳалқасини кенгайтириши»ни эълон қилишган.

Март ойи охиридан буён Ғазо секторидаги можаролар туфайли 200дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксари чегара ҳудудидаги намойишлар вақтида ўлдирилган.

Дилшод Асқаров тайёрлади

Мавзуга оид