Жаҳон | 16:50 / 14.11.2018
11757
1 дақиқада ўқилади

Исроил Мудофаа вазири истеъфога чиқди. У ҳукуматни «террорчиларга таслим бўлиш»да айблади

Фото: Reuters

Исроил Мудофаа вазири Авигдор Лидерман истеъфога чиқди. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар бермоқда.

Кнессетда (Исроил парламенти) ўз партияси фракциясидаги чиқиши вақтида у ҳукумат Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини террорчиларга таслим бўлиш деб атаган.

13 ноябрь куни Либерман ва Исроил ҳукуматидаги яна 3 нафар вазир Ғазодаги вазият бўйича Фаластин билан сулҳ тузилишига қарши чиқишганди. Томонлар Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатишганди.

12 ноябрь куни Ғазо секторидан Исроил ҳудудига юзлаб ракеталар ёғдирилганди. ОАВ маълумотига қараганда, бу ҳужум исроиллик ҳарбийлар Ғазода амалиёт ўтказиши ва ҲАМАСнинг 7 нафар вакили, шу жумладан қўмондонлардан бирини ўлдиришига жавобан амалга оширилган. Шундан кейин Исроил ҳарбий самолётлари Ғазо секторидаги объектлар бўйлаб зарбалар берди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид