Жамият | 21:10 / 14.11.2018
87245
8 дақиқада ўқилади

«Маънавият ҳашари». Андижон вилоятида ҳукумат қарорига зид тарзда «навбатдан ташқари ҳашар» эълон қилинди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фармойиши билан вилоят ҳудудида шу йилнинг ноябрь-декабрь ойлари «Маънавият ойлиги» деб эълон қилинди.

«Kun.uz»га етиб келган фармойиш нусхасида вилоятда ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида хайрия ҳашари ўтказилиши кўрсатилган. Унга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ходимларининг ихтиёрийлик асосидаги ёзма розилигига кўра бир кунлик иш ҳақлари хайрия ҳашарида ишлаб топилган маблағ сифатида Андижон вилояти ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига туширилиши лозимлиги белгиланган.

Вилоятда «Маънавият ойлиги» ва «Маънавият» умумхалқ хайрия ҳашарига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят штаби тузилган. Штабга вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов, унинг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиев, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари М.Ғофуров раҳбарият вакиллари сифатида, вилоят молия бошқармаси бошлиғи Б.Ҳайдаров, вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи Х.Султонов, вилоят Статистика бошқармаси бошлиғи В.Новик, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Азимов, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи в.в.б Ш.Мамажонов, вилоят телерадиокомпанияси раиси М.Каримов, «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти бош муҳаррири С.Шукуров, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси У.Абдуллаев, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси О.Юлдашев аъзолар сифатида кирган.

Штаб аъзолари «Маънавият ойлиги» ва ойлик доирасида ўтказиладиган «Маънавият» умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тадбирларига фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, вилоят аҳолиси, айниқса ёшларни кенг жалб этиш чораларини кўриб, бу борада тушунтириш ишлари олиб боришлари кўрсатилган.

Шундай штаблар вилоятлардаги шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлар қошида ҳам тузилган.

«Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда шаҳар, туман ҳокимликлари «Маънавият» умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан амалга оширилган ишлар ҳамда бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағларни Андижон вилояти ҳокимлигининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилиши тўғрисидаги маълумотларни вилоят штабига ахборот қилиб борсин», дейилади фармойиш матнида.

Ҳашар доирасида турар-жой мавзелари, қишлоқлар, маҳаллалар, кўча ва йўллар ҳамда болалар спорт майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва бўяш, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, тарихий обидалар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, шунингдек, ариқ ва зовурларни тозалаш ҳамда қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, шунингдек, кекса ва ногирон кишилар ҳолидан хабар олиш каби ҳомийлик ишлари ўрин олган.

Вилоят ҳокимининг фармойишида гарчи ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ихтиёрийлик асосида ушлаб қолинади, деб ёзилган бўлсада, лекин вилоят ҳокими ўринбосари А.Эгамбердиев томонидан 9 ноябрь куни имзоланган хабарномада шаҳар ва туман ҳокимларига ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги корхона, бошқарма ва муассасаларда ишлаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақларини белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигининг махсус ҳисоб-рақамига тўлиқ ўтказиб бериш учун 14 ноябрга қадар муҳлат берилган. «Тўлиқ ўтказиб бериш таъминлансин» деган иборанинг ўзи ушбу ҳашар қай даражада ихтиёрий-мажбурий ташкил қилинганини кўрсатиб турибди.

2018 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Андижон вилояти аҳолиси сони 3 миллион 50 минг 494 кишини ташкил этган. Шундан 1 миллион 813 минг 787 киши меҳнатга яроқли ҳисобланади. Очиқ маълумотларга кўра, айни вақтда Андижон вилоятида 1 миллион 263 минг 229 киши банд аҳоли, шундан 414 минг 796 киши расмий секторда, яъни, давлат ташкилотлари ходимларидир.

Давлат ташкилотлари ходимларидан ҳокимликнинг махсус ҳисобига қанча маблағ ўтказилганини (ҳоким фармойишига кўра бугун охирги муддат) калькулятор ҳисоблаб беради. Лекин бу маблағ ўз эгаларига албатта қайтарилиши зарур.

Зеро, маҳаллий раҳбарлар ўзбошимчалик билан умумхалқ ҳашари эълон қилишга, боз устига ҳашарчилардан маблағ йиғиб олишга ҳақли эмас.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарорига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади.

Шу билан бирга, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоот томлари, махсус ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсоннинг ҳаёти ёки соғлигига хавф туғилиши юзага келувчи бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш қатъий тақиқланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда одатда йилига икки марта умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Жорий йилда 18-19 март кунлари (Наврўз байрами арафасида) ва 18-19 август кунлари (Қурбон ҳайити байрами арафасида) Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан республика бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилганди.

Умуман олганда, Вазирлар Маҳкамасининг ихтиёрий-мажбурий меҳнатни тақиқлашга доир қарори қабул қилингунигача вилоятларда ҳокимлар фармойиши билан ҳашарлар ўтказиш ва давлат ишчиларидан бир кунлик иш ҳақларини йиғиб олиш одатий ҳол бўлган. Шундай ҳашарлар ўтказилгани ҳақида матбуотда ҳисобот материаллари ҳам нашр этилган.

Лекин ўшанда ҳам ҳокимларнинг фармойишига жимгина бўйсунган фуқаролар энди ҳам тегишли жойларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини талаб этишмаяпти. Ҳолбуки, ихтиёрий-мажбурий ҳашарга жалб этилганлар Бош прокуратурага 1007 телефон рақами орқали, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 71-200-06-00 рақами орқали ёки Адлия вазирлигига 1008 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Шу кунларда Андижон вилоятида эълон қилинган маънавий ҳашар бўйича ҳам тегишли идораларга мурожаат қилинмаган.

Сайт таҳририятига келиб тушган маълумот бўйича вилоят ҳокимлигидан изоҳ олишга бўлган ҳаракатлар зое кетди.

Ўзбекистон президентининг мажбурий меҳнатга қарши олиб бораётган сиёсати нега жойларда амалда эмас? Фуқаролар нега ўз фарзандларининг ризқини қийишга кўнишмоқда? Амалдорлар нега адолатсизликка бош қўшишмоқда? Нега мажбурий меҳнат маънавият ниқоби билан пардаланмоқда?

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳукумат қарорларини тан олмайдими?

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселекторда «қонун ва ҳужжатларга хилоф равишда ҳашар ҳамда шанбаликлар ташкил этиш амалиётига барҳам бериш» тўғрисида гапирган Бош вазир Абдулла Арипов ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этишда давом эттириш президент ва давлат сиёсатига қарши чиқиш эканини таъкидлаб ўтган эди.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид