Жамият | 23:50 / 15.11.2018
46524
5 дақиқада ўқилади

«Ахборот тақдим қилишда бошқалардан анча кеч қоляпмиз». Тележурналист иқрори

Таҳририятда «Ўзбекистон 24» телеканали мухбири Мавжуда Мирзаеванинг интервьюсини эълон қилиш-қилмаслик тўғрисида узоқ баҳс кечди. Бир тарафдан интервьюда йирик ОАВ вакиллари, ҳамкасбларимиз фаолияти танқид остига олингани, «ички ошхона сирлари» фош қилиниши ахлоқ меъёрларидан четга чиқиш бўлса, иккинчи томондан «Дўстим мен учун қадрли, аммо ҳақиқат муҳимроқ» дейишади.

Охир-оқибат Мавжуда Мирзаеванинг сўзлари асосидаги мазмунан мақола ва видеолавҳани таҳририят нуқтаи-назарини билдирмаган ҳолда тақдим этишга қарор қилдик. Мазкур мақола ортидан иккинчи томон ҳам ўз муносабатини билдириш истагида бўлса, албатта унга ҳам минбар берилади.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

«Биз замондан кескин орқада қоляпмиз»

– «Ўзбекистон 24» телеканали ўз номи ва мавқеи бўйича мамлакатимизнинг энг тезкор ва кенг қамровли ахборот узатувчиси бўлиши керак. Аммо амалда бу номга лойиқ иш кўрилмаяпти. Биз ахборот тақдим қилишда бошқалардан анча кеч қоляпмиз. Мана оддий мисол – Тошкент ҳокимлиги томонидан инвесторлар билан кенг қамровли лойиҳа бошланди. Унга кўра, ўзининг бизнес-режаларини тақдим этган ва тасдиқдан ўтган инвесторларга ер майдонлари берилиши режалаштирилганди. Ўша ғолиб бўлган инвесторлар аниқланди. Уларга ер-майдони тантанали равишда топшириладиган бўлди. Мен шу тадбирни ёритиш мақсадида раҳбариятдан рухсат сўрашга кирсам, биринчи савол «Шу тадбир ёритилиши сўралган хат борми?» бўлди. Энди ўйлаб кўринг, бу хатни ким жўнатиши керак? Ҳокимми, инвесторми? Мен хорижий инвесторга бориб, «Биз лойиҳангизни телеканалимизда ёритмоқчимиз, хат қилиб беринг» дея оламанми? Хорижлик «Бу қанақа янгилик излаш усули?» деб ҳайрон бўлмайдими?

Энг муҳими – ўша хатни ҳам олиб келдим дейлик. У маъмуриятга топширилади, бир неча киши тасдиқлайди. Шундан кейингина навбати билан гуруҳ шакллантирилиб, жойларга чиқарилади. Ахир унгача ҳар қандай тадбир ўтиб кетган бўладику!? Кўпинча биз эскирган ахборотни тиқиштиришга уриняпмиз.

Одамлардан телеканалимиз ҳақида сўрганимда «биз у канални томоша қилмаймиз» деган жавобни эшитсам, хўрлигим келади...

«Ташаббусларга эътибор йўқ»

– Ўйлашингиз мумкин, нега ўзингиз бирор нарсани ўзгартирмаяпсиз, деб. Ҳаракат қилганман, лекин эскича ишлаш тизими шунчалар сингиб кетганки, анча-мунчага ўзгартириш қийин. Ахир президент, халқимиз биздан тезкор ва холис янгиликлар талаб қиляптику? Биз кечикканимиз етмагандай, яна ялтироқ ахборот тарқатишда давом этяпмиз. Ҳанузгача тайёрлаган лавҳамиз ҳар қанча силлиқ бўлмасин, бир неча киши томонидан кўриб тасдиқланиши керак бўлмоқда. Агар улар нимадир иш билан банд бўлиб қолишса, лавҳа эскириб ётаверади. Не ажабки, сўз эркинлиги тўғрисида жар соламиз, аммо ҳамон цензура бор.

Бир неча марта ўзига хос лойиҳалар тайёрлагандим, аммо ҳеч кимни қизиқтирмади.

«Биз томошабинни алдаяпмиз»

Яна бир ҳолат борки, унга ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Касб тақозосига кўра кўплаб хорижий инвесторлар билан интервьюлар тайёрлаймиз. Аммо улар айтган гаплари кескин ўзгартириб юборилади. Масалан, хорижлик меҳмон ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятида дуч келаётган муаммолар ҳақида гапирса, уларнинг ечимини кутаётганини айтса, биз таржимада «Ўзбекистондаги улкан ислоҳотлардан ҳайратдаман...» мазмунида ўқиб юборамиз. Ахир бу томошабинни, ўз халқимизни алдаш эмасми?! Одамлар билмайди, деб ўйлаймиз. Аммо бугуннинг одамлари ҳамма нарсадан бохабар. Улар интернетни, бошқа ахборот манбаларини кузатиб боришади. Бизнинг ёлғонларимизни кўриб-билиб туришади ва устимиздан кулишади.

«Ишдан ҳайдалишдан қўрқмайман»

– Саволингиз ўринли. Шунча гапни ошкор қилгандан сўнг мен у ерда ишлай оламанми? Лекин мен бу гапларим учун ишдан бўшатиб юборишларидан қўрқмайман. Қўлимда қаламим бор, ишимни топиб кета оламан. Лекин бу ҳол давом этишини – замондан ортда қолишимиз, эскича ишлашимиз, ёлғон ва ялтироқ ахборотлар тайёрлашимизни виждоним ортиқ қабул қила олмайди.

(келгуси мақолада МТРКнинг кўпчилик ходимлари маошлари мунтазам кечикаётгани ҳақида ёритамиз)

Мавзуга оид