Жаҳон | 09:29 / 15.11.2018
7662
2 дақиқада ўқилади

Brexit бўйича келишув режаси эълон қилинди. Ўтиш даври муддати маълум

Фото: AP

Буюк Британия Европа иттифоқидан мамлакатнинг чиқиши бўйича Европа ҳукумати билан келишув лойиҳасини эълон қилди. 585 саҳифалик ҳужжат билан Британия ҳукумати веб-сайтида танишиш мумкин.

Шунингдек, сайтда мамлакатнинг Европа иттифоқи таркибидан чиқиши тўғрисидаги сиёсий декларация матни ҳам жойлаштирилган.

Brexit шартлари бўйича Европа иттифоқи бош музокарачиси Мишель Барньенинг маълум қилишича, Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиб кетганидан кейинги ўтиш даври 2020 йил 31 декабрга қадар давом этади. 

Музокарачининг сўзларига кўра, Буюк Британия 2019 йил 29 мартда ЕИни тарк этади, бироқ шундан сўнг ўтиш даври юзага келади.

«21 ойлик даврда, 2020 йил 31 декабргача биз ички бозор, божхона иттифоқи ва Европа сиёсати бўйича мавжуд вазиятни сақлаб қолишга келишиб олдик», - деди Барнье.

Унинг таъкидлашича, томонлар ўтиш даврини кенгайтириш ҳуқуқини сақлаб қолмоқда, аммо узайтириш муддати чекланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Brexit бўйича музокаралар тугаб қолгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид