Ўзбекистон | 21:40 / 17.11.2018
56385
4 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов депутатларнинг Украина билан «савдо уруши» бўйича таклифларига муносабат билдирди

Фото: Парламент матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзолари иштирокида депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг бош молиявий ҳужжати лойиҳаси – солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Муҳокамалар давомида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бош вазирга мурожаат қилиб, Украинанинг ўзбек автомобилларига нисбатан қўймоқчи бўлаётган чекловларига қарши яқинда депутатларнинг муносабати ва билдирган таклифи бўйича ҳукумат томонидан қандай чоралар кўриш режалаштирилаётгани ҳақида сўраган. Депутат ўз сўзида агар зарур бўлса ҳукумат Украина маҳсулотлари импортининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бошқа мамлакатлар билан савдо иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини билдириб ўтган.

Бош вазир депутатнинг ушбу таклифига жавобан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида узоқ ва яқин қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва шу боис, Украина парламенти томонидан кўтарилиб, Украина ҳукуматига киритилган Ўзбекистон автомобилларига қарши чеклов ўрнатиш бўйича чораларга қарши ҳар қандай чора қўллашда вазминлик ва босиқлик билан иш тутиш зарурлигини маълум қилган.

Ҳукумат раҳбари ўз сўзида айни вақтда Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва идоралар Украина томони билан мазкур масалада аниқ ечимга келиш устида ишлаётгани ва яқин вақт ичида томонлар ўзаро манфаатли тўхтамга келинишига ишонч билдирган.

Ноябрь ойи бошида Украина «УкрАвто» автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг аризаси асосида Ўзбекистон автомобиллари олиб кирилиши бўйича тергов-суриштирув ишларини бошлагани ҳақида хабар тарқалганди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуллаев бу хабарлар юзасидан шундай маълумот берганди: «Бу бизни нимададир айблаб, таъсир ўтказиб, автомобилларимизнинг олиб кирилишига чеклов ўрнатиш борасидаги биринчи уриниш эмас. Бу сафар Украина томони автомобиль саноатига давлат томонидан субсидия ажратилиши масалаларини ўрганади. Бунгача демпингга қарши суриштирувлар ўтказилган эди. Ўшанда биз икки томонлама ишчи тартибда, нормал ҳамкор давлатлар сифатида ишладик, бир қарорга келдик ва кун тартибидан оғриқли саволларни олиб ташлагандик».

Ўшанда депутат Расул Кушербаев Украинанинг чекловларига қарши ҳукуматимиз ҳам чора кўришга тайёр тyриши кераклиги ҳақида айтиб чиққанди.

«Мақсад Ўзбекистон товарлари импортига чеклов қўйиш бўлса, нима учун Украина товарларига нисбатан Ўзбекистонда ҳам бунинг аксини қилиш мумкин эмас?!

Ўзбекистонга охирги уч йилда Украинадан 642 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган бўлса, биздан уларга 169 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган холос. Ундан ташқари, Украина товарларидан 142 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, 510 миллиард сўмлик имтиёз қўлланган.

Импорт сифатида бизнинг бозоримизга кириб келаётган бундай маҳсулотларни чеклаш бўйича қандайдир махсус текширувлар уюштирилаётгани йўқ-ку», деганди у.

Яна бир депутат Абдурашид Абдуқодиров ҳам Украинанинг бу ҳаракатларига жавоб қайтариш зарурлигини айтганди.

«Ўзбекистон автомобиллари ўзаро товар айланмасига нисбатан атиги 5,5 фоизни ёки Украинада ишлаб чиқарилаётган автомобилларга нисбатан бир фоизга яқинни ташкил этаётган ҳамда 2017 йилда Ravon модели сотувлар бўйича 10-ўринни эгаллаганлигига қарамасдан, Украина томонидан юқоридаги мазмунда баёнот берилганлиги Украина халқига фойда келтиришидан кўра кўпроқ зарар келтириши аниқ

Биринчидан, Украинадан импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини кескин камайтириш чораларини кўриш мумкин. Бунда импортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзимизда кўпайтириш ҳамда Россия билан алоқаларни янада ривожлантириш мумкин.

Иккинчидан, Украинага камроқ экспорт қилиш керак. Бунинг учун янги бозорларни излаш керак», деганди депутат. 

Мавзуга оид