Жаҳон | 09:54 / 17.11.2018
10008
2 дақиқада ўқилади

Интерпол раҳбари лавозимига асосий даъвогар номи маълум қилинди

Фото: The Times

Россиялик Александр Прокопчук Интерпол президенти лавозимига асосий даъвогар саналади. Бу ҳақда Британиянинг The Times газетаси ҳукуматдаги манбага асосан ёзмоқда.

Таъкидланишича, Прокопчук 2016 йилдан бери Интерпол вице-президенти ва 2011 йилдан буён Россия ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси раҳбари ҳисобланади. Газета маълумотларига кўра, 21 ноябрь куни ўтказиладиган ташкилот президенти учун сайловларда унинг раҳбар сифатида сайланиши деярли кафолатланган.

Манбанинг айтишича, Британия ҳукумати Прокопчук ғалабасига ишонмоқда ва унга тўсиқ яратиш ниятида эмас.

Газета россияликнинг ягона рақобатчиси сифатида Жанубий Корея фуқароси, ҳозирда Интерпол раҳбари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган Ким Чен Янгни тилга олган. Шу билан бирга, ЖАР ҳам ташкилот раҳбари лавозимига ўз номзодини кўрсатиши истисно этилмаяпти.

Нашрнинг қайд этишича, Прокопчукнинг сайланиши Кремль учун катта ғалаба бўлади.

Интерпол президенти лавозимини эгаллаган Мэн Хунвей сентябрь ойи охириларида ғойиб бўлди. Кейинчалик аниқланишича, у Хитойда қўлга олинган, мамлакат ҳукумати уни коррупцияда гумонламоқда. Хунвей ташкилот раҳбари лавозимидан истеъфога чиқарилди.

Мавзуга оид