Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каттақўрғон шаҳри ҳокимлиги ва тадбиркор можароси. Тадбиркорга нега ер берилмаяпти?
Ўзбекистонда тадбиркорлик қилишни истаганлар ва тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ишбилармонлар учун қатор қулайликлар, имкониятлар ва имтиёзлар муҳайё қилинган. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик қилаётган юртдошлар талайгина. Бироқ, ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўртасида айрим тушунмовчиликлар келиб чиқаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
«Kun.uz» сайтига Каттақўрғон тумани, «Янгиҳаёт» маҳалласида яшовчи Ботир Боймуродовдан келиб тушган мурожаат айнан шу мазмунда.
Мурожаатда Б.Боймуродов тадбиркорлик фаолияти учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан имкониятлар яратиб берилмаётгани ҳақида ёзади.
Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, Б.Боймуродов минифутбол майдони ва автосервис қуриш учун шаҳардаги собиқ 10-сонли автокорхона ҳудудида бўш турган ерни сўраб Каттақўрғон шаҳри ҳокими М.Ҳошимов номига ариза билан мурожаат қилади.

Ҳокимият томонидан мурожаатчига ерни фақат аукцион орқали олиши мумкинлиги ҳақида жавоб хати берилади.

Б.Боймуродовнинг таъкидлашича, бу масалада турли жойларга мурожаат қилади. Аммо натижа бўлмайди. Танланган ер аукционга ҳам қўйилмайди. Аукциондаги ерлар эса унинг тадбиркорлиги учун тўғри келмайдиган ва ноқулай ҳудудларда жойлашган.
Жорий йилнинг июнь ойида айнан тадбиркор сўраган собиқ автокорхона ҳудудидаги бўш ерда бошқа фуқаро томонидан қурилиш ишлари бошланади.

Б.Боймуродов ер унга берилмагани, аукционга қўйилмаса-да, бошқа фуқаро томонидан қурилиш олиб борилаётганидан норози бўлиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилади.
Каттақўрғон шаҳар архитектура-қурилиш бўлими бош мутахассиси Жамолиддин Салоҳиддиновнинг изоҳ беришича, ушбу ҳудудда фуқаро томонидан амалга оширилган қурилиш ноқонунийдир. Ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Ушбу ҳолат юзасидан фуқарога ноқонуний қурилишни бузиш учун 2018 йилнинг 8 августида огоҳлантириш хати берилган.
Фуқаро томонидан ушбу огоҳлантириш хати эътиборсиз қолдирилган. Аммо туман мутасаддилари томонидан бу ҳолат бўйича зарур чоралар кўрилмаган. Ноқонуний қурилиш эса якунига етган ва ҳамон ўз жойида турибди.
Ўрганишимиз жараёнида Каттақўрғон шаҳар ҳокими М.Ҳошимов ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди.
«Тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ва янги иш ўринларини яратмоқчи бўлган фуқарога биз барча шароит ва имкониятларни яратиб берамиз. Бу борада барча чора-тадбирларни кўрамиз. Боймуродов эътироз билдирган вазиятни ҳал этишни ўзим назоратга оламан ва унинг тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиб берамиз. Лекин у сўраган ҳудудда ноқонуний қурилиш қилинган. Бу бўйича судга даъво аризаси киритиб, буздирамиз. Унгача у ерни аукционга қўя олмаймиз», – дейди шаҳар ҳокими М.Ҳошимов.
Ушбу масала юзасидан шаҳар ҳокими томонидан шаҳар қурилиш бўлими бош мутахассиси Жамшид Аҳмедов ва Самарқанд вилояти «Ер-мулк кадастри» давлат корхонаси Каттақўрғон шаҳар филиали мутасаддиси Улуғбек Туробовга тегишли топшириқлар берилди.
Мақолани тайёрлаш жараёнида ушбу ваъда бажарилган ёки бажарилмаганини аниқлаш учун мурожаатчи Б.Боймуродов билан боғландик. Унинг айтишича, унга ҳанузгача ер ажратилмаган ва шаҳар ҳокими ваъдаси бажарилмаган. Таклиф этилган ерлар эса унинг тадбиркорлик фаолиятига қулай жойлар эмас. Бундай ерларда тадбиркорликни ривожлантириб ҳам, даромад олиб ҳам бўлмайди.
Каттақўрғон шаҳар қурилиш бўлими бош мутахассиси Жамшид Аҳмедовнинг таъкидлашича, тадбиркорга бир нечта бўш ерлар таклиф этилган. Аммо Б.Боймуродовга бу жойлар маъқул келмаган.
«Kun.uz» Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ва тадбиркор ўртасидаги бу муаммо тез орада ижобий ҳал этилишига умид билдиради ҳамда воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:54 / 11.05.2025
Самарқандда АЁҚШда содир бўлган портлаш қурбонлари сони ортди
18:22 / 08.05.2025
Самарқанддаги «заправка»да портлаш ва ёнғин рўй берди. Қурбонлар бор
00:27 / 01.05.2025
Самарқанддаги ўрмонда 50 мингдан ортиқ бута ва дарахтлар ёниб кетди
17:52 / 10.02.2025