Ўзбекистон | 13:28 / 19.11.2018
19806
2 дақиқада ўқилади

АҚШ конгрессида илк бор «Ўзбекистон бўйича кокус» тузилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда бўлиб турган «Ўзбекистон бўйича кокус» ҳамраислари Трент Келли ва Висенте Гонсалез бошчилигидаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари гуруҳи билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, делегация таркибидан Вакиллар палатаси муҳим қўмиталарининг республикачи ва демократлар аъзолари ўрин олган.

Вазир, аввало, конгрессменларни яқинда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда қайта сайланганлари билан табриклади ва АҚШ Конгрессининг қуйи палатасида икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг тузилганлигини эътироф этди.

Бўлиб ўтган суҳбатда президент Шавкат Мирзиёевнинг май ойидаги АҚШга расмий ташрифи ва унинг президент Дональд Трамп билан олиб борган сермаҳсул музокаралари натижасида кенг қамровлик ва жадаллик касб этаётган Ўзбекистон-Америка кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда ўзбекистонлик ва америкалик парламентарийлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги изчил ривожланаётган ҳамкорликнинг ижобий жараёнларни қонуний мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Алан Мелсер иштирок этди.

Мавзуга оид