Жамият | 14:57 / 19.11.2018
17879
5 дақиқада ўқилади

Бешариқда бемор ўлимига сабабчи бўлган шифокорларга жазо тайинланди

Фото: Fotolia

Ўтган йилнинг 12 июлида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президентимиз томонидан Фарғона вилояти Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасида шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг ўз касбига совуққонлиги туфайли бемор Дилрабо Аманованинг вафот этгани қаттиқ танқид қилинганди.

Хўш, аслида воқеа қандай юз берганди? 

Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, Д. Аманова 2017 йил 3 июль куни соат 18:40 атрофида Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига "Тухумдон кистасининг ёрилиши" ташхиси билан қабул қилинган. Бу пайтда бирлашманинг реаниматолог врачи Қаҳрамон Ҳайдаров ва анестезиолог-реаниматолог Ўктамжон Муродов навбатчи бўлган. 

Шундан сўнг Қ. Ҳайдаров ва Ў. Муродов акушер-гинеколог Ш. Туламетова ҳамда навбатчи хирург И. Абдумаликов билан бирга беморда ўрта пастки лапаротомия, ўнг тухумдон понасимон резекцияси, санация ва найчалаш операциясини ўтказган. Бу операция 1 соату 30 дақиқа давом этган. 

Операция мобайнида бемор 1200 мл қон йўқотган. Аммо шифокорлар Қ. Ҳайдаров ва Ў. Муродов ўз касбига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлиб, бемор йўқотган қон ҳажмини тўлиқ баҳолашмаган ҳамда ўрнини тўлдириш чораларини кўрмаган. Қолаверса, беморнинг аҳволидаги ўзгаришларни ўз вақтида кузатиб боришмаган. 

Оқибатда операциядан кейинги биринчи суткада аёлда миянинг чуқур карахтлиги ва марказий гемодинамиканинг тушиши юзага келган. Бу оғир ҳолат ҳаётий муҳим органлар фаолиятининг бирин-кетин бузилишига сабаб бўлган. 

Дилрабо Аманова 2017 йил 4 июль куни соат 23:15 да вафот этган. Марҳума патологоанатомик текширувдан ўтказилмасдан, яқинларининг тилхатига асосан бериб юборилган. 

Шифокорлар ўз айбини яшириш ҳамда Д. Аманованинг операция пайтидаги аҳволини гўёки рисоладагидек ҳолатда кўрсатиш мақсадида 2017 йил 3 июлда бемор номига очилган расмий ҳужжат — касаллик тарихидаги беморнинг динамик кўрсаткичлари ва бошқа ўзларига тегишли ёзувларни қалбакилаштиришган. Жумладан, ўша куни соат 21:00да текширувдан ўтказилган пайтда беморнинг артериал қон босими 80/50 мм симоб устуни даражасида экани қайд этилган бўлса-да, бу кўрсаткич 90/60 мм симоб устуни тарзида ўзгартирилган. Бундан ташқари, реаниматолог Қ. Ҳайдаров томонидан 2017 йил 4 июль куни беморни оғриқсизлантириш мақсадида "Промедол" дори воситасининг буюрилган вақти соат 13:10 дан соат 10:10 га ўзгартирилган. 

Шифокорлар ўзларини беморда ўпка артерияларининг тромбоэмболияси бўлишини худди олдиндан билгандек кўрсатиш учун касаллик тарихига "Соат 09-00 да беморга тромбоэмболиянинг олдини олиш мақсадида кликсан 0,4 тери орасига қўшилди, имзо, Ҳайдаров Қ. М." деган қайдни ҳам киритган. Янада тушунарли қилиб айтганда, Д. Аманованинг ўлимига гўёки ўпка артериялари трамбоэмболияси сабаб қилиб кўрсатилган. 

Рафиқасининг ўлими Воҳиджон Амановни қаттиқ изтиробга солади. Негаки, Воҳиджон Дилрабо билан турмуш қургач, 2 нафар фарзанд кўрган, иккаласи ҳам ҳаётда бир-бирининг энг яқин таянчига айланиб қолишганди. Шу боис Воҳиджон шифокорларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали давлатимиз раҳбарига мурожаат қилди.

Судга оид қўшимча комиссия экспертизасининг 2017 йил 23 августдаги ва такрорий комиссия экспертизасининг 2017 йил 17 ноябрдаги хулосаларида операциядан сўнг бемор сунъий нафас аппаратидан эрта ажратилгани, ундаги йўқотилган қон ҳажми тўлиқ тўлдирилмагани, қолаверса, бемор бироз кечикишлар билан операция қилингани қайд этилган. Бу, ўз навбатида, беморнинг аҳволи оғирлашувига олиб келган.

Экспертлар хулосасида олиб борилган даволаш тадбирлари даволаш-диагностика стандартларига мос келмаслиги, аксинча йўл тутилганда, беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Шу асосларга кўра, Қ. Ҳайдаров ва Ў. Муродовга нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 228-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди айбдорларни қонуний жазога маҳкум этди. 

Оловиддин ҲАСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг раиси.

Мавзуга оид