“Ҳоким келиб қишлоқни обод қиламиз деди, бироқ...” Болаларнинг боғчасиз қолаётганига қайси ташкилот айбдор?
KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатларнинг яна бири Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманининг чекка бир ҳудудида жойлашган Баҳористон қишлоғидан юборилган эди.
Мурожаат мазмуни «Обод маҳалла ва қишлоқ» дастури билан боғлиқ. Яъни, ушбу чекка қишлоқда дастур бўйича чала қилинган ишлар, тўғрироғи, умуман қилинмаётган ишлар бисёр экан. Муаммони бориб ўрганишга қарор қилдик ва ижодий гуруҳимиз билан Баҳористон томон йўлга тушдик.
Mover'да кўриш (tas-ix)
Youtube'да кўриш
Мурожаат муаллифларидан бўлиб ўтган воқеликни тушунтириб беришларини сўрадик. Аввалига бизни қишлоқ фаоллари ва мўйсафидлари кутиб олишди. Аммо кўп ўтмай атрофимизда аҳоли йиғила бошлади. Бирин-кетин камчиликларни сўзлаб кетишди. Маълум бўлишича, бу қишлоқ обод бўлиши учун ҳал этилиши лозим муаммолар қалашиб ётган экан.
«Март ойида туман ҳокими келди. Ҳаммани йиғиб, мажлис ўтказди. Сентябргача қуриб битказиб, халққа топширамиз деди. Дренажларингизни қилиб берамиз, чироқ симёғочларини алмаштирамиз, дейишди. Лекин ҳеч кимга лойиҳани кўрсатишмади. Ободонлаштириш ишлари июнь ойларида бошланди. Болалар боғчасини бузиш, амбулаторияни таъмирлаш ишлари - бошида ҳаммаси яхши кетаётган эди. Аммо бироз вақт ўтиб, тўхтаб қолди. Боғча бузилишга бузилди, шу бўйи қолди. Пойдевор ҳам қурилиш тугул, чиқиндилар ҳали турибди. Яқин орада бошқа боғча йўқ. 10-15 км нарида боғча бор, лекин у Ховос туманига қарайди. Бизни болаларни олмайди. Амбулатория қурилиши ҳам тўхтаб турибди. Қишлоғимиздан бошқа жойдаги шифохоналарда бизни касалларимизни кўришмайди ҳам. Иложимиз йўқ деб Гулистонга борамиз, 50 км узоқликка», — дейди нафақадаги мўйсафид Мамадали Ҳазратқулов.
Қишлоқнинг содда ҳалқи дастурга тушганлигини эшитиб дўпписини осмонга отган. Бу ердаги боғча бузилиб кейин шу аҳволда қолиб кетишини, ҚВПни (қишлоқ врачлик пункти) таъмирлаш ишлари чала қолиб кетишини, ўлда-жўлда бўлган асфальтлаш ишлари бўлишини улар қаёқдан билсин.
«Бу боғчани ҳозирга қадар бузиб, материалларини ташиб кетишмоқда. Лекин қуришдан дарак йўқ. Аёлларимиз пахта теримга чиқиб, 1-2 сўм пул қилишарди. Ҳозир қишлоқдаги кўпчилик аёллар ишларига ҳам чиқа олишмаяпти. Сабаби, болаларга қарайдиган одам йўқ. Бизга ўхшаган кексалари бор хонадонлар-ку, майли. Қолганлар-чи?.. 1 декабрга қадар бу боғчани қуриб топширилиши айтилганди. Мана ноябрь ҳам келди. Ҳали пойдевори қурилмаган. Энди қишда қурилиш қилиб бўладими?», — дейди Остонақул Эшбоев ҳафсаласи пир бўлганини яширмай.
«Бу боғча жуда узоқ даврдан бери ишлаб келарди. Бу ерда тарбия олган фарзандларимиз 40 га киряпти», — дея куюниб гапирди Муҳаббат ая Абдуалиева.
«Баъзи аёллар ишга чиқишган эди, фарзандларининг қўли ёки оёғи синди. Улар қаровсиз қолди-да ахир. Бировга бирон нарса бўлса, амбулаториямиз бир аҳволда... Кўриб йиғлагиси келади одамни. Ёз бўйи амаллашди, айвонда ўтириб касалларни қабул қилишди. Буёғи қиш келяпти. Тез ёрдамдагилар ишлашаётган жойни кўриб бечораларга ичинг ачийди. Оқ халат кийиб юрадиганларга бунақа шароит тўғри келмайди-ку», — дейди Назира Рустамова.
Аҳолига айтилган 1 декабрь ҳам келмоқда. Ҳали пойдевор қурилмаган. Боғча, амбулатория, тез ёрдам ҳолати «обод» дейдиган ҳолатда эмас. Аҳолининг сўзларига кўра, дастур бўйича айтилган асфальтлаш ишлари чала қолган экан. Озроқ жойни таъмирлаган бўлишди, кейин уларни қорасини ҳам кўрмадик. 1976 йилда қурилган йўллардан фойдаланамиз, дейди қишлоқ аҳли.
Бундан ташқари, қишлоқнинг энг оғриқли нуқтаси ичимлик суви экан. Авваллари, бу ҳудудга тўппа-тўғри Зоминдан ичимлик суви келган бўлиб, қишлоқ шу сувдан истеъмол қилиб келган. Ҳозирда бу ичимлик суви қувурлари кесиб кетилган. Аҳолига 3-4 кунда бир Бек кластери сув бериб турар экан. Яхшисини ошириб, ёмонини яшириб юрувчи халқимиз ношукрликни суймайди. Шунисига ҳам шукр, озроқ бўлса ҳам сув берилади, дейди. Сув етмай қолса, ариқдан ичишар экан. Ариқнинг ҳолатини кўриб ёқамизни ушладик. Одамларнинг сўзларига кўра, бу ариқдан чорва моллари ҳам келиб ичишади, ҳатто баъзан ҳайвон ўликлари ҳам оқиб келади. Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Бу жойларда бошқа қаердан ҳам сув топиларди, дея аҳоли елкасини қисиб кетаверди.
Барча шикоятларни эшитиб бўлгач, туман ҳокимияти томон йўл олдик. Қаршимизда оз эмас, кўп эмас 40 км га яқин масофа бор эди. Бир амаллаб ҳокимиятни ҳам топиб келдик. Бизни бу ерда ҳоким ёрдамчиси Хайрулла Норжигитов кутиб олди. Хайрулла акадан ҳоким билан учрашишимиз кераклигини сўрадик. «Ҳоким пахтада», — деган жавобни олдик.
Шундан сўнг, масъул мансабдорлар билан савол-жавоб бошланди. Дастлаб, боғча қурилишини бўйнига олган шахс «Тонгги юлдузчалар» МЧЖ раҳбари Санжар Ҳайдаровнинг ушбу масала юзасидан фикрини тингладик. Қурувчи ҳам ўз дардини тўкиб солди:
«Обод маҳалла» дастурига биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшайлик деб бу ишга қўл урган эдик. Ҳоким бувага таклиф киритганмиз, ҳамма ҳужжатларни тайёрладик. Бизда фақат мактабгача таълим вазирлиги билан битим тузиш қолмоқда. Бу бўйича Республикадаги бошлиқларга ҳам бориб келдим. Эртага келасан, индинга келасан, дейишмоқда. Бу ҳужжатсиз қурилишни бошлай олмайман. Вилоят ҳокими ўринбосарига ҳам бордим. Улар ҳам келиб кўришди. Бизда битта муаммо – битим. Шуни ҳал қилсак бўлди, ишни бошлаймиз».
Боғча масаласида ваколат доирасида масъул идора, туман мактабгача таълим муассасалари бўлими раҳбари Элдор Ўроловдан муаммо ҳақида тушунтириш олдик.
«Бу жойга олдин ҳам борганман, ҳақиқатан муаммо бор. Бу собиқ 16-болалар боғчаси ҳисобланади. Ҳокимият балансига ўтганидан сўнг, тадбиркорга берган. Тадбиркор ишни бошлаши учун фақат шу битим қоляпти. Битим менга боғлиқ нарса эмас. Бизнинг даражамизда қилинадиган ишлар бажарилиб бўлинган. Масала фақат вазирлик доирасида ҳал этилади. Мен ҳозир шуни биламанки, ҳудудга боғча жуда зарур. 260 нафар 3 ёшдан 7 ёшгача болалар мавжуд. Бу жуда катта муаммо. Шу сабабли, ҳозир шахсан ўзим мактаблардан хона сўраб юрибман. Ҳоким номига ҳам хат билан чиққанман. Бошқа жойларга ҳам боғчалар зарур. 100 дан ортиқ навбатлар бор», — деди масъул шахс.
Шундан сўнг, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари, Тўйчибой Жангиров ва саломатлик бўлими шифокори Комилжон Тоғаев билан ҳолат ҳақида суҳбатлашдик.
«Баҳористон билан туман марказининг ораси камида 40 км. Бу оралиқда бошқа тиббий ёрдам пункти йўқ. Ҳудуддаги амбулатория масаласи катта муаммога айланди. Бошлиғимиз яқинда бу мавзуни кўтарди. Ўша жой мукаммал таъмирлашга тушган. Сентябрда битиши керак эди. Прокуратурага бу бўйича маълумот ёзилди. Қурилиш фирмаси ишни бошлаган, лекин тугатмай кетиб қолган», — деди Тўйчибой Жангиров.
Бу масалада масъул идоралардан яна бири, Сирдарё вилоят Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг хизмати компанияси раҳбари Алишер Сангиров билан боғландик. Вилоятдаги қурилиш ишлари бўйича ваколатли шахс бўлганлиги сабабли қишлоқ амбулаторияси масаласида саволга тутдик.
«Бу қурилиш билан аввал бошида биз эмас, соғлиқни сақлашдагилар шуғулланган. Буюртмачи улар бўлишган. Кейин бизга ўтди. 15 та мактаб, 10 та ҚВП (қишлоқ врачлик пункти) қурилиб топшириб бўлинган деярли. Битта шу қурувчи бизга муаммо бўлмоқда. 100 миллионлик лойиҳа холос. Миллиард сўмлик лойиҳалар топширилмоқда. Фақат шу қурувчини топиб бўлмайди. 3-4 ҳафтадан бери изсиз йўқ. Прокуратурага берганман, иш очилади ҳали унга», — деди асабий ҳолда.
Шифохона қурувчиси изсиз йўқолган, боғча бўйича эса вазирлик битим масаласида муаммо қилмоқда. Пухта қилинмаган, режасиз ишлар касрига бир қишлоқ азият чекмоқда. Қишлоқ ҳам кичик эмас, тахминан 780 хонадон, 4200 фуқаро, 250 дан ортиқ малакали педагоглар тарбиясига муҳтож болалар истиқомат қилади. Сафаримиз сўнгида Мирзаобод тумани ижтимоий масалалар бўйича ўринбосаридан масалани тез ҳал этилиши бўйича ваъда олдик.
Муаммо тез орада ҳал этилиши, Баҳористон қишлоғи ҳам чиндан обод бўлишини умид қилиб, ортга қайтдик.
МУХБИР: БАХОДИР АҲМЕДОВ
ОПЕРАТОР: ФАЗЛИДДИН АБДУҚОДИРОВ
Мавзуга оид
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024