Ўзбекистон | 13:10 / 19.11.2018
63541
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов Президент мактабларида қандай фанлар ўқитилишини айтди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда эълон қилди.

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, президент ташаббусига кўра биринчи мактаб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ташкил этилади. Президент мактаблари босқичма-босқич мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам очилади, деди вазир.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Шерзод Шерматов соҳа мутасаддиларига мактабни ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

“Президент мактабларининг асосий мақсади мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратишдир”, - деди халқ таълими вазири. 

Вазирнинг айтишича, Президент мактаблари STEAM Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика) фанларини ўқитишга ихтисослашган бўлади.

Яъни, Президент мактабларида ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.

“Президент мактабларида ўқувчиларни танлаш ва таълим сифатини таъминлаш учун уларни хорижлик мутахассислар бошқарадилар. Шу билан бирга, мактабга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этиладилар ва уларнинг фаолиятига керакли шарт-шароитлар яратилади”, - деди Шерматов.

Вазирнинг қайд этишича, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Президент мактаблари фаолияти ва ўқувчиларни қабул қилиш масалаларини тартибга солувчи керакли меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳужжатлар ўқувчиларга қўйиладиган талаблар ва қабул қилиш жараёнини белгилаб беради.

Мавзуга оид