Жамият | 09:56 / 20.11.2018
24944
14 дақиқада ўқилади

Обуна — О, бу надур-2? Ёхуд танганинг иккинчи томони

Танганинг иккинчи томони ҳам бор!

Мазкур номдаги аввалги мақолани ёзгунча аслида узоқ ўйлаганман. Ёзсамми, ёзмасамми, деган иккиланишлар бўлган. Ёзиб бўлганимдан кейин ҳам кўп иккиландим — эълон қилсамми, йўқми, деб. Орада таҳрир қилдим, айрим «эҳтирос»ларни жиловладим. Охири, эълон қилиш керак, деган қарорга келдим...

Мақола атрофида билдирилган холис ва нохолис фикрлар, муносабатларни тўла-тўкис кузатолмадим. «Tеlеgram», «Instagram» ва бошқаларда фикр билдирган оғайниларимизни, ака-ю опаларимизни эшитдим. Устозлардан қўнғироқлар бўлди — ёмон ёзмаганимни, муҳими, ниманингдир илинжида ялтоқилик қилмаганимни айтиб, руҳлантиришди. Баъзилар мақолани ўқиб: «Бу бола ҳалиям «Ma’rifat»да ишлаяптими?», деб сўрабди («Нега ҳалигача бўшатилмади?» демоқчи бўлгандир...). Бироқ мен барча сўзимни «эгрилик» ёки «бефаҳмлик» эмас, чинакам виждон амри билан ёздим. Мени тушунмаганлар борлиги, айримлар тушуниб тушунмаганликка олаётганидан хафа эмасман.

«Оғир артиллерия»нинг омади нимада?

«Газеталар йўқ бўлиб кетади» ёки «Газеталар яшашга ҳақли эмас» деган фикрни асло ёқламайман. Газета шундай ўлмас воситаки, унинг ўрнини интернетдан зўри пайдо бўлса ҳам — босолмайди. Боиси жаҳон тажрибасидан аён, ҳар томонлама пишиқ, пухта ва кенг таҳлил этилган материаллар айнан босма нашрларда эълон қилинади. Бунинг ягона сабаби — нашрларда интернет, телерадиоканалларга қараганда, таҳлил учун, объектни чуқур ўрганиш учун ВАҚТ кўп. Шунингдек, олдинда кетаётган замонавий, тезкор ахборот воситалари, масалан, — «ҳаво кучлари» — интернет сайтлари, «пиёда қўшин» — радиоканаллар ва «ўқчилар» — ТВ каналлари «ахборот жанги» бораётган улкан майдонда ўқ қаердан учиб келиши-ю, қаер хавфсиз эканини орқароқда юрадиган «оғир артиллерия» — босма нашрларга билдириб қўяди. Бизда уларга қараб хулоса қилишга вақт ҳам, имкон ҳам бор. Шу жиҳатдан нашрларнинг омади чопган.

Акс ҳолда, «ТАСС», «Лента», «Рейтер» каби йирик агентлик мақомидаги илғор интернет сайтлари «Marca», «Times», «Mirror», «The Wall Street Journal», «Daily Mail», «The Sun», «АиФ» сингари нашрлардан мақола «қарз» олиб юрмасди. Фақат бунинг учун ўша кунги мақолада тилга олинган жиҳатлар бизнинг таҳририятлардаги ҳар бир ходимни ўйлантириши керак. Бу учта нарса: профессионализм, жасорат ва позиция.

Нега газета ўқиш керак?

Қизиқ-да, интернет сайтларида бир кунда ўнлаб турли мавзудаги хабарлар кетма-кет нашр этилаверади. Табиийки, одамлар иккинчи хабарни ўқиётганда биринчисини унутади ва учинчиси эълон қилинишини кутади. Эҳ-ҳей, шу кетишда 24 соат ичида ҳатто юзта хабар ўқишингиз мумкин. Юзта!

Газетада ўша хабарнинг 5-6тасини кўрасиз. Нега? Бу асло қониқарсиз ҳолат эмас. Чунки газетада энг кўп муҳокама бўлган, энг кўп одамни қизиқтирган ва менталитетга яқин (ёки номувофиқ бўлмаган) хабарни мутолаа қиласиз. Бу, содда қилиб айтганда, «фильтрланган» хабарлардир.

Интернет сайтларида эълон қилинган хабар ёки шарҳ (кам, лекин бор) борасида фикрлар хилма-хиллиги, инглизча, русча ва бошқа тиллардаги комментларни кўрасиз ва бир мавзу атрофида турли миллатга мансуб одамларнинг ўй-хаёли, дунёқараши қандай деган саволга жавоб оласиз. Сайтларни оммалаштираётган жиҳатлардан бири шу — тилингизга келганини баъзан ўйлаб, баъзан мағзини чақмай ёзиб, бемалол «фикрлар тасмаси»га жойлаштираверасиз. Биров мушугингизни «пишт» демайди. Албатта, бу чексиз эркинлик дегани эмас. Фарангчасига айтганда «эркинликнинг бурун учига келиб тақалган» ҳолатида у ҳам акс реакция беради. У ёғига қонунлар ишга тушади ва сизни жазолайди!

Нашрларда эса муайян (хос) аудитория бор. Унда зиёлилар 60 фоиздан кам эмас. Ва ўша 60 фоизнинг ҳам 70 фоизини катта ёшдаги фуқаролар ташкил этади. Демак, унинг саҳифаларидаги материаллар тош босадиган, вазмин, зиёлилар ўқиб ижирғанмайдиган бўлиши керак. Зиёлилар ўқиб маъно топиши учун таҳририятда ҳам зиёли одамлар ишлаши керак. Шундай муҳитни бугун жуда кам — саноқли нашрларда кўриш мумкин.

Яна бир масала. Агар газеталар чиндан ҳам маънавий озуқа бериши керак, десак, газета ўқимаган одам китоб ҳам ўқимайди, дея ёндашсак, бундан чиқди, бизнинг меҳнатимиз туфайли биргина газета эмас, китоблар савдоси, китобларга муносабат ҳам шаклланар экан. Одамларни газетага қайтарсак, демак, китоблар оламига ҳам қайтарар эканмиз. Бу катта иқрорлик, жуда чуқур муаммо.

Газета эгасига (ўз вақтида) етиб борса...

Мақолам Kun.uz сайтида эълон қилингач, бир неча педагог билан суҳбатлашдим. Айримлари ўзи қўнғироқ қилиб, «Дилимиздагини ёзибсиз, раҳмат», деди. Ва аксарияти ўз мулоҳазаларини ҳам ўртоқлашди. Масалан, Илҳом деган ўқитувчи укам: «Биз «Халқ сўзи»га, «Тошкент ҳақиқати», ўзимизнинг соҳа нашри — «Ma’rifat»га жон деб аъзо бўламиз. Яна «Оила даврасида» ва «Жамият» каби нашрларга ҳам бефарқ эмасмиз. Чунки бугунги давр зиёлилари мазкур нашрларни ўқимай, дарсга кириши мумкин эмас. Илғор интернет сайтлари ва бошқа ўқув қўлланмалари ўз йўлига. Буни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак. Бироқ уларга «қўшимча» тарзда яна ўнга яқин нашрларга ҳам обуна бўлишдан чарчаганмиз...». Худди шунга ўхшаш гапни таниш шифокорлар ва ҳокимлик идораларида меҳнат қилаётганлардан ҳам эшитдик.

Одамлар обунага, гарчи нашрларимизнинг мазмун мундарижаси, материаллар савияси ва ҳолати мақтанарли бўлмаса ҳам, «Йўқ» демаяпти. Шунга қувондим. Бу жуда муҳим. Одам овқат емай, етти кунгача яшаши мумкин экан, лекин онгсиз, уқувсиз бир лаҳзаям яшолмайди. Ахир сувдан сирка(заҳар)ни фарқлаш учун онг керакми? Ахборот асрида хабарсиз миллисония туриб бўлмайди. Фақат харидор ёки мижоз эмас, балки бир зиёли инсон сифатида обуна ташкилотчиларидан инсоф тилаяпти. «Нега бир мавсумда машина олиб, ҳовли кўтариб, асосий иши — газета тарқатишни (майли, кечикиб бўлса ҳам) буткул унутувчи баъзи матбуот тарқатувчиларни, яна бизга алоқаси бўлмаган нашрларни (эгаларини) ва айрим зўравон амалдорларни фақирликдан, банкротликдан, хору зорликдан, қамалиб кетишдан асраб қолишимиз керак?», деяпти улар.

Айнан шуларнинг касрига матбуотнинг бор обрўси ҳам тушмаяптимикин? Лекин ҳамма ҳам зиёли эмас, таҳририят иши газета нашриётга етказилиши билан тугашини ва у то муштарийлар қўлига етиб боргунича бир неча, масалан, обуна уюштирувчи, ношир, матбуот тарқатувчи каби «воситачи»лардан ўтишини билмайдиган одамлар ҳам бор. Ҳа, газеталар ўлмайди, агар шундай бўлган тақдирда ҳам унга ўша «воситачи»лар сабаб бўлади.

Афсуски, алданаётганлар бор...

Бундан бир неча ой олдин ишхонамизга ўқитувчи дўстимиз келиб қолди. У газеталар тахламини кузатаркан, кўзлари катта-катта очилиб: «Эй, ҳафтада икки марта чиқадими бу?», деса, бир кулгим, бир йиғлагим келди. Қаранг, ёш, кўзи бугунги давр нафасидан ёниб турган педагог «Ma’rifat» газетаси ҳафтада икки марта чоп этилишини билмас экан. Чунки унга ҳафтада битта газета келар ёки иккинчи ҳафтада иккита сонини «битта» қилиб оларкан. Қизиғи, «Халқ сўзи»дек нашр ҳафтада 5 марта чоп этилишини ҳам билмас экан. Ундан ҳам биттасини оларкан, холос. Бундай ўқитувчилар сафи юртимизда оз эмаслигига юз фоиз аминман. Кейин телефонда гаплашдим — матбуот тарқатувчига бориб айтибди — улар ўшандан бери «ўғирлик» қилмаётган экан.

Эҳтимол авваллари обуна жараёнига ўқитувчилар аралаштирилмагани шундай «тушунмовчилик»ларга сабаб бўлгандир. Ахир мактаб директори буйруғи билан ўқитувчи ойлигидан обуна учун пул ушлаб қолиниб, ўқитувчилар ҳеч нарсадан бехабар синфда дарсини ўтиб юраверган-да.

Таклифим шуки, бир замонлардаги почтага ўхшамаган, мукаммал тузилма яратиш керак. Бундай текинхўр «матбуот тарқатувчи»лардан воз кечиб, худди Мажбурий Ижро Бюроси (МИБ)га ўхшаш ҳалол, қатъий, таниш-билиш, қуда-анда, юзинг-кўзинг деб ўтирмайдиган тизим яратиш лозим. Токи у бировнинг маънавий мулки, пешона тери эвазига олдиндан пулини тўлаб қўйган босма нашрларни соҳибига (ўз вақтида) етказсин. Токи уларни деб таҳририятлар обрўси тушмасин. Бу борада кичик камчиликлар кузатилса, аяб ўтирмасин худди таълим вазири Бекобод РайОНОси бошлиғини аяб ўтирмаганидек...

Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ

Кейинги йилларда юртимизда газеталарни обуна қилиш ва тарқатишда иштирок этадиган масъулияти чекланган жамиятлар пайдо бўлган ва суваракдек кўпайиб кетган. Булар айни кез қишлоқларда «далний»га мева-чева олиб борадиган фуралар эгаси билан маҳаллий деҳқон ўртасида турадиган «посредник»ларнинг ўзгинаси. Гап-сўзи ҳам, иши ҳам, охирида қийратиб алдаб, бечора деҳқоннинг пулига айшу ишрат қилиб, ўйнаб юриши ҳам айнан бир хил. Иш судлашишгача боради.

Одамлар газеталарга обуна бўлади, лекин уларнинг пули таҳририят ҳисоб рақамига ҳа деганда келиб тушавермайди, натижада ходимлар ойлигини вақтида ололмайди — кайфиятга таъсир этади. Кайфият иш сифатига, кўламига соя солади. Ходимлар бир ой, икки ой фидойилик қилиши мумкин, кейин юзаки ёзишга, шунчаки ишлашга ўтади... Бундай ҳолатда қандай қилиб сифатли газета чоп этиш мумкин? Бу «саҳна ортидаги ишлар»дан бехабар муштарийларга ёқмайди. Улар ўртада обуна ташкил этувчилар пулни «туя» қилиб, қочиб юрганини хаёлига ҳам келтирмайди. Ва бизни ёмон кўради — «Тамом, кейинги йил газетага ёзилмайман!», дейди.

Эҳтимол обуна масаласида бундай қаллобликлар такрорланмаслиги учун таҳририят ҳисоб рақамига муштарийларнинг пули тўғридан-тўғри тушишини ташкил этиш керакдир? Масалан, Фарғона шаҳридаги 12-мактаб ўқитувчиси ўзи истаган нашрга обуна бўлса ва ярим йил ёки бир йиллик (ҳатто турли бонуслар билан 2-3 йиллик) обунага пулни таҳририятнинг ҳисоб рақамига туширса, буни ўша жойнинг ўзида МИБга ўхшаган ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари расмийлаштирса. Албатта, бу механизмни яратишда ўткир молиячилар, банкирлар шуғулланса, нур устига нур бўларди?

Катталар ўрнак бўлиши керак

Париж шаҳрида 8 миллион эски газета ва журналлар сақланадиган дунёдаги ягона жой — «La Galcante» музейи бор. Шунингдек, ҳозирда чоп этилаётган энг сара газеталар нашрдан чиқиши билан музейга келтирилади. Унинг французларни газеталарга ошно этишдаги роли катта. Ҳатто бир йили пулдан қийналган пайтда музейга одамлар ва Париж ҳокими шахсан кўмак бергани эътиборли.

Айтмоқчи бўлганим шуки, бизда ҳам ҳар бир оилада газета ўқишни анъанага айлантириш керак. Балки Тошкентда матбуот музейини ташкил этиш керакдир. Унда ўтган аср бошида чоп этилган ноёб газета ва журналлар, бюллетенлардан то бугунга қадар муваффақиятли ишлаётган нашрлар ҳаёти акс этган бурчаклар, машҳур журналистлар бурчаклари, газета чоп этишда ишлатилган станоклар хронологияси, «Oltin qalam» соҳибларининг энг сара асари асл нусхаси ва бошқа юзлаб қизиқарли экспонатлар жойлаштирилади.

Кейин айнан мактаб ўқувчилари кўпроқ шу музейга олиб келинса. Улар мозийгоҳни томоша қилса, гид нуктадонлик ила газета нима, журнал нима — болалар шуурига жойласа. Тарих ва келажак боғланса. Мактабларда ахборот соатлари ташкил этилиб, газеталар шарҳига ҳам эътибор берилса. Зора, ёшлар бир лаҳза смартфонлардан бошини кўтариб, атрофга назар ташлармиди?

Аммо ҳаммаси катталарнинг ёшларга эътибори, ғамхўрлигига бориб тақалади. Ёшларга тақиқ эмас, ўрнак керак. Катталар кичикларга насиҳат бергани яхши, лекин ўша насиҳатни ўзи мисолида кўрсатиб бергани ундан ҳам яхши. Ахир интернет сайтини тушунмайдиган, газета ўқимайдиган, телевизорда ахборий дастурларни кузатмайдиган катталардан ёшлар қандай намуна олсин?

Хулоса

Бу мавзуда мулоҳазалар, муҳокамалар жойларда, ОАВда ҳали узоқ давом этади. Лекин қуруқ гапдан не фойда? Бу борада давлат нашрларига халқнинг ҳам, давлатнинг ҳам, керак бўлса, рақобатчи замонавий нашрларнинг ҳам хайрихоҳлиги, қўллаб-қувватлови зарур. Зеро, бу хайрихоҳликлар аллақачон бошланиб ҳам кетган.

Дарвоқе, талабалик пайтимда рус файласуфи П.Чаадаевни фақат бир гапи учун эслаб қолганман: «Мен Ватанимни танқид қилишим мумкин, хафа қилишим мумкин, ҳатто камситишим мумкин — бироқ алдамайман», деганди у. Зўр гап. Газета таҳририяти — мен учун иккинчи уй. Ҳатто ишхонада уйимдан кўпроқ бўламан. Шундай экан, уни қайсидир маънода «ватан» дейишимга ҳаққим бор. Балки уни танқид қилгандурман, камситгандурман, лекин алдамадим, алдамайман ҳам...

Зоҳиджон ОЛОВ

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид