Ўзбекистон | 01:41 / 20.11.2018
16518
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қандай янги визалар жорий қилиниши кутилмоқда?

Ўзбекистонда алоҳида гуруҳлар вакиллари учун махсус визалар жорий қилиниши кутилмоқда. KUN.UZ мухбири Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Туризм соҳасига инвестициялар киритишга доир биринчи халқаро форум доирасида тақдим этган маълумотларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Бош вазир ўринбосари хорижий инвесторларга Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида шу кунга қадар амалга оширилган ишлар, жумладан қатор мамлакатлар учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши, яна кўплари билан виза тизими соддалаштирилгани, транзит ва электрон визаларнинг жорий қилиниши ва сўнгги статистика ҳақида инглиз тилида маълумотлар бериб, олдинда қилиниши режалаштирилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда ҳукумат 2018 йил охирига қадар дунёнинг барча мамлакатлари учун электрон визани йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.

“Шу билан бирга, асли ўзбекистонлик, лекин хорижий мамлакатларда яшовчи кишилар учун - “Ватандош”, Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва педагогик фаолият олишни истаган хориж фуқаролари учун - “Academic Visa”, даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келганлар учун - “Medical Visa”, юртимиздаги олий таълим муассасаларида ўқишга келган талабалар учун - “Student Visa”, зиёрат мақсадида ташриф буюрувчилар учун - “Piligrim Visa” ва шулар каби алоҳида гуруҳлар вакиллари учун махсус визалар жорий қилиниши режалаштирилмоқда.  Энг асосийси – “Golden Visa”, бу  хорижий инвесторлар учун уч йиллик виза бўлиб, сармоядорлар ўз хоҳишларига кўра унинг муддатини кўп марта узайтириш имконига эга бўлишади”, - деди Абдуҳакимов.

Бундан ташқари, Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилувчи туристлар учун ягона “Silk Road Visa”ни жорий қилиш устидаги ишлар ҳам бошлангани қўшимча қилинди.

Мавзуга оид