Спорт | 12:23 / 21.11.2018
9465
2 дақиқада ўқилади

«ПСЖ»нинг «Ливерпуль» билан ўйини арафасида Неймар ва Мбаппе жароҳат олди

«ПСЖ» ҳужумчилари – Неймар ва Килиан Мбаппе ФИФА кунларининг сўнгида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувларида жароҳат олишди.

Франция термаси аъзоси Мбаппе кеча Уругвайга қарши кечган баҳснинг биринчи бўлими ўрталарида рақиб дарвозабони билан тўқнашувдан сўнг ноқулай тарзда йиқилди ва ўнг елкасидан шикастланди. 35-дақиқада у захирага олиниб, ўрнига Флориан Товен майдонга туширилди. Париждаги учрашув 1:0 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якун топди.

Фото: AFP/Getty Images

Шу куни Бразилия терма жамоаси сафида Камерунга қарши асосий таркибда майдонга тушган Неймар 8-дақиқадаёқ ўйинни якунлашга мажбур бўлди. У тўпга зарба бергач, ўнг оёғида мушак спазмини сезгач, ўйинни давом эттира олмади. Неймарнинг ўрнига майдонга тушган Ришарлисон бўлим сўнггида гол киритиб, жамоа ғалабасини таъминлади.

Фото: AFP/Getty Images

Ушбу жароҳатлар «ПСЖ»нинг ЕЧЛ доирасидаги «Ливерпуль»га қарши муҳим ўйинига бир ҳафта қолганида рўй берди. Парижда бўлиб ўтадиган 5-тур ўйини 28 ноябрга белгиланган. Ҳозир гуруҳдаги вазият қуйидагича..

Мавзуга оид