Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бошланди
Самарқанддаги форумлар саройида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бошланди.
KUN.UZ мухбирларининг воқеа жойидан хабар қилишларича, форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов дастлаб Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматтила Йўлдошевга сўз берган. Сенатор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига табриги ва мурожаатини ўқиб эшиттирди.
«70 йил муқаддам қабул қилинган инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бутун жаҳонда демократия ва инсонпарварлик принципларининг мустаҳкамланишида янгидан янги имкониятларни очди. Таассуфки, биз барчамиз мазкур ижобий жараёнга тўсиқ бўлаётган англашилиши қийин тенденциялар кучаяётганига гувоҳ бўлиб турибмиз», — дейилади президентнинг форум қатнашчиларига мурожаатномасида.
Президент мурожаатномасида гап аввало «қуролли можаролар, ўзаро ишончнинг йўқолиши ва чуқурлашаётган зиддиятлар, этник ва миллатлараро келишмовчиликлар ҳамда бошқа умумбашарий чақирув ва таҳдидлар» ҳақида боради.
Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш анжуман қатнашчиларига видеомурожаат қилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибёрг Солрун Гисладоттир, БМТ бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича БМТнинг минтақавий марказ директори Наталья Герман сўзга чиқишди.
Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонга ҳам форум қатнашчиларига видеомурожаат билан чиқди.
ЕХҲТ Парламент ассамблеяси президенти Георгий Церетели ўз нутқида Самарқанд форумини тарихий деб баҳолади.
Бугун форум ўз ишини кечгача давом эттиради. Секцияларга бўлиниб, ялпи йиғилишлар ўтказилиши мўлажалланмоқда.
Жумладан, биринчи ялпи йиғилишда «Инсон ҳуқулари умумжаҳон декларацияси мероси — универсаллик ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида бўлиб ўтади. Унга Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев модераторлик қилади.
Иккинчи ялпи йиғилиш мавзуси — «Инсон ҳуқуқлари Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш учун асос». Бу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов модераторлик қилади.
Иккинчи ялпи йиғилиши учта мавзули ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда иш олиб боради. Уларда бош вазирнинг ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитасининг раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Адлия вазири Руслан Давлетов модераторлик қилади.
Форумнинг биринчи иш куни давомида ўтказилиши кўзда тутилаётган тадбирлар шулардан иборат.
KUN.UZ мухбирлари тадбир давомида ўтказилаётган матбуот брифинглари ва бошқа тадбирлардан репортаж ҳамда интервьюларни узатиб боришади.
Ш.Шокиржонов, Т.Раҳматов, Р.Рамазанов,
KUN.UZ мухбирлари
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024