Спорт | 10:51 / 23.11.2018
14649
2 дақиқада ўқилади

Футбол қоидаларига 7 та ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда

Фото: Pixabay

Футбол Ассоциациялари Халқаро Кенгаши (ИФАБ) ўйин қоидаларига бир нечта ўзгартиришлар киритишни таклиф этмоқда.

BBC`нинг хабар беришича, кенгаш 2019 йил март ойида камида қуйидаги 7 та ўзгариш лойиҳасини кўриб чиқади:

1. Футболчи алмаштириш тартиби. Захирага олинаётган футболчи техник зонага келмасдан, ўзига энг яхши ён чизиқдан майдонни тарк этиши керак;
2. Пенальтилар серияси формати. Кетма-кетликни ҳозирги «A-B-A-B…» схемасидан «A-B-B-A-A» форматига ўтказиш таклиф этилмоқда;
3. Тўпни қўл билан ўйнаш тушунчасига яна ҳам аниқлик киритиш;
4. «Баҳсли тўп» қоидасини ўзгартириш;
5. Дарвозабонларга пенальти тепилаётган вақтда дарвоза чизиғини фақат бир оёғи билан босиб туришга рухсат бериш;
6. Жамоаларга ўз жарима майдонида дарвоза ҳудудидан туриб бериладиган зарбалар ва эркин зарбалардан ўйинга киришишга рухсат бериш;
7. Сариқ ва қизил карточкаларни нафақат футболчилар ва мураббийлар штаби аъзоларига, балки ўйиннинг расмий шахсларига ҳам кўрсатишни йўлга қўйиш.

Ушбу ўзгаришлар пайшанба куни Глазгода ўтган ИФАБнинг йиллик бизнес учрашувида таклиф этилган. Футбол қоидалари бўйича ваколатли орган 2 март куни бўлиб ўтадиган умумий мажлисида ушбу таклифларни овозга қўяди.

Мавзуга оид