Ўзбекистон | 10:13 / 24.11.2018
14360
2 дақиқада ўқилади

Нуриддинжон Исмоилов Нурсултон Назарбоев билан учрашади

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

2018 йилнинг 24-27 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф дастурида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоиловнинг Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Қозоғистон Парламенти Мажлиси раиси Нурлан Нигматуллин билан ҳам учрашади.

Мулоқотларда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги  Меморандум имзоланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Олий Мажлис қуйи палатаси аъзоларидан иборат делегация аъзолари Қозоғистон Республикаси Сенатида ҳам бўлиб, Сенат раиси Касим-Жомарт Токаев билан учрашадилар.

Шунингдек, делегация аъзолари Қозоғистон Республикаси биринчи президенти кунига бағишланган халқаро парламент анжуманида ҳам иштирок этади.

Расмий ташриф доирасида яна бир қатор учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид