Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Европанинг икки термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади
Шу ҳафта «Dubai Cup» халқаро мусобақаси бош совринини қўлга киритган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси навбатдаги хориж йиғинини январь ойида Туркияда ўтказади, февралда эса Испаниядаги халқаро мусобақада қатнашади. Бу ҳақда бугун Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган матбуот анжуманидан Tribuna.uz мухбири хабар берди.
Dubai Cup турниридаги ғалаба муносабати билан ташкил этилган анжуманда МОҚ бош котиби Жасур Матчанов, ОТЖ мураббийлари Равшан Ҳайдаров ва Шуҳрат Асадов, шунингдек, терма жамоа аъзолари Азизбек Омонов ва Ҳусниддин Ғофуров иштирок этди.

«Олимпия терма жамоасига Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Миллий олимпия қўмитаси томонидан катта эътибор бериляпти. 2020 йилгача стратегик режа ишлаб чиққанмиз. Йил бошидан буён U-23 терма жамоасидан ташқари алоҳида йиғинлар ҳам ташкил этиб келдик.
Ҳар бир йиғинимизда психолог иш олиб боряпти. Улар йигитларнинг руҳий ҳолати ва характерини ўрганишяпти. Жисмоний тарафдан қайси йўналишларда ишлаш кераклиги бўйича алоҳида тавсиялар ишлаб чиқилган. Уларни биз тестлар орқали синаб кўряпмиз. Бунда илмий гуруҳимиз ҳам катта иш олиб бормоқда», деди Ҳайдаров.

«Дубайдаги мусобақада яхши жамоаларга қарши ўйинлар ўтказдик. Япония, БАА ва Кувайт билан ўйинларда таркиб шакллантириш ишлари олиб борилди, ҳали қилиниши керак бўлган ишларни кўриб олиш имкони бўлди. Жараённи ютуқ билан давом эттириш ёқимли. Бу футболчиларнинг руҳий ҳолати яхши бўлишига ёрдам беради», - дея қайд этди ОТЖ бош мураббийи.
«Келгуси режаларимизга келсак, 30 ноябрда Суперлига ва Про-лига якунига етгач, футболчиларга бир ҳафта таътил берамиз. 10 декабрдан Тошкентда йиғин бошлаймиз. Тошкентда йиғин ўтказишимизнинг сабаби – йигитларни қандай об-ҳаво шароити бўлишидан қатъи назар жисмоний жиҳатдан чиниқтиришдир.
Стратегик режамизнинг биринчи босқичи 2019 йил март ойигача мўлжалланган. Осиё чемпионатининг Тошкентда ўтадиган саралаш босқичигача бўлган вақтни кунма-кун режалаштириб чиққанмиз», - дея айтиб ўтди Равшан Ҳайдаров.

Ҳайдаровнинг маълум қилишича, олимпия терма жамоаси январь ойида Туркияда йиғин ўтказади, ой охирида Словакия ва Озарбайжон олимпия термалари билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилади. Шунингдек, кучли клублар билан ҳам 4та ўйин ўтказиш режалаштирилган.
Февраль ойида Ўзбекистон олимпиячилари яна бир хориж йиғинини Испанияда ўтказиб, ушбу мамлакатда ташкил этиладиган халқаро турнирда қатнашади. Шундан сўнг жамоа март ойида Осиё чемпионати саралашида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Дубайдаги турнир 14-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган эди. Ўзбекистон илк ўйинда Япония билан дуранг (2:2) қайд этиб, кейин мезбон БААни мағлуб этди, (2:0), сўнгги ўйинда Кувайт устидан ғалаба қозонди (1:0). Натижада Ҳайдаров жамоаси Японияни 2 очкога ортда қолдирган ҳолда мусобақа бош совринини қўлга киритди.

Мавзуга оид
17:17 / 26.12.2023
Файзуллаев – Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги энг яхши футболчиси. ЎФА йил лауреатларини эълон қилди
12:20 / 08.09.2023
Қобул Бердиев ФВВ академияси бошлиғи лавозимидан озод этилди
21:35 / 18.03.2023
Равшан Ҳайдаров - Ўзбекистон билан расмий мусобақаларда 2 марта ғалаба қозонган биринчи мураббий
12:57 / 09.02.2021