Жамият | 17:28 / 25.11.2018
52059
8 дақиқада ўқилади

Даврий нашрларга қандай қилиб мажбурий эмас, ихтиёрий обуна бўлиш мумкин — 10 маслаҳат

Айни пайтда юртимизда обуна мавсуми кетмоқда. Мактабларда, ўқув юртларида, турли ташкилот ва корхоналарда даврий нашрларга обуна уюштирилмоқда. Асосан интернет сайтларда обунага мажбурий тарзда уюштириш ноқонуний эканлиги ҳақидаги мақолалар эълон қилинмоқда.

Биз ушбу маслаҳатлар тўпламимизда обуна ва газета-журналларга қандай ёзилиш ҳақидаги маслаҳатлар билан бўлишамиз.

1. Обуна — фақат қалб амри билан бўлиши керак

Барчамизнинг оиламизда азалдан даврий нашрларга обуна бўлиб келинган. Оилавий севимли нашрлар ҳам борлиги ҳақиқат. Ўзини ҳурмат қиладиган, ўз устида ишлашни истовчи инсон — айниқса ўқитувчи ва шикофорлар ҳамда бошқа турли касб эгалари маънавияти камол топиши, турли мавзулар, жумладан, соҳасига оид янгиликлардан бохабар бўлиб туриши учун ўзига тегишли соҳа томонидан таъсис этилган ҳамда маҳаллий газета-журналларга ўз ихтиёри, қалб амри билан обуна бўлиши керак.

Мабодо бирорта нашрга обуна бўлишни истамасангиз ҳам, бунга ҳеч ким сизни мажбурлай олмайди. Бу сизнинг хоҳишингиз.

2. Нашрларга гуруҳ бўлиб йиллик ёки чораклар бўйича ёзилиш мумкин

Обуна бўлишни истадингиз. Лекин йиллик обуна нархлари сизни чўчитмоқда. Лекин тушунинг, қоғознинг нархи қиммат. Боз устига, у хориждан валюта эвазига келтирилади. Умуман, босмахона ва нашрнинг тайёрлаш харажатлари ҳам кун сайин ошиб бормоқда. Бир нашрга йиллик ёзилиш бир кишига оғирлик қилиши ҳам турган гап. Шунинг учун ишхонада ҳамкасбларингиз билан келишиб, икки киши ўртага пул ташлаб йиллик обуна бўлиш ёки ўзингиз севадиган нашрга ёки нашрларга йил давомида 4 марта бўлиб-бўлиб — ҳар чоракда бир обуна бўлишингиз мумкин. Шундагина оила бюджетига у қадар оғирлик тушмайди.

3. Ишхоналарда обунага пул йиғиш жараёнида қатнашманг

Ишхонада, ўқув даргоҳларида обуна учун ёппасига пул йиғилишига қарши чиқинг. Чунки йиғилаётган пулга қайси нашр обуна қилиниши сиз ҳал қилолмайсиз. Кўпгина ҳолларда сиз истаган эмас, кимдир истаган нашрни ўқишга мажбур бўласиз. Қандай нашрга обуна бўлишни фақат ва фақат ўзингиз ҳал қилишингиз лозим. Чунки пулни сиз тўлаяпсиз.

4. Қандай обуна бўлиш керак?

Ўзингиз севган нашрга обуна бўлиш учун уйингизга энг яқин почта алоқа бўлимига ёки «Матбуот тарқатувчи» кўшкига (киоски) борасиз. Обуна каталогидан ўзингиз истаган нашрни топиб, обуна карточкасини тўлдирасиз ва қанча муддатга обуна бўлганингизга қараб, сизга обуна квитанцияси берилади. Газета ёки журнални почта орқали уй (ишхона) манзилингизгача етказиб беришлари ёки арзонроққа ўша ернинг ўзидан ўзингиз пайдар-пай олиб туришингиз ҳам мумкин.

Эслатма: кимлиги номаълум, шубҳали ташкилотлар орқали обуна бўла кўрманг! Бу ҳолатда сизга квитанция ёки чек берилган тақдирда ҳам нашр сизга етказиб берилмаслиги мумкин. Шунинг учун синалган ташкилотлар «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва «Матбуот тарқатувчи» АКнинг жойлардаги бўлимлари орқалигина обуна бўлишни тавсия этамиз.

5. Албатта чек ёки квитанция талаб қилинг

Ўзбекистонда ҳар қандай маҳсулот ёки кўрсатил(ади)ган хизмат учун пул тўланса чек ёки квитанция тақдим этилади. Фақатгина ўша ҳужжат сиз кўрсатилётган хизмат ёки етказиладиган товар учун пул тўлаганингизни тасдиқлайди. Айрим таҳририятлар корхона ёки уйингизга тўғридан-тўғри нашрни етказиш бўйича шартнома имзолайди. Бу ҳолатда ҳам сизга ўша шартномадан бир нусха ҳамда пул тўлангани ҳақида чек беришларини талаб қилинг.

6. Фарзандларингизни ҳам обунага ўргатинг

Мактаблар, лицейлар, коллеж ёки олийгоҳларда ўқиётган фарзандингизнинг ҳам тўғри тарбия топиши, тенгдошларининг ижодларидан хабардор, мутолаа маданиятидан баҳраманд бўлишлари учун болалар ва ёшлар учун мўлжалланган даврий нашрлар — газета ёки журналларга обуна бўлишга кўниктириб боринг.

Юртимизда болалар ва ўсмирлар, ёшлар учун мўлжалланган даврий нашрлар талайгина. Оилангизда фарзандларингизнинг севимли нашри бўлсин. Бу ҳолатда ҳам обуна уюштиришда юқорида қайд этилган маслаҳатларга амал қилинг. Фарзандингизнинг қўлига кўр-кўрона обуна учун пул бериб юборманг. Мабодо, ўқув даргоҳида обуна учун пул талаб қилишса, обуна бўлганлик ҳақидаги квитанция ёки чекни олиб бориб кўрсатишсин. Ҳеч ким фарзандингизга айнан фалон нашрга обуна бўласан, деб айтишга ҳаққи йўқ.

7. Мажбурий обуна ҳолати юз берганда нима қилиш керак?

Ҳеч ким, ҳеч қандай раҳбар «фалон нашрни ўқийсан», «фалон нашрга мана шунча нусхадан обуна қилиб берасан», деб талаб қўйишга ҳақли эмас. Бундай оғзаки буйруқни бажармасликка ҳаққингиз бор. Бундай буйруқ берилаётганида уни аудиоёзувга туширишга ҳаракат қилинг. Агар, шундай буйруқ ёзма тарзда берилса — ундан нусха олишга ҳаракат қилинг. Ноқонуний хатти-ҳаракат устидан қўлингизда албатта исбот бўлсин.

8. Қаерга шикоят қилиш керак?

Айтайлик, бундай ҳолат соғлиқни сақлаш муассасаларида юз берганида вазирликнинг (71) 241-16-40, (71) 239-46-10 телефон рақамларига, мактабларда рўй берса — Халқ таълими вазирлигининг 1006 ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Мажбурий обунага пул йиғиш ва эвазига тўлов ҳақида ҳужжат бермаслик, моҳиятан ноқонуний ҳашар ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 200-06-00 рақамига қўнғироқ қилиб шикоят қилишингиз мумкин.

Мажбурий тарзда обуна уюштирилаётгани ҳақида матбуот орқали шикоят қилишни истасангиз, қўлингиздаги далил исботларни info@kun.uz электрон почтасига ёки @muxbir1 Телеграм аккаунтига жўнатишингиз мумкин. KUN.UZ исм-шарифингиз сир сақланишини таъминлайди.

9. Таҳририятлар қандай йўл тутишлари керак?

Обуна мавсумида таҳририятлар корхона, ташкилот ва муассасаларда турли учрашувлар ўтказиш, бу тадбирларда муштарийларга газета ҳақида тўлиқ маълумот беришлари мумкин.

Ана шунда тадбирларда таҳририят обуначи билан тўғридан-тўғри шартнома ҳам имзолаши, нақд ёки тўлов терминали орқали пластик карточкадан обуна учун пул қабул қилиниши, обуначига чек тақдим этиши мумкин. Албатта бундай шартнома таҳририят ва обуначи билан бевосита тузилиши лозим. Таҳририят номидан кимдир (айтайлик, ўша ташкилотнинг раҳбари) бу иш билан шуғулланмаслиги керак. Ҳамма ўзининг ишини қилиши лозим.

Таҳририят вакиллари корхоналарга бориб, «мана шунча нусхада обуна ташкиллаштириб бермасаларингиз, сизларни газетада муттасил танқид қилиб борамиз», демасликлари керак. Аксинча, обуначиларга корхона ва таҳририят ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилиши, уларнинг талаб ва истаклари, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар доимо матбуот юзини кўришини ваъда қилиш керак.

10. Корхона раҳбарлари обуна мавсумида нима қилмасликлари керак?

Ҳурматли раҳбар! Обуна уюштириш — сизнинг бирламчи вазифангизга кирмайди. Обуна Ўзбекистон Республикасида яшовчи ҳар бир фуқаронинг мустақил қарори, ўз хоҳиши асосида амалга оширилишини унутманг.

Обунага ходимлардан пул йиғиш маъмурий (ҳатто жиноий!) жавобгарлик келтириб чиқарадиган ноқонуний хатти-ҳаракат эканлигини ёдда тутинг. Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатга бош бўлиб, шармандали тарзда ишдан олинишингиз мумкинлигини ҳам назардан қочирманг. Бу ёқимсиз воқеа бутун умр сизни таъқиб қилиши мумкинлигини асло унутманг.

Аксинча, ходимларга обуна бўлишни тарғиб қилинг ва қандай нашрларга обуна бўлишни уларнинг ўз ихтиёрига қўйиб беринг. Ортиқча фойда ҳисобидан корхонанинг кутубхонаси ёки маънавият хонасини йиллик обуна орқали энг сара нашрлар билан тўлдириб қўйинг.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид