Спорт | 12:40 / 26.11.2018
3188
2 дақиқада ўқилади

Азар «Реал»га ўтиш орзусини яна бир бор тасдиқлади. У қишда кетмайди, ёзда мумкин

Фото: Getty Images

«Челси» яримҳимоячиси Эден Азар «ПСЖ» жамоасининг Франция чемпионатидаги ва Чемпионлар лигасидаги иштирокига баҳо берди. 

«ПСЖ» ЕЧЛнинг 5-турида «Ливерпуль»ни қабул қилади.

«Агар Лига 1 даражасига қарайдиган бўлсак, ички чемпионатдаги ҳар бир ўйин «ПСЖ» учун – енгил сайрдир. Улар Чемпионлар лигасида ўйнашни ҳам осон билишади. 

Аммо улар бу турнирда қаттиқ курашишлари зарур. Мен Лига 1 даражасини муҳокама қилмоқчимасман, аммо мен «ПСЖ»нинг натижаларига қарар эканман, бу чемпионат жуда кучсиз кўринади.

«Ливерпуль» – кучли ҳужум чизиғига эга ажойиб жамоа: Салоҳ, Фирмино ва Мане. Аммо ўйини чиқса «ПСЖ» исталган рақибни мағлуб этиши мумкин.

«ПСЖ» мени трансфер қилмоқчи бўлиб алоқага чиққан, аммо мен розилик билдирмадим. Мен ҳамиша айтганман, агар Франция чемпионатига қайтсам, бу «Лилль» бўлади», – деган Азар. 

Азар шунингдек «Реал» ўз орзусидаги клуби экани ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

«Жиддийсини айтайми? Ҳа, бу тўғри. Лекин мен айни вақтда бор эътиборимн  «Челси» ўйинларига қаратганман. Менинг шартномам мавсум охирига қадар тузилган.

Агар келишувни узайтирмасам, барчаси бўлиши мумкин. Мен январда клубимни алмаштирмайман, мен ўз клубимга ва мухлисларга нисбатан бундай иш қилмайман.

Балки, кейинги ёзда бўлиши мумкин. Аммо бу бошқа масала. Балки мен бутун фаолиятимни «Челси»да ўтказишим мумкин», – дея қўшимча қилган Азар.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид