Иқтисодиёт | 15:10 / 26.11.2018
62723
4 дақиқада ўқилади

«Бир хатони такрорлайверишни қачон тўхтатамиз?». Бозорда валюта алмаштирганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳақида

Иқтисодий тараққиёт маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов KUN.UZ учун ёзган мақоласида хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳақида сўз юритди.

Қонунчилик палатаси депутатлари 22 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди

«Қайд этилишича, мамлакатда чет эл валютасини айирбошлаш эркинлаштирилгандан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, хорижий валютанинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кескин ошиб бормоқда». 

Валютани ноқонуний алмаштириш албатта яхши эмас. Аммо бунга чек қўйишни истасак, у ҳолда аҳолига маъмурий босимни кучайтириш эмас (ҳаммасидан осон ва қулайи шу), балки бу ҳолатнинг сабабларини аниқлаш ва ўша сабабларга қарши курашиш даркор.

Қора бозор қачон ва нима учун пайдо бўлади?

Биринчиси. Бозор иштирокчилари ўта юқори даражадаги солиқлардан қочишга уринганида. Аммо бизда валюта операцияларини амалга оширганлик учун солиқ тўланмайди. Шундай экан, бу омил қора бозор пайдо бўлишига сабаб бўла олмайди.

Иккинчиси. Давлат бирор маҳсулот учун маъмурий тартибда пасайтирилган нарх белгилаганида. Бу ҳолатда талаб таклифга нисбатан юқори бўлади (харидор учун нарх сотувчига нисбатан фойдалироқ бўлади) ва сунъий тақчиллик келиб чиқади. Маҳсулотнинг бир қисми (бизнинг ҳолатимизда хориж валютаси маҳсулот ҳисобланади) юқорироқ нархда сотилувчи қора бозорга чиқади.

Биз бу ҳолат билан жуда яхши танишмиз: 2017 йил сентябргача долларнинг расмий нархи (расмий алмаштириш курси) сунъий равишда пасайтирилган ва қора бозорда доллар 2-3 баравар қиммат сотиларди. Доллар сотувчилар валютани талончиларча белгиланган расмий курсда сотишни исташмас ва шунинг учун уни қора бозорда сотишарди. Валюта сотиб олувчилар расмий курс бўйича валюта сотиб олишолмас ва уни қора бозордан сотиб олишга мажбур эди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бартараф этилган ҳамда мавжуд алмаштируви курси талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаши лозим. Агарда бу таъминланмаса, Марказий банк курсни ўзгартириши ва мувозанатни тиклаши даркор.

Учинчиси. Бозор иштирокчиларига маҳсулотни эркин сотиб олиш ва сотишга имкон бермайдиган чеклов, тўсиқлар мавжудлиги. Биздаги ҳолат худди шундай. Ҳозирга қадар валюта операциялари ўтказишга, хусусан, нақд хорижий валюта сотиб олишга бўлган чекловлар сақланиб қолмоқда, Ҳа, хориж валютасини карточкага сотиб олиш, кейин уни нақдлаштириш мумкин. Аммо бу ортиқча вақт ва маблағ сарфланиши демакдир. Бу чеклов нима учун ва қандай мақсадда киритилганини мутлақо тушунмайман. Бунда ҳеч қандай иқтисодий маъно кўрмаяпман. Аммо айнан мана шу нарса валюта қора бозори кенгайишига асосий сабаб бўлмоқда. Қўшимчасига, валюта алмаштириш пунктларининг камлиги виждонли сотувчи ёки харидорларнинг олди-сотдини расман амалга оширишларини қийинлаштирмоқда. 

Шундай экан, агарда шамол тегирмонига қарши курашишни ва одамларни дунёнинг ривожланган мамлакатларида бемалол амалга ошириш мумкин бўлган валюта сотиб олишни истаганлари учун жазолашни хоҳламасак, биз қора бозор пайдо бўлишининг сабабларига эътибор қаратишимиз керак бўлади. Яъни, нақд валюта сотиб олишга нисбатан маъносиз маъмурий чекловлар ва алмашиш пунктларининг камлигига. Бу чекловни олиб ташлаш керак. Ҳамда тижорат асосида валюта алмаштириш пунктлари очишга рухсат бериш лозим.

Мавзуга оид