Ўзбекистон | 10:03 / 27.11.2018
15787
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк ижара шартномаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби қандай?

Фото: 123RF

2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди ва давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди. 

Солиқ хизматлари хабарларининг ёзишича, кўчмас мулкни ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкларини ижарага беришда икки томонлама ижара шартномаси тузишлари ва шартномани давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишлари шарт.

Ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш иккита усулда:

- Давлат солиқ қўмитасининг MY.SOLIQ.UZ сайтидаги “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” интерактив хизматлари орқали.
- Жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган жойидаги давлат солиқ инспекцияларига ташриф буюрган ҳолда белгиланган шаклдаги сўровномани тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

1. Ижара шартномаси;
2. Жисмоний шахснинг ёки юридик шахс раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат.

Шартномани ҳисобга қўйиш учун солиқ органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Кўчмас мулк ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйишда Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги шахсий кабинет орқали сўровнома юбориш учун электрон рақамли имзо керак бўлади.

Жисмоний шахслар ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномаси солиқ органида ҳисобга қўйилгандан сўнг, жорий йил учун ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ҳақидаги тўлов хабарномаси ижарага берувчининг шахсий кабинетига юборилади.

Ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.

Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибига риоя этмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-1-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид