Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Спортчи, тадбиркор, ҳотамтой: Леброн Жеймс қандай қилиб 450 млн доллар пул топди?
МБАнинг «Кливленд Кавальерс» клуби 2003 йилда Лебронни танлаб олганида у 18 ёшда эди. Ўшандаёқ йигитчадан деярли имконсиз нарсани кутишганди: ESPN Жеймснинг мактабдаги баҳслардаги иштирокини трансляция қилар, Sports Illustrated журнали эса «Танланган» (The Chosen One) дея унинг суратини 2002 йил февраль сони муқовасига чиқарганди. Леброн ўйинчи, бизнесмен ва филантроп сифатида барча кутганидан ҳам кўпроғига эришди. Бу ҳақда Forbes ёзмоқда.
Майдон ва унинг ташқарисидаги муваффақият Лебронга 450 млн доллар келтирди. У бу бойликка нафақат МБАдаги мўмайгина ойлиги, балки йирик реклама лойиҳалари ва бизнес ташаббуслари орқали эришди.
Леброн ҳақида ESPN+ «Спортчидан ҳам каттароқ» номли 8 қисмли ҳужжатли сериални намойиш этган. Сериал Жеймс ва унинг дўстлари Маверик Картер, Рэнди Мимс, Рич Пол ҳақида бўлиб, уни Леброн ва Картерга қарашли Uninterrupted медиакомпанияси суратга олган.
Жеймс МБАдаги 16 йиллик фаолияти давомида фақат бир марта (2016/17 йилги мавсум) лиганинг энг кўп маош тўланувчи баскетболчиси бўлган. Аммо унинг ушбу мавсумдаги умумий даромади миқдори 270 млн долларни ташкил этади — бу ҳозирги ўйинчилар орасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Леброн асосий маблағини доимо майдонча ташқарисида топган. Унинг рекламадан топадиган йиллик даромадлари баъзан маошидан икки-уч баравар кўпроқ бўлган. Nike Жеймснинг МБАдаги дебют мавсумидан бошлаб унинг энг йирик ҳомийси бўлиб келади. Компаниянинг илк шартномаси 7 йилга тузилган бўлиб, шартнома суммаси 100 млн доллардан ортиқроқ бўлган. Таққослаш учун: «Кливленд» билан тузилган биринчи шартномасига кўра Леброн 4 йилда 18,8 млн доллар олган.
Леброн номи туширилган кроссовкалар кейинги ўн йил давомида энг кўп сотилган кроссовка бўлган.
Жеймс 2015 йилда Nike билан бир умрлик шартнома имзолаган. Леброннинг бизнес менежери Маверик Картернинг айтишича, компания унга 1 млрд доллар тўлайди.
Жеймс бутун профессионал фаолияти давомида 15дан ортиқ брендни реклама қилган. Унинг рекламадан топадиган умумий даромади миқдори 2018/19 йилги мавсум охиригача 600 млн долларга яқинлашади.
Леброннинг Beats Electronics компаниясига киритган улуши ўзини оқлаган, Apple 2014 йилда ушбу компания учун 3 млрд доллар тўлаган. 2011 йилда Fenway Sports Group (FSG) билан ҳамкорлик ҳам даромад келтирди. Леброн FSG гуруҳига тегишли «Ливерпуль» клубининг бир қисм акциясига эга бўлди. Ўшандан буён клуб нархи 552 млн доллардан 1,9 млрд долларга етди.
2017 йилда Леброн Blaze Pizza стартапида қатнашиш учун McDonald’s билан 15 млн долларлик шартномадан воз кечди. ESPN маълумотига кўра, ҳозирда Blaze Pizza энг тез ривожланаётган ресторанлар тармоғи бўлиб, Жеймс ва унинг ҳамкорларининг инвестицион улуши 1 млн доллардан 25 млн доларга етган. Бундан ташқари, Леброн Чикаго ва Жанубий Флоридадаги франшиза эгаси ҳисобланади.
Леброн 2018 йил ёзида Лос-Анжелесга («Лэйкерс»га) эркин агент сифатида кўчиб ўтди. Бу унинг продюсерлик лойиҳалари учун муҳимдир. 2015 йилда Time Warner’дан 15,8 млн доллар инвестиция олган Uninterrupted компаниясидан ташқари, Жеймснинг хусусий SpringHill Entertainment компанияси ҳам бор. Компания The Wall ва Survivor’s Remorse каби кўрсатувларни тайёрлаган бўлиб, ҳозирда House Party фильмини суратга олмоқда.
Лебронга қарашли хайрия фонди 2011 йилда I Promise лойиҳасини йўлга қўйган бўлиб, дастур орқали Жеймс туғилган Акрон шаҳридаги давлат мактабларида ўқувчи 1300дан ортиқ ўқувчилар қўллаб-қувватланади. Агарда коллежга ўқишга киришса, уларга стипендия тўланади.
Бу йил эса Леброн I Promise доирасида Акронда 40 млн доллар сарфлаб ўзининг биринчи умумтаълим мактабини очди. Бу ерга 249 нафар 3- ва 4-синф ўқувчилари қабул қилинади. Мактабда ўқиш (либослар, овқатланиш, икки миль масофада велосипед ва автобус хизмати ҳам) бепул. Бундан ташқари, мактаб битирувчилари Акрон университетида ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади.
Леброн мақсади миллиардер бўлиш ҳақида кўп бор айтган. Ва у ҳозирда мақсадининг ярмига эришди.
Мавзуга оид
07:17 / 21.07.2021
“Милуоки” 50 йил ичида биринчи марта МБА чемпионига айланди
22:27 / 29.01.2021
МБАнинг энг кўп пул топадиган баскетболчилари рейтинги эълон қилинди
09:12 / 11.12.2020
Time Леброн Жеймсни “Йил спортчиси” деб эълон қилди
07:59 / 12.10.2020