Ўзбекистон | 13:03 / 27.11.2018
22532
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пахта мавсумида 200дан ортиқ мулозимга жазо чоралари қўлланилган

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда 2018 йилги пахта мавсуми давомида 200дан ортиқ турли даражадаги давлат амалдорлари ва мулозимларига интизомий чоралар қўлланилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ХМТ томонидан ташкил этилган тадбирда шу ҳақда баёнот берди. У, шунингдек интизомий жазо чораларини жиддийлаштириш, хусусан, қонунбузарликка йўл қўйган амалдорга солинадиган жарима миқдорини кескин ошириш устида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини билдирди, деб хабар қилмоқда тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири. 

Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бири пахта терганлик учун тўланаётган ҳақ миқдорини ошириш ва турли босқичдаги терим шароитлари орасида фарқ бўлганлиги учун бир кг пахта учун турлича тўлов белгилангани бўлди. Терим учун тўлов шкаласи 2018 йилда янада такомиллаштирилди, яъни меҳнат ресурслари етишмаган ва ҳосилдорлиги паст бўлган ҳудудларда терганлар учун қўшимча рағбатлар тақдим этилди.

2018 йилда ҳукумат ишонч телефонлари орқали 2 500дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Кўп ҳолларда меҳнат ҳуқуқлари бузилишида айбдор деб топилган мансабдор шахслар, ҳокимлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий ва маъмурий чоралар кўрилди. Бундай чоралар ишдан озод этиш, ҳайфсан ва жарималардан иборат бўлди.

Ташкилотнинг қайд этишича, Ўзбекистон пахта хомашёсини қайта ишловчи ва ўзини тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчиси сифатида намоён қила бошлаган. 

«Буларнинг ҳаммаси ижобий ўзгаришлардир, -  дейди Беате Андреес. – Ишлаб чиқаришда тўлиқ иш кунли, доимий ва муносиб шароитларга эга иш жойларини яратиш пахта мавсумида ишчи кучига бўлган кескин ўсадиган талабни бирмунча қисқаришига ёрдам беради, илгарилари терим давомида ушбу талабни қондириш асносида адолатсиз ишга ёллаш амалиётларига йўл қўйилар эди».  

Унинг айтишича, кўп жойларда халқаро тўқимачилик корхоналари томонидан яхши меҳнат стандартларини қўллаш ва илғор хориж тажрибасини амалиётга жорий қилишга гувоҳ бўлинмоқда. «Шу боис, Ўзбекистонда ҳам бундай ишларни амалга оширилмаслигига сабаб кўрмаяпман», – дейди ХМТ вакили. – Ҳали ҳам қилинадиган ишлар талайгина. Аммо Ўзбекистон юқори амбицияли ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга оширишда халқаро ҳамжамият томонидан, хусусан ҳукуматлар, сармоядорлар, тўқимачилик саноати ва фуқаролик жамияти томонидан қўллаб-қувватланишига арзишини исботлаб берди».

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти 2014 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда «Мамлакат муносиб меҳнат комплекс дастури»ни амалга ошириб келмоқда. Ушбу дастур доирасида пахта етиштириш соҳаси билан бир қаторда, бандлик ва ёллаш сиёсати, меҳнат инспекциялари ва бошқаруви, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий мулоқот ҳамда касаба уюшмалари ва иш берувчилар уюшмаларини салоҳиятини кучайтириш масалалари қамраб олинган.
 
ХМТнинг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси ЕИ, Швейцария ва АҚШ ташкил этган “Кўп донорли траст жамғармаси” томонидан молиялаштирилган.

Мавзуга оид