Ўзбекистон | 20:40 / 29.11.2018
64888
14 дақиқада ўқилади

Эксперт: «Ўзбекэнерго»ни ўз эгаларига бериш керак

2017-2018 йилларда «Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбаларининг истиқболлари» лойиҳаси раҳбари, Германиянинг «Қуёш энергияси ассоциацияси» аъзоси ва «Александер Гумбольдт» жамғармаси вакили, Карлсруэ Технология институтида «ThinkTank» лойиҳаси раҳбари, «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Равшан Хўжанов энергетика соҳасидаги муаммолар борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекэнерго» муаммолари ва етарли қувват етишмаслиги

Ўзбекистон энергетикасида бугунги кундаги вазият бирмунча оғир ҳолатда. Ўрнатилган қувват қоғозда 12 ГВтни ташкил этса-да, амалда 10 ГВтга тенг, бизга эса тахминан 15-20 ГВт қувват лозим.

Авваламбор, ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб борадиган электр энергия йўқотишларининг олдини олиш керак. Мисол учун, АҚШ ва Ғарбий Европада бу йўқотишлар 5 фоизни ташкил этади, бизда эса 20 фоиз.

Совет тузумидан қолган баъзи технологиялар маънан эскирган. Уларни замонавий тежамкор самарадор технологияларга алмаштириш керак. Ундан ташқари, аҳолининг энергиядан ноқонуний фойдаланишининг олдини олиш керак. Аҳолига эса, ўз навбатида, ширкатлар тарафидан сифатли ва ўз вақтида хизмат кўрсатилишни йўлга қўйиш керак.

Ўзбекистонда электр энергияни сотиш, уни ишлаб чиқариш ва истеъмолининг аниқ бир механизми, соҳани ривожлантириш низоми йўқ. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Ўзбекэнерго» давлат акционерлик компаниясига айлантирилгандан кейин, унинг ваколатлари бирмунча қисқарди. Натижада, нарх навони белгилаш Молия вазирлигига, маълум қонун ва қарорларни ишлаб чиқиш эса Иқтисод вазирлигига ва Вазирлар Mаҳкамаси ваколатига ўтиб кетди. «Ўзбекэнерго» эса юқоридан келадиган буйруқ ва кўрсатмаларни бажарувчи вазифасига айланиб қолди.

Албатта, Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида юқори вольтли узатмалар янгиланган. Аммо бу ҳам тизимни қутқара олмайди.

Шунингдек, бу соҳада мутахассислар етишмовчилигини кузатиш мумкин.  Соҳада жуда катта кадрлар айланмаси мавжуд. Кимда хорижга кетиш имкони бўлса, чиқиб кетмоқда. Яхши мутахассислар Ўзбекистонда ноёб ҳолга айланмоқда.

Мен Германиянинг шарқий қисмида (собиқ ГДРдa) яшайман. Бу ерда ИЭСлар собиқ совет иттифоқидаги каби давлатга тегишли бўлган. Улар бу ИЭСларни янгидан қайта қуриб, юқори самарадорликка эришишган. Ўзбекистонда эса, ҳамон ўша 50 йил олдин қурилган ИЭСлар зўр-базўр ишламоқда. 

Германия аҳолиси 83 млн кишини ташкил этади. Электр станцияларнинг умумий ўрнатилган қуввати 110 ГВт, ИЭСнинг улуши 47 фоиз, АЭС 13,1 фоиз, ГЭС – 3,8 фоиз ва муқобил энергиялар улуши 34,4 фоизни ташкил этади. Германия ўзининг нефть ва газ захираларига эга эмас. Шу боис кўмир улар учун энергия ресурсининг асосий манбаси ҳисобланади.

Германияда яна газ-буғ турбинали технологиялар жуда ривожланган ва фойдали иш коэффициенти 55-60 фоизни ташкил этади. Охирги маълумотларга қараганда, газнинг нархи электр энергия нархидан ошиб кетмоқда. Чунки улар газни Россиядан сотиб олишади. Биз эса Россияга сотамиз. Шу сабабли Германия ҳукумати бундай тафовутнинг олдини олиш учун муқобил энергияни янада ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Уларда электр энергетика соҳаси бизга ўхшаб битта ташкилот қўлида эмас. Асосий қисми хусусий компаниялар қўлида, катта саноат корхоналари эса ишлаб чиқарувчидан тўғридан-тўғри сотиб олади. Аҳоли эса, ўз навбатида унча катта бўлмаган хусусий фирмалардан сотиб олади. Ундан ташқари, электр энергия тарифлари кўп. Бизникидан фарқли ўлароқ, бу тарифлар аҳолининг кенг қатламига мўлжалланган.

Германияда энергия бозори бўлиниб кетган ва унда тахминан 900та иштирокчи бор. Аммо охирги пайтларда йирик корпорациялар ва компанияларнинг кенгайиш тенденцияси кузатилмоқда. Масалан, Германияда 8та энергетика компаниясидан 2таси, яъни Viad ва Veva компанияларининг бирлашуви бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу оддий ҳолат, чунки иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, «Ўзбекэнерго» учун аҳолидан электр истеъмоли учун пул йиғиш қийинчилик билан амалга оширилмоқда, Германияда эса бу иш автоматлаштирилган. Аҳолининг банкдаги ҳисоб рақамидан ҳар ой тўлов ечилади. Кимки бир йиллик электр энергияни олдиндан сотиб олса, арзонлаштирилган нархда берилади. Мисол учун, беш кишилик оила учун тахминан 6000 кВт электр энергияга эҳтиёжи бўлса, улар учун 15 фоизгача чегирма ва 300 еврогача бонуслар таклиф этилади.

Германияда электр энергия истеъмолининг тахминий йиллик бюджети:

Ҳар хил турдаги уй хўжаликларида киловатт-соатлардаги истеъмоли

CHECK24 сайти орқали нархларни тахминан баҳолаш ва электр энергияни сотишнинг оптимал тарифини аниқлаш мумкин.

«Ўзбекэнерго» активларини хусусийлаштириш қисқа муддатли истиқбол учун бироз самарали бўлиши мумкин, аммо узоқ муддатли истиқбол учун бу ечим эмас.

Электр энергия соҳасини яхшилаш учун «Ўзбекэнерго»га вазирлик даражасидаги ваколатлар берилмоғи даркор. Мисол учун, электр энергия нархи Молия вазирлиги тарафидан, модернизация бўйича турли лойиҳаларга эса Вазирлар Маҳкамаси қарор беради. «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ваколати чегараланган.

Ҳар бир ишни ўз эгасига бериш керак. «Ўзбекэнерго»ни ҳам ўз эгаларига бериш керак – муҳими шундай тизим яратиш керакки, у коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи бўлиши даркор. Соҳа мутахассислари ўз ташкилотида ҳар қандай ишни мустақил ҳал қилиши керак. Юқоридан жавобни кутиб, вақт йўқотишлари керакмас. Бизда эса, юқоридан бирон-бир кўрсатма келдими, тўғрими-йўқми, бажариш керак деган тушунча ўрнашиб қолган.

«Ўзбекэнерго» нимани сотиш, нимани таъмир қилиш ва ҳоказоларни ўзи ҳал қилиши керак. Чунки энергия тизимида бирор техник фалокат рўй берса, «Ўзбекэнерго» жавоб беради, демакки, қарорни ҳам ўзи чиқариши керак. Бизда эса, қарорни биров чиқаради, жавобгарлик «Ўзбекэнерго» зиммасида. Буйруқ ва кўрсатма берган бошқа ташкилот эса, сувдан қуруқ чиқади. Бундан ташқари, аҳоли ҳам янги технология ва тизимларга мослашиши керак.

Энергетикага сармоя ётқизмоқчи бўлган маҳаллий ва хорижий сармоядорлар кўп, аммо уларга сармоясини қонунан ҳимоя қила оладиган кафолат керак.

Ҳозирда салоҳиятли сармоядорлар кўп, чунончи, Германия, Жанубий Корея ва Хитой шулар жумласидандир. Аммо улар «Ўзбекэнерго» таклиф қилаётган нархга рози эмас.  

Муқобил энергия ва яшил нарх-тариф

Аҳоли учун муқобил энергиядан фойдаланишнинг самарали механизмини яратиш мумкин. Бунинг учун яшил нарх-тариф қонунини амалга киритиш керак, бу энг фойдали ва самарали воситадир. Бу муқобил энергиядан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Бундай ҳолда, аҳолининг ўз уйида қуёш панеллари ва шамол генераторларини ўрнатиб электр энергия ишлаб чиқаришга мойиллиги ошади. Ўз эҳтиёжидан ортиқ электр энергияни эса сотиши мумкин.

Аммо шуни унутмаслик керакки, электр энергияни 100 фоиз муқобил энергиядан ишлаб чиқариш электр тизимдаги кучланишнинг кучайишига олиб келади. Асосан газ ёқилғисидан фойдаланадиган ИЭСларимизнинг иш самарадорлиги 34 фоизни ташкил этади. Агар кўмирдан фойдаланса, станциянинг фойдали иш коэффициентини 45 фоизгача етказиш мумкин, аммо маҳаллий кўмиримиз таркибида намлик даражаси юқори ва кул кўп. Бу кўмирга мос янги технологияни жорий қилиш ва самарадорлигини ошириш керак.

Германияда кўмир ИЭСларининг самарадорлиги 40 фоиздан ортиқ. Германия ўз кўмирига эга бўлишига қарамай, Австралиядан сотиб олади. Чунки қазиб олишдан кўра Австралиядан сотиб олиб келиш улар учун арзонга тушади. Ундан ташқари, атроф-муҳит муҳофазаси улар учун муҳим омил ҳисобланади.

Албатта, «Ўзбекэнерго» бу ишларни баҳоли қудрат оширишга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳаммаси ҳам ўйлаганчалик ёки режадагидек бўлмаяпти.

2010 йили энергия ресурсларни тежаш учун республикамиздаги ИЭСларга қуёш иссиқлик технологиясини татбиқ қилиш лойиҳасини таклиф этгандим. «Ўзбекэнерго» бу таклифимни қиммат дея рад этди. Ёқилғини тежаш давлатимизнинг асосий мезони-ку деган гапимга, газ ўрнига кўмирни кенг миқёсда татбиқ этамиз дея жавоб беришди. Орадан мана 8 йил ҳам ўтдики, кўмир ҳали-ҳамон ўша битта – Янги Ангрен ИЭСида ишлатилмоқда. Бошқа кўмир станциясини қуришмади.

Аммо қуёш энергиясини жорий қилишга тўсиқлардан бири бу нархми?! Ҳозирги кунда, анъанавий энергия манбаларидан олинган электр энергия арзонроқ тушади. Электр энергиянинг таннархи тахминан 1,2 центга тўғри келади. Чунки улар газни арзон нархда сотиб олишади. Бироқ газ нархи ошса, электр энергия нархлари ҳам ўз-ўзидан ошади. Бу эса аҳолининг қайта тикланувчан энергия манбаларига мурожаат қилишига сабаб бўлади. Чунки уларнинг нархи яқин келажакда тенглашади.

Германиянинг янги энергетика стратегиясига мувофиқ, муқобил энергиядан олинадиган электр энергия улушини 2030 йилгача 50 фоизга, 2050 йилгача эса 100 фоизга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Шундай қилиб, Германия олдига қўйилган вазифалар Германия сиёсатининг энергия ишлаб чиқаришда технологик асосидаги фундаментал ўзгаришларга қаратилгани ва келажакда бутун Германия энергия таъминотини сўзсиз қайта тикланувчан энергия орқали амалга оширишини кўрсатади.

Бугунги кунда Германиянинг ёқилғи-энергетика баланси асосан анъанавий энергия манбаларидан иборат бўлиб, бу 80 фоиздан ортиқ. Уларнинг деярли 90 фоизи импорт қилинадиган энергия манбаларидан – уран, табиий газ, тошкўмир ва нефтдан олинадиган электр энергиядир, хусусан улардан 55,6 фоизи импорт қилинади.

2017 йил апрель ойининг сўнгги дам олиш кунларида Германияда 85 фоиз электр энергия муқобил энергиядан, чунончи, қуёш, биогаз ва шамол, гидроэлектрстанциялардан олинди. Бу янги рекорд, биринчи навбатда, «яшил» электр станцияларнинг миқдори доимий равишда ошиб бориши туфайли ўрнатилди. Иккинчидан, мамлакат бўйлаб апрель ойининг охирларида ҳавонинг очиқ ва қуёшли келгани сабабдир.

Март ойининг дам олиш кунларида эса деярли кўпгина кўмир электр станциялари ишламади (улар аста-секин эксплуатациядан чиқарилмоқда). АЭСнинг ҳам электр энергия ишлаб чиқариши пасайди. Зотан, бу АЭСлар 2022 йилнинг охиригача батамом ёпилиши режалаштирилган.

Янги рекорд ҳақиқатан кучли кўрсаткич ва муқобил энергиянинг бошқа энергия турларига нисбатан ибратдир. Чунки Германия кучли саноат мажмуасига эга бўлган йирик мамлакат. Агар 85 фоиз электр энергия муқобил энергия манбаларидан олинган бўлса, у ҳолда «яшил» энергияга ўтиш жуда ҳам муваффақиятли кечмоқда. Германиянинг сиёсати ўз олдига қўйган стратегия ўзини оқламоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ўтган йилнинг март ойида мамлакатда истеъмол қилинган энергиянинг 40 фоизи муқобил энергиядан олинган. 2015 йил АҚШда бу кўрсаткич 16,9 фоизни ташкил этган ва сўнгги икки йил ичида катта миқёсда ўзгармаган деса ҳам бўлади.

2015 йил Германияда муқобил энергия улуши 33 фоизни ташкил этганди. Ҳукумат бу кўрсаткични 2050 йилда 100 фоизга етказишга умид қилмоқда. Бошқа давлатларда ҳам яшил энергия бозори ҳолати чакки эмас. Масалан, Данияда муқобил энергия манбалари керагидан ортиқ электр бермоқда. Натижада, бошқа давлатларга электр энергияни сотишига тўғри келмоқда. Коста-Рикада эса 99 фоиз энергия муқобил энергия манбаларига тўғри келади, ҳайратланарли рақам, шундай эмасми?

Агар SkyPower Global лойиҳаси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, норасмий манбаларга кўра, улар ишлаб чиқариб сотмоқчи бўлган электр энергия нархи 6 центга тенг. Аммо бу лойиҳа ким томонидан молиялаштирилиши биз учун ҳамон қоронғу бўлиб қолмоқда. Ҳозирда сармоядорлар қаерда солиқ бўлмаса, ўша жойга сармоя ётқизишмоқда, биздаги муқобил энергия учун эса солиқлар олиб ташланган ва узоқ муддатли кредит ҳамда ерлар ажратилиши йўлга қўйилган.

Шу кунгача бундай лойиҳалар ва ғоялар бўлиб келган, лекин аслида сезиларли даражада ҳаракат бўлмаган.

Нима учун? Чунки бизда коррупция ва бюрократия ривожланиш жараёнига болта урмоқда ёки секинлаштирмоқда, сармоядорларни узоқлаштирмоқда. Сармоядорларга лойиҳалари учун «Ўзбекэнерго»дан кафолат керакмас, балки давлатдан кафолат керак, шунда уларнинг сармоялари ҳимоя қилинади ва даромад олиш имконига эга бўлишади. Президентимиз бежизга сармоя ётқизиш иқлимини яратиш ҳақидаги қонунга имзо чекмади. Сўнгги ойлардаги коррупцияга қарши бўлаётган изчил ва кескин хатти-ҳаракатлару курашлар бу қонуннинг натижаси десак муболаға бўлмайди. Ҳукумат уч йил ичида коррупцияга барҳам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Токи бу иш бартараф этилмас экан, сармоя кутиш ва тараққиётдан умид қилиш бекор.

Менимча, Ўзбекистон энергетикасида кўп ижобий ва самарали ҳар томонлама манфаатдор ишларни амалга оширса бўлади, масалан қиш ойларида Қирғизистон ва Тожикистондан электр энергия сотиб олиши керак ва аксинча ёз ойларида уларга сотиш керак. Яқин тарихдан эслайман, бу қўшниларимиз билан доимо сув муаммоси бўлиб келган эди. Улар сувни электр энергияга бартер қилишни хоҳлашарди. Қиш давомида дарёлар тўлиб-тошиб оқарди, баҳорда бизга сув керак бўлган пайтда ёпиб қўйишарди. Ҳозирги ҳукуматимиз бу қўшнилар билан яхши алоқалар ўрнатиб, барча муаммоларни икки тарафлама манфаатли ижобий ечиб, халқлар манфаати учун хизмат қиладиган ишларни амалга оширди ва оширмоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақадаги барча энергетика соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради. Айтганча, Тошкентда Ўрта Осиё энергетика тизими ягона диспетчерлик бошқаруви ҳали ҳам мавжуд.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан бир хил бўлмаслиги мумкин.

Мавзуга оид