Аҳоли «Зарбдор деҳқон бозори»дан безор
Kun.uz таҳририяти Жиззах вилояти Зарбдор тумани аҳолисини қийнаб келаётган муаммолардан бирига эътибор қаратди. Шикоятга кўра, тумандаги «Зарбдор деҳқон бозори»да аҳоли учун мутлақо шароитлар яратилмаган.
Зарбдор туман марказидаги Жиззах–Қўқон катта йўли ёқасидаги бозорга кириб борар эканмиз, илк қадамларданоқ шикоятдаги важлар ўз тасдиғини топа бошлади.
Деҳқон бозори дарвозасидан ичкарига қадам қўяр экансиз, ҳовлига тартибсиз тўкиб ташланган чиқиндиларга кўзингиз тушади. Атрофдаги дайди итлар одамни чўчитади. Ҳадик билан айланиб ўтсангиз ҳам, улар сизни гўшт расталари оралаб кутиб олишади. Дарвоқе, гўшт маҳсулотлари ҳам санитария қоидаларига мутлақо зид тарзда очиқ осмон остидаги расталарда сотилмоқда. Озиқ-овқатлар савдоси ҳақида бироз кейинроқ ҳикоя қилиб берамиз.
Буюм бозори. Нимқоронғу, бир-бирига зич тарзда жойлаштирилган расталар оралаб юриш қийин, чунки қоронғу ва тор йўлаклар ҳам чиқиндига тўла.
«Нега суратга оляпсиз, тинчликми?», - ҳушёр сотувчининг саволига жавоб бергунимизча, бошқа тадбиркорлар суҳбатга қўшилди.
«Келиб яхши иш қилибсиз. Мен қассобман. Бозорда умуман шароит йўқ. Ёмғир ёққанда келсангиз, резина этиксиз киролмайсиз бозорга. Ҳужжатимиз бор, савдо йўқ. Чунки, кўчадаги ҳеч қандай ҳужжати йўқ қассобларнинг текширилмаган арзон гўштини одамлар бозорга кирмаёқ олиб кетишади. Бозорда шароит бўлмагандан кейин ким ҳам кирарди! Аммо биз ушбу шароити йўқ расталар учун бозор маъмуриятига пул тўламоқдамиз», дейди сотувчилардан бири.
Ҳақиқатан ҳам, катта кўчага чиққунча бетартиб чўзилиб кетган расталарда ҳамма нарсани топиш мумкин: олма, анор, супурги, гўшт, мих, самовар, эҳтиёт қисмлар, корейсча салатлару нон ҳам. Хуллас, очиқ майдонда кимнинг нимаси бўлса сотиши, кимга нима керак бўлса олиши мумкин. Суҳбатдошларимиз эса бири олиб, бири қўйиб шароит йўқлигини гапиришади.
«Бу ҳақда бир неча бор бозор маъмуриятига мурожаат қилганмиз. Фойдаси йўқ. Пахта теримидан кейин гаплашамиз, деган мужмал жавобни беришган. Ҳар йили шу жавоб», дейди сотувчилардан бири.
«Ветврач ҳам, СЭС (ДСЭНМ) ҳам ишламайди, бозор ҳудудига яқин йўламайди. Биз атрофимизни тозалаймиз, холос. Тўловларга келганда ҳеч кимнинг эсидан чиқмаймиз, лекин шароит йўқлигига биров куймайди. Вазият айниқса якшанба кунлари бутунлай издан чиқиб кетади», дейди у.
Сўраб-суриштириб телефон рақамини топганимиз – деҳқон бозори раҳбари Муҳиддин Ҳожиқулов бу ҳолатга шундай изоҳ берди: «Нима дея олишим мумкин? Ўзингиз биласиз, ҳозир пахта йиғим-терими мавсуми. Шунга озгина эътиборсизлик қилибмиз. Тадбиркорларимиз шу ерда савдо қилайлик, харидорлар ичкарига киришмайди, деганига рухсат бергандим. Бунақа бўлишини қаёқдан билай? Эртага келсангиз, ҳаммаси ўз ўрнида бўлади. Ўшанда расмга олинг...»
Катта йўл ёқасида, бозор йўлакларидаги тартибсизликни изоҳлашда бозор маъмурияти, туман ДСЭНМ, ободонлаштириш бошқармаси сансалорлик қилаётгандай.
Зарбдор тумани ДСЭНМ мутахассиси Худойназар Қодиров эса саволларга шундай жавоб қайтарди: «Туманимизда янги замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий янги типдаги бозор қурилган. Аммо бирор тадбиркор бу бозорга эгалик қилмагани учун эски бозордаги тадбиркорларни кўчиришнинг имкони бўлмаяпти. Сифатсиз гўшт маҳсулотлари бўйича бир нима дея олмайман, уларни сотишга бозор маъмурияти рухсат берган. Бозор ичида, атрофида сотилаётган полиз, озиқ-овқат маҳсулотларини бозордаги ветврач текшириши керак. Лаборатория мудирига мана шундай ҳолатлар учун жарима ҳам қўллаганмиз. Лекин фойдаси бўлмади. Ростини айтаман, биз бозордаги сотувчиларга гапиролмаймиз. Тадбиркорман, ишимга аралашяпсан, деб ёқангиздан олишади. Ортиқча муаммонинг кимга кераги бор? Тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, лекин вазият ўзгармаяпти».
«Катта трассадаги кўча савдосини бозордаги бўш турган расталарга кўчира олмаётганимизга сабаб битта. Ушбу павильон хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Экспертлар хулосаси олинган, том қулаши хавфи бор. Агар том қуласа, ким жавоб беради? Сизга ёлғон – бизга чин: бирор жойдан текширувчи келса ҳамма сотувчиларни мажбуран ўша ерга йиғамиз. Эртасига яна ўша аҳвол - ҳамма кўчадаги жойига чиқиб кетаверади», - дейди туман ДСЭНМ бош шифокори Аҳмад Жўраев.
«Муаммоларга кўз юма олмаймиз. Аслида гап қулаётган томда ҳам эмас. Халқимизда шундай тушунча шаклланган: «Отанг – бозор, онанг - бозор». Ёнгинамиздаги супермаркетда ўша озиқ-овқат бозор нархида сотилади, лекин ундан олишмайди. Албатта бозорга боришади. Бозордагилар тўғри айтибди, агар якшанба куни келсангиз, бу ҳолат бугунгидан ҳам баттар бўлади. Зарбдор шаҳарчасининг Ойбек маҳалласидаги замон талабларига мос янги типда қурилган бозоримизга тадбиркорларни кўчириб ўтказиш масаласини кўряпмиз», - деди бизни кутиб олган туман ҳокими ўринбосари Алишер Эржигитов.
Шундан сўнг, Ойбек маҳалласида барпо этилган янги бозорни бориб кўрдик. Энг қизиғи, ушбу бозорга шу кунгача бирорта тадбиркор келиб жойлашмаган. Сотувчиларга харидор керак, харидор эса яқинини кўзлайди. Бироз узоқлик қиладиган янги бозор эса иш бошламай туриб нурай бошлаган.
Гулчеҳра Шарипова
Мавзуга оид
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
17:13 / 01.11.2024