Спорт | 22:54 / 03.12.2018
4037
2 дақиқада ўқилади

УЕФА ҳарбий вазият амал қилаётган ҳудудларда ўйинларни ўтказишни тақиқлади

Фото: EPA\UPG

УЕФА ижроия қўмитаси ҳарбий вазият тартиби киритилган ҳудудларда ўйинларни ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда 3 декабрда УЕФА матбуот хизмати маълум қилди.  

Таъкидланишича, ушбу қарор ижроия қўмитасининг 3 декабрдаги йиғилишида қабул қилинган.   

Шунингдек, ҳарбий вазият амал қилаётган ҳудуд орқалигина бориш мумкин бўлган бошқа ҳудудларда ҳам ўйинлар ўтказиш тақиқланади.

УЕФА ноябрь охирида Украинанинг баъзи ҳудудларида ҳарбий вазият киритилгани сабабли Украинанинг “Ворскла” жамоасининг Европа лигаси гуруҳ босқичида Лондоннинг “Арсенал”ига қарши уй учрашувининг Полтавадан Киевга кўчирилишини эълон қилганди. 

“Ворскла”дан ташқари, бу тақиқлов Донецкнинг “Шахтёр” клубига ҳам тааллуқли бўлади. Аввалроқ “Шахтёр”нинг “Лионга” қарши 12 декабрда Харьковда ўтиши керак бўлган учрашуви бошқа шаҳарга кўчирилиши маълум қилинган.

Айни вақтда Украинанинг 10 та вилоятида Керчь бўғозидаги охирги воқеалар сабабли ҳарбий вазият тартиби киритилган. Ҳарбий вазият тартиби 26 ноябрда киритилган ва 30 кун амал қилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид