Ўзбекистон | 20:22 / 06.12.2018
16317
3 дақиқада ўқилади

Ректор: Иш берувчи таълим жараёнида фаол эмас, унинг ижтимоий масъулиятини ошириш керак

Олий таълим муассасалари фаолиятини либераллаштиришда жаҳондаги олий ўқув юртларнинг тажрибасини ўрганиш мумкин. Лекин, Ўзбекистонда таълим олишга иштиёқманд ёшларнинг сони ҳали кўплиги ҳамда уларнинг ижтимоий имкониятлари, тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт миқдорини эркин белгилашга бироз шошилмаган маъқул, деб ҳисоблайди Тошкент кимё-технология институти ректори Шуҳрат Муталов. 

Mover'да кўриш

Youtube'да кўриш

«Президент томонидан оширилган тўлов-контракт қийматларини тўлаш орқали ёшларга қабул қилиниш имконияти берилгани олий таълим муассасаларида бу [фаолиятнинг либераллашуви] имконият пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берди», - дейди ректор Kun.uz'га берган интервьюсида. 

Ректорнинг таъкидлашича, институтда ҳам фаолиятни янада эркинлаштириш механизмлари режалаштирилмоқда, таҳлилдан ўтмоқда. 

«Маълумки, техника ва технология йўналишидаги олий ўқув муассасаларида ўқув жараёнининг асосий шартларидан бири - ўқув-илмий лабораториялар. Бу бошқа ижтимоий-гуманитар таълим йўналишларига қараганда ўқув жараёнини ташкил этиш бир қатор молиявий харажатларни талаб этади. Лекин шу борада халқаро тажрибани ўрганиб, бир нарсани кузатяпмизки, асосий иш берувчиларнинг ОТМ моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар сифатини оширишга қаратилган жараёнлардаги иштироки талаб даражасида, деб бўлмайди.

Меҳнат бозорида асосий талабни иш берувчи қўяди, унга битирувчининг билим ва кўникмаси тўғри келса, ишга олади. Шу сабабли, кадрларни тайёрлаш жараёнида ҳам озгина уларнинг эътибори, турли стипендияларни жорий этиши керак. Моддий-техник базасига янги ускуналарни олиб кириш, лабораторияларни ташкил этиш ёки имконияти етишмаётган талабаларнинг тўлов-контрактини тўлаб, кадрларни мақсадли тайёрлаш борасида иш берувчининг ижтимоий масъулиятини белгилаб берадиган тартибни белгилаш пайти келди», - деб қўшимча қилади у. 

Муталовнинг айтишича, бугунги кунда институт ўқув режалари, фан ва дастурларни ўқитиш, амалиётни ўташ масалаларида тармоқ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Айрим пайтда иш берувчи битирувчиларнинг ҳуқуқий билимлари етишмаётганини таъкидлайди, шартномалар тузиш, олди-сотди, режалаштириш ишларида кўникмаси йўқлигини айтади.  

Маълумот учун, Тошкент кимё-технология институти 1991 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ташкил топган. 1994 йилдан буён институт кимё-технология ихтисосликлари бўйича республикада таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Мавзуга оид