Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганча парадокс. Гумбурлашни эшитганлар овоз ҳақидаги хабарларни ёлғонга чиқаришди, овоз қаердан чиққани сирлигича қолмоқда
6 декабрь куни Наманган вилоятининг айрим ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли кучли гумбурлаш овозини эшитишди. Бу овозни вилоят ҳудудида бўлган Kun.uz мухбири ҳам, Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Ҳусанбой Алиев ҳам, «Мингбулоқнефт» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош муҳандиси Исроил Улуғханов ҳам эшитишди.
Шу куни ижтимоий тармоқларда турли ваҳимали хабарлар тарқалди. Дастлабки хабарларда ҳудуддаги газ қуйиш шохобчаларидан бири портлагани айтилди.
Аммо овоз Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Уйчи ва Чортоқ туманларида ҳам эшитилганди.
Дастлаб, телеграмдаги Daryo — LIVE канали Наманганда қандайдир гумбурлаган овоз (портлаш) тарқалгани, одамлар ваҳимадалиги ҳақида хабар тарқатди.
Kun.uz ўз манбаларига асосланган ҳолда бу овоз Мингбулоқ тумани ҳудудида нефть конидаги геологик қидирув ишлари билан боғлиқ экани ҳақида хабар берди.
Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Ҳусанбой Алиев ҳам «Мингбулоқ» конига бориб, гумбурлаш овозлари Мингбулоқда нефт қидириш ишлари билан боғлиқ эканини аниқлаган.
«Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги нархлар борасида доимий мониторинг юритаётганимиз учун бу хабарга ойдинлик киритиш қийинчилик туғдирмади. Мингбулоқ туманида бурғилаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда портлаш рўй бергани ҳақидаги тахминимиз тўғри чиқди. Ишчи гуруҳ билан биргаликда ушбу туманга бориб, воқеа жойини кузатиш натижасида ҳақиқатан ҳам нефт сизиб чиққани аниқланди. Мутасаддилар суҳбат давомида мазкур ҳудуддан нефт чиққанини тасдиқлаб, тегишли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бироқ ҳозир қанча миқдорда нефть чиққани ва кўлами ҳақида расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади», — дея унинг сўзларини келтирди Turon24 агентлиги.
Туман ҳокимлиги қабулхонасидаги исмини очиқлашни истамаган манба ҳам бу маълумотни тасдиқлаган ва мазкур ҳолат туманнинг Чордона маҳалласи ҳудудида рўй берганини билдирган.
Манбалар ҳодисадан кейин ҳудуд хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб олингани ва фуқаролар кириши чекланганини айтишди.
Бугун, 7 декабрь куни эса «Ўзбекнефтгаз» мазкур маълумотни рад этиб чиқди.
«6 декабрь куни бир қатор оммавий ахборот воситаларида «Мингбулоқ» конида портлаш содир бўлгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Биз шуни расман маълум қиламизки, бу хабар ёлғон ва асоссиз ҳисобланади. Айни вақтда «Мингбулоқ» конида ўзбекистонлик ва хитойлик мутахассислар штат режимида М-15 қудуғида иш олиб боришмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон фуқароларидан ишончли манбалар маълумотига эътибор қаратишни, журналистлардан эса тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик ва аҳолини чалғитмасликни сўраймиз», — дейилади компания хабарида.
«Ўзбекнефтгаз» очиқ ахборот сиёсати юритиши ва ОАВ билан ҳар доим ҳамкорликка тайёрлигини қўшимча қилган.
«Газета.uz» эса Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ушбу хабарларга муносабат сўраган.
Вазирлик маълумотига кўра, вилоят аҳолиси вакилларидан портлаш овозига ўхшаш баланд товуш эшитилгани ҳақида хабарлар келиб тушган, бироқ ҳозирча ҳодиса вақти ва жойини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
«Биз барча туман ва вилоят шифохоналарини текширдик, жабрланганлар йўқ. Шунингдек, барча газ қуйиш шохобчаларини ҳам текширдик, у ерларда ҳам портлаш бўлмаган. Геологлар билан суҳбатлашдик, улар ҳам ҳеч қандай геологик разведка ишлари олиб борилмаганини айтишди», — дея қайд этилган Ўзбекистон ФВВ хабарида.
Бу вақтда асосан Наманган вилояти ҳаётини ёритишга ихтисослашган Namcity.uz нашрида Daryo.uz, Turon24 ва Kun.uz сайтлари хабарларига раддия берилди.
«Ўйлаб гапириш ҳам санъатми?» сарлавҳали материалда «республика миқёсида кўп сонли аудиторияга эга бўлган интернет нашрлари ёлғон хабар билан ўқувчилари эътиборини жалб қилгани» айтиб ўтилади.
Хабарда вилоят ҳудудида ҳақиқатдан кучли гумбурлаш овози эшитилгани, бироқ бу овоз Мингбулоқ туманидаги нефть конидан чиқмагани таъкидлаб ўтилади.
«Мазкур сайтларда таъкидланган «Aйни вақтда ҳудуд хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб олинган ва фуқаролар кириши чекланган», деган ахборот мутлақо асоссиз. Чунки хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга ошириладиган бу ҳолат, аввало, ички ишлар тизими зиммасида. Ҳозирги кунга қадар шахсий таркибимиз бу каби ишларга жалб қилинмади, ҳамма ўз хизмат жойида. Қолаверса, туман бўйича олиб борган ўрганишларимиз натижасида ҳудудимизда ҳеч қандай портлаш содир бўлмаганини аниқладик», — дея Мингбулоқ тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Авазбек Хўжахановнинг сўзларини келтиради нашр.
«Янгиликларни интернет орқали ўқиб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Чунки, 6 декабрь куни соат 12:00ларда иш жойимда эдим ва бу ерда ҳеч қандай портлаш содир бўлмади, қолаверса, нефть сизиб чиқаётгани ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз. Аммо гумбурлаш овози бизга ҳам эшитилди», — деган «Мингбулоқнефт» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош муҳандиси Исроил Улуғханов.
«Демакки, берилаётган маълумотлар асоссиз ва тасдиқланмаган. Асосланмаган маълумот билан оммани алдаш эса халқ ишончини қозонаётган нуфузли нашрларга ярашмайди. Зеро, доно халқимиз топиб айтганидек, ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаааб сўзлайлик (наманганлик ҳамкасбларимиз хабар ёзиш техникасини бошидан ўрганишлари кераклиги кўриниб турибди). Чунки, сўзимизнинг ортидан эргашгувчи халқ кўнглига ғулғула солишдан ҳеч кимга фойда йўқ. Аксинча, одамларнинг ҳаловати ўғирлангани, асоссиз таҳликалар кўнгилни тинчсизлантиргани қолади, холос», — дейилади хабарда.
Наманган вилояти ИББ ҳам кичик маълумот берган: «Табиат ҳодисаси бўлиши ҳам мумкин деб эҳтимол қилинаётган бу ҳолат бўйича ҳозирда ўрганишлар давом эттирилмоқда».
ЎзА агентлиги эса бу маълумотларни тўлдириб, «Наманганда содир бўлмаган портлаш ҳақида» сарлавҳаси билан эълон қилди.
Kun.uz мухбири 7 декабрь куни Мингбулоққа бориб, кон ҳудудида бўлди. Кон ҳудудида фавқулодда ҳолат рўй бергани ҳақидаги хабарлар яна бир марта рад этилди.
Ҳозиргача кучли гумбурлашларга нима сабаб бўлгани ҳақида расмий ахборот берилмаяпти.
Овоз манбаи ҳақидаги ҳақиқатга энг яқин ягона ахборот ҳам тўлиқ рад этилмоқда ва шу билан биргаликда, овоз қаердан келгани бўйича муқобил вариант йўқ.
Бу навбатдаги парадокс — гумбурлаш овозини эшитганлар гумбурлаш ҳақидаги хабарни ёлғонга чиқаришмоқда.
Агар овоз Мингбулоқдаги кон ҳудудидан чиқмаган бўлса, қаердан чиққан? Ёки бошқа ёмонроқ воқеа бўлганми?
Агар бу овоз кондан чиққан бўлсаю, бу охир-оқибат тан олинса, унда ҳозир бу хабар нега оммадан яширилиб, журналистлар туҳматчига чиқарилмоқда?
Овозни бир эмас, икки эмас, юзлаб, минглаб, ўн минглаб кишилар эшитишган. Буни ўша одамларнинг хотирасидан ўчириб юбориб бўлмайди. Бу ҳақда ёзган нашрлардан ҳам хабарларни ўчириб юбориб бўлмаганидек.
Интернет замонида қандайдир ахборотни яширишга уриниш - абсурд.
Расмий маълумот берилмас экан, миш-мишлар болалашда давом этаверади.
Айрим ҳамкасбларимиз айблаётганидек, Kun.uz сайти шов-шув ортидан қувиб, ёлғон ахборот тарқатмади. Биз бўлмаган воқеани бўлди дея олмаймиз, биз ҳам эртага ёлғончига чиқиб қолишни истамаймиз, бир маълумотни эълон қилишдан аввал, журналистиканинг бош тамойилларига асосан бир эмас, икки эмас, керак бўлса, ўнлаб манбалардан суриштирамиз.
Зеро, Kun.uz учун ҳам ҳаққоний ахборот тарқатиш принципиал масаладир.
Шунинг учун, бу ўринда сайт хато ахборот тарқатди, деб ҳисобламаймиз. Фақат бу ерда давлат органлари аслида нима бўлганини яширмоқда, деган хулосага келяпмиз.
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
23:54 / 26.05.2025
Наманганда «Сўнгги қўнғироқ» вақтида қизларнинг сочи ёниб кетди
11:23 / 25.05.2025