Ўзбекистон | 13:09 / 08.12.2018
15521
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Жамиятимизда ҳанузгача боқимандалик кайфияти бутунлай барҳам топгани йўқ» 

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.

«Афсуски, жамиятимизда ҳанузгача боқимандалик кайфияти бутунлай барҳам топгани йўқ.

Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.

Кўзлаган марраларимиз қанчалик юксак ва машаққатли бўлмасин, уларга етиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Аждодларимиз мероси, халқимизнинг илмий ва бунёдкорлик салоҳияти ҳамда тадбиркорлик фазилати бизга бу йўлда беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.

Биз халқимизнинг фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун бундан буён ҳам бир тану бир жон бўлиб, бор салоҳият, билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз лозим.

Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотларимиз марказида бўлади.

Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид